Линклар

Тақирбошлар гуруҳлари судга тортилмоқда

  • Сарвар Усмон

Москвада 20 кишини ўлдирганликда айбланаётган скинхедлар гуруҳи устидан очилган жиноят иши бўйича тергов якунига етди. Шунингдек, Нижний Новгородда бир неча ўзбекистонликни калтаклаган ёшлар гуруҳи устидан жиноят иши судга оширилди.

Москва вилояти криминал милицияси ходимлари Москва ва Подмосковьеда 20 кишини ўлдирганликда гумон қилинаётган скинхедлар гуруҳини қўлга олгани тўғрисида 17 июнь куни хабар қилинган эди. Бироқ Россия Федерацияси Бош прокуратураси ҳузуридаги Тергов қўмитаси вакили Владимир Маркин “Интерфакс” ахборот агентлигига берган маълумотга қараганда, иши судга ошган гуруҳнинг 17 июндаги хабарга алоқаси йўқ.

Бу бошқа гуруҳдир. Бу гуруҳ ҳам 20 кишини ўлдирганликда айбланяпти.

Тергов қўмитаси вакилининг айтишича, бу гуруҳ 2007 йилнинг апрелида қўлга олинган. Екатеринбурглик Рино исмли 18 яшар талаба ўз шериклари билан рус бўлмаган 37 кишини ўлдирганини айтган. Тергов жараёнида Рино айтган қотилликларнинг кўпи тасдиқланган.

Россияда миллий нафрат асосидаги жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, 2005 йилда 47 киши, 2006 йилда 63 ва 2007 йилда 80 киши миллатчилар қўлида жон берган. Жорий йилнинг 5 ойида 57 киши ўлдирилди.

Бу рақамлар мазкур муаммони систематик тарзда ўрганиб келаётган Москвадаги “Сова” маркази қўлга кирита олган маълумотлардан ҳосил бўлган.

Ташкилот директори ўринбосари Галина Кожевникованинг билдиришича, тақирбошлар ва бошқа миллатчиларнинг қурбонлари аслида анча кўп бўлиши мумкин.

“57 – жуда озайтириб кўрсатилган рақам. Жиноятлар тўғрисидаги маълумотларни олиш жуда қийин бўлиб кетди. Ўтган йили ҳам шундай деган эдик. Лекин бу йил сира иложсиз бўлиб қолди. Жиноятлар тўғрисидаги хабарлар ОАВга етиб бормайди, ҳуқуқ-тартибот органларидан умуман маълумот олиб бўлмайди”,- деди Г.Кожевникова.

Скинхедларнинг жинояти қотиллик бўлгани учун жамоатчилик орасида ҳақли равишда шов-шув бўлиб кетади. Бироқ тақирбош миллатчиларга дуч келмаётган бошқа юз минглаб меҳнат муҳожирлари, жумладан, ўзбекистонликларнинг бошқа муаммолари борки, икки оғиз гап шу ҳақда.

Фарғоналик Тоҳиржон шу кунда Челябинск шаҳрида ишлаяпти. Унинг айтишича, Россиянинг милицияси миллатчидан ҳам ёмон.

“Миллатчиларга дуч келмаганман, лекин ëмон милициясига дуч келганман. Ëмон экан. Ҳужжатини кўрсатиб четга олиб ўтади ва уриб пулингизни олади. Агар ҳужжат бўлмаса: “Сенинг ëнингда ҳужжат йўқ экан. Мен сени депорт қилдираман. Сенинг бу пулни ëнингда олиб юришга ҳаққинг йўқ”, деб охирги пулгача олади. Ëмони бўлса ҳаммасини олади”,- дейди Тоҳиржон .

Тоҳиржон яқинда Рязанда иши юришмай қолгани учун Челябинскка қараб йўлга чиққани, поездда милиция ходимининг зўравонлигига дуч келгани айтиб берди.

“Поездда келаëтганимда милиция чиқди ва чўнтагимда борини чиқаришга буйруқ берди. Ҳаммасини чиқардим. Охиригача ечинтириб кўрди. Ҳатто трусигача ечиб кўрди. Сумкамни ҳам текширди. 300 рублим бор эди. Ўшанинг 200 рублини олиб қўйди. Бу поездда юрадиган милиция”,- деди Тоҳиржон.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов бир неча ойдан буён Россияда ҳамюртларига ҳуқуқий ёрдам бериб юрибди. Унинг тахминича, шу кунда Россияда миллиондан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

“Келган одамлар йўлиқадиган биринчи муаммо - ишга рухсатнома олиш. Иккинчиси, рўйхатдан ўтиш муаммоси. Ҳуқуқ-тартибот органлари Тожикистон, Қирғизистон фуқароларига нисбатан Ўзбекистон фуқароларини кўпроқ назоратга оляпти. Айтишларича, уларда шунақа кўрсатма бор экан”,- деди Ҳ.Ёқубов.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда йўлиқаëтган муаммоларини камайтириш учун Ўзбекистон ҳукумати қанақа чоралар кўриши мумкин ва кўриши керак?

“Тез-тез давлатлараро учрашувлар бўляпти. Шу муаммоларни давлат бошлиқлари кун тартибига қўйиб, маълум бир қарорлар қабул қилиши керак. Масалан, Москвада элчихонамиз бор. Бошқа жойларда давлат вакиллари умуман йўқ. Одамлар элчихона билан боғлиқ масалаларда ҳам катта муаммоларга дуч келяпти. Дейлик, Москвага Воронеждан ëки бошқа узоқ жойлардан келиши керак. Давлатимиз жойлардаги вакилларини кўпайтирса, яхши бўлар эди. Балки бу муаммоларни ечиш учун жамоат ташкилотларига рухсат берар? Шуларни бир қонунийлаштириш керак”,- деди Ҳ.Ёқубов.

Гап скинхедлардан бошланган эди. Демак, 1 июль куни пайдо бўлган хабарга қараганда, яқин кунларда Москва ва Нижний Новгород шаҳарларида миллатчи гуруҳлар устидан суд бўлади.

Жиноятчилар жазоларини олар. Бироқ миллионлаб меҳнат муҳожири дуч келаётган бошқа қатор муаммоларга амалдорларнинг лоқайдлиги учун жиноят кодексида жазо белгиланмаган.
XS
SM
MD
LG