Линклар

logo-print

Қозоғистонда ўзбек ишчилари ўгайлар сафида


Қозоғистонда МДҲ мамлакатларидан келган жами 455 минг фуқаро расман рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 214 мингини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилади.

Бу ҳақда маълум қилган Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Олег Ивашенко Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларида расмий рўйхатдан ўтган ўзбекистонликларнинг 8 мингдан кўпроғи бу мамлакатга хизмат юзасидан, 22 мингдан ошиғи ишлашга, 183 минг киши шахсий иш билан келганини билдирди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги мамлакатга қўшни давлатлардан кўп ҳолларда ноқонуний келаётган муҳожирлар оқими камаймаётганини гапирди. Бундан ташвиш изҳор қилган Ички ишлар вазирлиги қонунбузарларнинг аксарияти Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари эканини таъкидламоқда.

Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакатнинг кўпгина шаҳарларида ноқонуний ишлаб юрган мигрантлар, хусусан, ўзбек меҳнат муҳожирларини овлаш ва юртига бадарға қилиш ишларини фаоллаштириб юборганини кузатиш мумкин.

Бироқ Қозоғистонда яшаётган аксар муҳожирлар аслида бу ерда Ўзбекистондан келган ишчиларга эҳтиёж борлигини, аммо сўнгги пайтларда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабат совуқлашгани туфайли Қозоғистонда ўзбекистонлик муҳожирларга қарши кампания бошланиб қолганини эътироф этади.

“Каримовга нисбатан қандай муомала бўлса, халққа ҳам шунақа муомала бўляпти. Уни ўзбеклар тушуниши керак. Энди Қозоғистон нима қилсин, Каримов қарши бўлиб турибди бирлашишга. Умумий бозор бўлишига... Қарши бўлиб турса-да, бу ерда ўзбекистонликлар келиб ишлайман деса, яна келиб Каримовнинг гапини гапирса, Қозоғистонга ёқадими? Ҳеч кимга ёқмайди. Бу ёққа келгандан кейин биз мажбур бўлдик, у ерда аҳвол ёмон, дейиш керакми? Унақа демайди-да. “Биз келяпмиз, Қозоғистонни кўтармоқчимиз”, дейди. Улар эса ёрдамга зор эмаслигини айтади”,- дейди Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонликлардан бири.

Қозоғистон Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги мамлакатда хориждан келган малакасиз ишчилар кўпайиб кетгани боис, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, маҳаллий иш берувчи чет эллик ишчини ишга ёллашда унинг маълумоти ва иш стажини эътибор олишини мажбурий шарт қилиб қўйган. Кузатувчилар вазирлик шу йўл билан қўшни ўлкалардан келган ишчиларни меҳнат бозоридан сиқиб чиқариб, маҳаллий мутахассисларни иш билан таъминлашни мақсад қилганини айтади. Бироқ қозоғистонликларнинг ҳаммаси ҳам вазирлик расмийларининг бу қарорини олқишламайди.

“Танишларим орасида ўз уйини қуриш, уни таъмирлаш билан шуғулланувчилар кўп. Одатда улар бундай ишларга Ўзбекистон ёки Тожикистон фуқароларини жалб этишга ҳаракат қилади. Чунки айнан ўша кишилар ичида бўёқчилик, девор уриш каби ишларнинг ҳадисини олган моҳир усталар бор. Ўз хизматини таклиф қилаётган қозоғистонлик усталар эса ҳозирча бундай малакага эга эмас”,- дейди қозоғистонлик суҳбатдошлардан бири.
XS
SM
MD
LG