Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:55

Талаба бўлиш орзусидаги ёшларнинг шаштини синдирадиган хабар


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:hXzDLoYSSPyJvM:http://www.kochegarka.com/tashkent/big/big_foto_57.jpg Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов пули бир ярим баробар кўтарилмоқда. Янги ўқув йилида ҳар бир талаба тахминан 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида тўлов пули тўлаши лозим бўлади.

Куни-кеча “Фарғона.ру” ахборот агентлиги талаба бўлиш орзусида юрган ўзбек ёшларини суйинтириб, 2008/2009 ўқув йилида ўқишга кирган барча талабаларга биринчи курсда ўқиш мутлақо бепул бўлиши ҳақида хабар тарқатган эди.

Бироқ Ёшлар йили муносабати билан режалаштирилаётган бу тадбир ҳақида ҳозирча ҳеч қаерда расман эълон берилмади.

Буни ойдинлаштириш учун “Озодлик” мухбири Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилганида, у ердагилар бу маълумотни инкор қилди.

Вазирликдан олинган маълумотга кўра, Ижтимоий муҳофаза йили, деб эълон қилинган ўтган йилда кам таъминланган оила фарзандлари давлат ҳисобидан ўқишга олинган. Ёшлар йили муносабати билан талабаларга қандайдир имтиёз бўлиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ ва бу фақат кириш имтиҳонлари тугагач, Давлат комиссияси билан келишилган ҳолда ҳал қилиниши мумкин.

Лекин вазирлик вакиллари олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов пули бир ярим баробар кўтарилганлигини тасдиқлади.

Масалан, таълим йўналишлари, гуманитар фанлар ва санъат йўналиши бўйича бир йиллик ўқиш учун тўлов нархи 1 миллион 320 минг сўмни ташкил қилади. Ўтган йили тўлов нархи ўртача 600.000–700.000 сўм атрофида бўлган.

Андижонлик 20 ёшли Муродил Машарипов ўтган йили институтга кира олмаган. Унинг орзуси иқтисодчи бўлиш. Муродил тўлов пули қанча бўлишидан қатъи назар, ўқишга киришни режалаштирган.

Хоразмлик 20 ёшли Нурбек Эржонов эса тарихчи бўлиш ниятида. Институтга кириш учун икки йил давомида қилган ҳаракатлари бесамар кетгач, Нурбек пул топиш учун Козоғистонга келган. У мардикорлик қилиб, институтга кириш учун пул йиғяпти.

“Икки йилдан бери кира олмайман. Тайëрланиб ҳам кўрдим. Барибир кира олмадим. Энди ҳозир пул топяпман. Ўқишга кириш учун пулни олиб бораман”,- дейди Нурбек.

Талаба бўлиш орзусидаги бу ёшлар олий ўқув юртларида тўлов нархлари тахминан минг долларга кўтарилганини эшитиб ваҳимага тушаётир.

Минг доллар аксарият ўзбек оилалари учун топиш имконсиз бўлган миқдордаги пул. Талаба минг доллар атрофида ўқишига тўласа, бу ёқда унинг кийим-кечаги, овқати ва ўқув қуролларига ҳам пул керак бўлади. Яна транспорт харажатлари ҳам бор. Бугун кундалик овқатига зўрға пул топаётган ўзбек оилаларининг фарзандлари айнан шу боис олий таълимдан маҳрум бўлаётганини айтади ўзбекистонлик кузатувчи Тўрабек Сано.

“1000 долларни ҳамма ҳам тўлай олмайди. Аксарият ўзбек хонадонлари ўта ночор аҳволда яшайди. Бу аҳволда қандай қилиб талабалар 1000 доллар тўлай олади? Буни тўлашга кўпчиликнинг қурби етмайди ва бу дегани четга иш излаб чиқувчилар сони яна ҳам ошади. Масалан, Ўзбекистонда ўртача ойлик 100-120 доллар атрофида. Бунақанги вазиятда 1000 доллар топиб бериш ўлимдан ҳам қийин”,- дейди Тўрабек Сано

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат олий ўқув юртларидаги тўлов нархлари қўшни давлатлардагига нисбатан анча кам. Масалан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида энг кам тўлов пули йилига 6,0 минг долларни ташкил этади. Аммо Ўзбекистон ва Россия турмуш даражаси ўртасида жуда катта тафовут борлигини эътиборга олиш лозим. Шу билан бирга, Ўзбекистонда олий таълим учун тўлов пули мунтазам равишда ўсиб бормоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул қилинган талабалар сони 52 минг нафарни ташкил этган. Жорий йилда улар сони 6000га кўпаяди. Бу йил 20 мингга яқин талаба давлат гранти ҳисобига, 38 минг талаба эса пуллик шартнома асосидан ўқишга қабул қилинади. Жорий йилда бакалавриятга жами 58 минг ўрин ажратилган. Умумтаълим мактабларининг 11-синфини битирувчи ўқувчилар сони эса 180 минг нафарни ташкил қилади. Демак, уларнинг юз мингдан зиёди талаба бўлиш бахтидан бенасиб қолиши мумкин.
XS
SM
MD
LG