Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

ГУАМ энергия муаммоларини муҳокама қилди


Грузия, Украина, Озарбойжон ва Молдова расмийлари Грузиянинг Батуми шаҳрида йиғилди. 1 июль куни бу ерда номи зикр этилган давлатлар бириккан ташкилот – ГУАМ саммитининг биринчи иш куни бўлиб ўтди.

Ташкилот номи – ГУАМ унга аъзо давлатлар номлари - Грузия, Украина, Озарбойжон ва Молдова сўзларининг русча талаффуздаги бош ҳарфларидан тузилган.

2002 йилгача ГУАМ атамасида “у” иккита эди. Иккинчи “у” Ўзбекистонни англатар эди. ГУАМ аъзолари ўзаро ҳамда Ғарб билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни мақсад қилиб олган.

Таҳлилчилар ГУАМни постсовет ҳудудидаги бошқа бир ташкилот – Москва етакчилигидаги МДҲга посанги сифатида кўради.

ГУАМнинг Батуми саммити ишида Грузия, Украина, Озарбойжон президентлари қатнашмоқда.

Литва президенти Валдас Адамкус ва Польша президенти Лех Качинский, шунингдек, АҚШ ва Чехиянинг юқори лавозимли вакиллари олий даражали учрашувда кузатувчилик мақомида иштирок этмоқда.

Саммитга фақат Молдова президенти келмади. Унинг ўрнига Батумига ташқи ишлар вазири ўринбосари келди.

Кузатувчилар Молдова президенти Владимир Ворониннинг ГУАМга нисбатан бундай муносабати Москванинг Кишинёвга ўтказаётган босими билан изоҳламоқда.

Батуми саммити “ГУАМ - Европа шарқининг интеграцияси” деган оптимистик шиор остида ўтмоқда.

“Озодлик” радиоси грузин хизмати мухбири Ната Имедиашвилининг Батумидан хабар қилишича, саммит кун тартибидаги бош масала энергия таъминоти масаласидир.

“ГУАМга аъзо давлатлар вазирлари учрашувида Одесса-Броди-Гданск-Плоцк нефть қувури лойиҳаси муҳокама қилинди. Грузия энергетика вазири Александр Хетагурининг айтишича, мазкур лойиҳа ишга тушгач, Каспий ҳавзаси нефтини Украина ва ундан нари Европага етказиш имкони пайдо бўлади”,- дея хабар қилди Ната Имедиашвили.

ГУАМнинг кейинги йилларда Москва билан муносабатлари совуқлашиб кетган Украина ва Грузия каби аъзолари нефть ва газ таъминотида Россияга қарамликдан тезроқ қутулишга интилмоқда.

Озарбойжон энергетика ва саноат вазири Нотиқ Алиев ҳам саммит кун тартибида энергия билан боғлиқ муаммолар бош масала эканини таъкидлаб ўтди. Нефтга бой Озарбойжон 2006 йил қишида нефть қувурида авария юз бериб, Россиядан келаётган ёнилғи тўхтаб қолганида Грузияга зудлик билан ёрдам берган эди.

Грузия ва Озарбойжон президентларининг Батумидаги хонадонлардан бирига кириб, газ плитасини ёқиб кўрганини энергия таъминотининг ГУАМга аъзо давлатлар учун нақадар муҳимлиги яна бир бор таъкидлангани, деб тушуниш мумкин.

“Бу газнинг Озарбойжондан келаётгани менга қувонч бахш этмоқда. Бу муносабатларимизнинг, ҳамкорлигимизнинг белгисидир. Қисқа вақт ичида биз кенг миқёсли лойиҳани амалга ошира олдик. Келгусида Грузиянинг газлаштирилмаган бошқа ҳудудларига ҳам Озарбойжон гази етиб келишига ишонаман”,- деди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев.

Саммит якунида ГУАМга аъзо давлатлар расмийлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир бир қатор ҳужжатларни имзолаши кутилмоқда.

Кези келганда эслатиб ўтиш жоизки, ГУАМ ташкилотига бир пайтлар, 1999 – 2002 йиллар орасида Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган эди.

Ўзбекистоннинг ГУУАМга аъзолигини тўхтатиш тўғрисидаги қарорини ўз вақтида мамлакат ташқи ишлар вазирлиги “ташкилотнинг ортиқча сиёсийлашиб кетгани” ҳамда “қабул қилинаётган иқтисодий қарорларнинг бажарилмаётгани” билан изоҳлаган эди.
XS
SM
MD
LG