Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:19

Пойтахт кўчирилиши замиридаги сирлар


Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг муштарийлар ҳукмига ҳавола этилган янги китобида мамлакат пойтахтини Олмаотадан Остонага кўчириш тарихига бағишланган қайдлар турли фикрларга сабаб бўлмоқда.

Р.Алиевнинг янги китоби 6 июль - Остона куни нишонланиши арафасида эълон қилинди.

“Мен бу шоҳкўчалар ва осмонўпар биноларга қараб туриб, бу шаҳарнинг улуғвор келажагини тасаввур қилишга уринардим. Аммо улуғворлик ўрнига мен халқдан ўмарилган миллиардлар ва бебарокот ерга кўмилган пулларни кўрардим, холос...”, - деб ёзади Роҳат Алиев бундан 10 йил аввал Олмаота шаҳридан кўчирилган пойтахт Остона ҳақида.

Р.Алиев ўз китобида Қозоғистон пойтахтининг зудлик билан Олмаотадан аксар одамлар бориб яшашга журъат қилмайдиган Остонага кўчирилиш сабабларига тўхталади. Олмаотанинг Хитойга яқин жойлашгани ва қўшни мамлакатдан бўлажак хавф мавжудлиги ёки Олмаота шаҳри сейсмологик жиҳатдан хавфли ҳудудда жойлашгани шулар жумласидандир. Сабаблардан яна бири Остонада русийзабон аҳолининг кўплиги ва мамлакатнинг бу қисми Россия таъсири остида қолишидир.

Қозоғистонлик сиёсатчи Серикбўсин Абдилдин пойтахт кўчирилиши бўйича президентнинг парламент вакиллари билан ўтказган учрашувини эслар экан, марказни Остонага кўчириш юзасидан билдирилган сабаблар асоссиз бўлганини айтиб: “Ҳозир давлат бюджетининг энг асосий қисми Остонада кўмилиб ётибди ва менда: “Остонада сармоядорлар ҳисобига қурилаётган уйларнинг 70 фоизига ҳеч ким киритилмасин”, деган топшириқ бўлгани ҳақидаги маълумот бор. Остонада давлат бюджетидан пул ўғирлаш ва буни яшириш давлат раҳбари учун қулай бўлган”,- деди.

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаев эса Роҳат Алиев Остона шаҳрига бағишлаб ёзган китобини айнан 6 июль - пойтахт куни арафасида чоп этиш билан унинг сиёсий жиҳатдан тўғри йўл танлаганини ва бу президент учун қўштирноқ ичидаги кутилмаган совға бўлганини билдирди.

“Мен бу китоб ёки унинг кенгайтирилганроқ шаклдаги бир қисми кузга яқин, яъни сиёсий мавсум бошланган пайтда ўқувчилар қўлига етиб борганида каттароқ шов-шувга сабаб бўларди, деб ўйлайман”,- дейди Д.Сатпаев.

Бироқ Роҳат Алиевнинг собиқ қайнотасининг давлат мулкини талон-тарож қилишга қўл ургани ҳақидаги қайдлари ҳам Қозоғистоннинг 2010 йилда ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотга раислик қилишига тўсқинлик қилмайди.

Айни пайтда қозоғистонлик айрим кузатувчилар президент Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат олдида қилган хизматлари катта эканини эътироф этган ҳолда Остона шаҳрини барпо этганлик билан мақтаниш давлат раҳбарига обрў келтирмаётганини таъкидлайди.

“У элга хизмат қилган, халққа яхшилик қилган одам сифатида тарихда қолмоғи керак эди. Аммо у: “мен Остонани қурдим, мен уни барпо қилдим”, деб мақтаняпти. Ўйлашимча, Остона - бу Назарбоевдаги буюклик васвасаси ҳосиласидир, унинг қурилишидан халққа фойда бўлгани йўқ”,- дейди сиёсатчи Жасарал Қувонишали.
XS
SM
MD
LG