Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:07

Қочқиннинг рафиқаси тақдири ҳамон номаълум


Ўтган ҳафтада Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўзбек қочқини Ҳасан Темиров билан бирга қўлга олинган унинг рафиқаси Наргиза Жалилова тақдири борасида ҳамон аниқ маълумотлар йўқ.

Ҳ.Темировни ҳибсга олган маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан суҳбатлашган қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живаго прокуратура ходимлари қочқиннинг хотинини қўлга олмаганига ишонтиришганини билдирди.

Бироқ Ҳасан Темировни яқиндан билган кишилар ўзбек қочқини қўлга олинган пайтда унинг ёнида бўлган турмуш ўртоғи ҳам ушланганини таъкидламоқда.

Ҳасан Темиров яшаган уй эгасининг “Озодлик”ка маълум қилишича, Н.Жалиловани полициячилар қўйиб юборган, у уйига кетган.

Ҳасан Темировнинг танишлари сўзларига кўра, қочқин қўлга олингач, у Олмаотада яшаган уй эгаси ҳам маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан бир неча маротаба сўроққа тутилган ва шундан сўнг у журналистлар билан яқиндан мулоқот қилишдан қочмоқда.

Ҳ.Темировнинг қочқинликдаги дўстларидан бири Н.Жалилова озод қилиб юборилганига шубҳа қилади.

“Уни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари олиб кетган бўлиши мумкин. Чунки улар МДҲ ҳудудида бемалол юрибди”,- дейди суҳбатдош.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва махфий хизматлари Ҳасан Темировнинг оила аъзолари, хусусан, турмуш ўртоғи Наргизага ўтказган тазйиқи аёлнинг ўз юртига қайтиб кетгани ҳақидаги тахминларни йўққа чиқаради.

“Улар оғир аҳволда эди, ҳар томонлама қисилган эди. Уйларидаги мол-ҳоллари, қўйларигача ҳайдаб кетишганди. Ҳасаннинг ота-онаси нафақаларини узиб ташлаганди, ерларини тортиб олишганди. Ёғ ишлаб чиқарадиган жувозлари бор эди, уни узиб ташлашганди. Улар ҳар тарафлама қисиб ташланганди. Аёлларини олиб бориб бир ҳафта - 10 кунга қамаб қўйиб, мажбурлаб, зўрлаб, кўчада фоҳишаларга урдиртириб, анча қийнашганди”,- деди Ҳ.Темировнинг дўсти.
XS
SM
MD
LG