Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:30

Ҳибсдаги журналист устидан терговолди жараёнлари бошланди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:lR4O1zi9hiQkUM:http://gazeta.aif.ru/data/mags/longliver/86/pics/19_01_01.jpg Ҳибсга олиниб, Нукусдаги тергов изоляторида сақланаётганига роппа-роса бир ой тўлган мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг иши юзасидан терговолди жараёнлари бошланди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилган адвокат Баҳром Абдураҳмонов: “Бугун С.Абдураҳмоновнинг компьютеридаги материалларни ўрганишга киришилди. Икки-уч кундан кейин тергов ҳам бошланса керак”,- деди.

Бундан аввалги интервьюларида Баҳром Абдураҳмоновнинг дастлабки тахминларидан бири ҳам Солижон Абдураҳмоновнинг компьютеридаги маълумотлар билан боғлиқ эди. Яъни адвокат журналистга нисбатан сиёсий айбловлар ҳам илгари сурилиши мумкинлигини тахмин қилганди.

“Ҳаракатларидан улар наркотикка қизиқмаяпти. Уларни сиёсатга қарши ишлар қизиқтиряпти. Унинг уйидан қўлда ёзилган, ҳеч қандай имзо қўйилмаган иккита қоғоз чиққан. Унинг ичида давлатга қарши бир-иккита сўзлар ёзилган, шекилли. Кейин Муҳаммад Солиҳ ҳақида инглиз тилида ёзилган китоб ҳам чиққан. Лекин Солижон Абдураҳмоновнинг кўрсатма беришига қараганда, унинг бу нарсага алоқаси ҳам, хабари ҳам йўқ. Бироқ бу материаллар кейинчалик қўшимча модда бўлиб қўшилиши мумкин”,- деганди адвокат.

Бу тахминга Uznews.net сайти бош муҳаррири Галима Бухорбоева ҳам қўшилди.

Унинг таъкидлашича, Каримов режими Солижон Абдураҳмоновнинг овозини ўчириш мақсадида уни ҳибсга олган. Журналист айнан касбий фаолияти учун ҳибс этилган. Чунки у Қорақалпоғистон бўйича ягона халқаро журналист бўлиб, мамлакат ичкарисида туриб ҳақиқатни айтаётган саноқли журналистлардан биридир.

“Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши Каримов режимининг қўпол ва ифлос ўйинларидан навбатдагиси бўлиб, журналист қалбаки жиноятда айбланаётир”,- деди Галима Бухорбоева.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Миклош Харашти ҳам Ўзбекистондаги мустақил журналистларнинг қўрқитилиши ва таҳқирланиши воқеалари, жумладан, Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинганидан хавотир билдириб баёнот эълон қилди.

Бош қароргоҳи Германияда бўлган Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти ҳам С.Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинганидан ташвиш билдирди.

“Биз ташкилот номидан Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга мурожаатнома жўнатиб, Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олинишидан хавотир билдирдик ва унинг озод қилинишини сўрадик”,- деди ташкилот ижрочи директори Карл Хафен.

Германиядаги “Журналистик суриштирув” ташкилотининг элликка яқин журналисти ҳам С.Абдураҳмоновнинг тақдиридан хавотир билдирган.

С.Абдураҳмонов Нукусдаги тергов изоляторида бир ойдан буён сақланаётган бўлса-да, ҳалигача унинг устидан очилган жиноят иши бўйича батафсил маълумот олиш имкони бўлмаётир. “Озодлик” мухбирлари тергов органларига қилган мурожаатларнинг барчаси жавобсиз қолаётир. Маълум бўлган ягона маълумот С.Абдураҳмонов ҳибс этилган пайтда машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилгани, холос.
Солижон Абдураҳмонов “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир ҳам у Uznews.net сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири. Шунингдек, у беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатиб келяпти.
XS
SM
MD
LG