Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:59

Ўзбекистонлик аёллар фирибгарликда айбланмоқда


Куни-кеча Қозоғистоннинг Отров шаҳрида қўлга олинган ўзбекистонлик икки аёлга парихонлик билан шуғулланиш орқали маҳаллий аҳоли вакилларига фириб бериб, уларни алдаб пулини олганлик айби юкланмоқда.

Ўзбекистонлик экани айтилаётган парихон аёллар Отров бозорида кўзмунчоқлар сотиш, тошлар воситасида фол очиш билан шуғулланган. Улар уйма-уй юриб 1000 АҚШ доллари эвазига “хонадонларни ёвуз кучлардан тозалаб бериш” хизматини таклиф қилган. “Кўз теккан” хонадон эгаларини ғамдан фориғ қилиш учун эса фирибгарлар 500-600 доллар миқдорида ҳақ талаб қилган. Улар пул ўрнига тилла буюмлар ёки мобиль телефон аппаратларини ҳам олаверган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўлга олинган аёллардан 20 та мобиль телефон аппарати, катта миқдордаги пул ва тилла тақинчоқларни мусодара этган. Ҳозир фирибгар аёллар Отров тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Олег Ивашенко мамлакатда бу каби жиноятларнинг олдини олиш ёки уларни фош этиш ишлари жиддий олиб борилаётганини маълум қилди.

“Фуқароларни алдаш билан шуғулланиб келаётган фирибгар аёлларга нисбатан бизда жиноят қидирув йўналиши бўйича доимий равишда тадбирлар ўтказиб турилади. Уларнинг миллатидан қатъи назар, яъни у хоҳ лўли ёки рус фолбини бўлсин, уларни тутишга қаратилган тадбирларни доимо ўтказиб келамиз”,- деди Олег Ивашенко.

Бироқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари махсус чора-тадбирлар қўллаётганларига қарамай, одамларнинг бундай фирибгарлар қурбонига айланиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар камаймаяпти.
XS
SM
MD
LG