Линклар

Норасмий тақиқ Ўзбекистонни Қозоғистон бозоридан маҳрум қилади


Сўнгги кунларда Қозоғистон матбуотида Ўзбекистондан мамлакатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши юзасидан ўзбек расмийлари норасмий тақиқ жорий қилгани тўғрисида хабарлар чоп этила бошлади.

Жанубий Қозоғистон божхона назорати департаменти божхона даромадлари бошқармаси раҳбари Татьяна Якименконинг “Озодлик”ка билдиришича, ўтган йилнинг ярми давомида Ўзбекистондан 429 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импорт қилинган. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 9 минг 74 тоннани ташкил қилган. Демак, мева-сабзавот импорти олдинги йилдагига қараганда 20 баробар қисқарган.

“Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга норасмий тақиқ жорий этгани ички бозорни мева-сабзавотга тўлдириш билан изоҳланмоқда. Ўзингиз кўриб турибсиз, бу йил бозорларимизда мева-сабзавот нархлари ўта юқори. Агар Ўзбекистондан маҳсулотлар келиб турганида бозорларимизда нархлар пасайган бўларди”,- Татьяна Якименко.

У Ўзбекистон норасмий тақиқ борасида Қозоғистонга изоҳ бермаганини маълум қилди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, Ўзбекистон Қозоғистонга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тақиқлашига сўнгги пайтларда икки давлат раҳбарлари орасида пайдо бўлган совуқ муносабат ҳам сабабдир. Аммо бу масаланинг ўз ечимини топмаётганида нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон тарафининг ҳам айби бор.

“Қозоғистон томони ҳам, Ўзбекистон томони ҳам бир-бирига тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилаётгани ва Қозоғистоннинг ўзи Ўзбекистон маҳсулотларини киритмасликка қўл ураётгани ҳақида ҳам хабарлар юрибди. Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистонга ташрифидан кейин у ерга Тожикистон президенти ҳам борди. Унинг ташрифлари бир маротабадан кўпроқ бўлиб, ҳозиргача давом этяпти. Қозоғистон кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотларини Тожикистондан олишга ҳаракат қиляпти. Тожик фермерлари ва тадбиркорларига Қозоғистон бозорларида имкониятлар туғдириб бериш тўғрисида кўрсатмалар берилаётгани кўпчиликка маълум”,- дейди Комрон Алиев.

Қозоғистонлик таҳлилчи Жайхун Абдуллаев эса Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қўшни давлатларга қонуний равишда олиб чиқиш жуда қийинлиги бу соҳага масъул расмий идоралардаги мавжуд бюрократик тизимга боғлиқлигини айтди. Ҳозир Ўзбекистон расмийлари ички ва ташқи бозор учун зарур бўлган мева-сабзавот миқдорини мониторинг қилмай, унинг қўшни давлатларга экспорт қилинишини изоҳсиз тақиқлангани эса тушунарсиздир.

“Ўзбекистон томонининг бундай ҳаракатларида қандайдир сиёсий мотивлар яширинган бўлиши мумкин”,- дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Бироқ ҳозирнинг ўзида Қозоғистон бозорларида Ўзбекистондан келтирилаётган мева-сабзавот ўрнини узоқ хориж давлатлари маҳсулотлари эгаллаётгани ва бу жараён жуда тез ва фаол амалга оширилаётганини билдирилаётган аксар қозоғистонлик таҳлилчилар бу, аввало, ўзбекистонлик тадбиркорларга жиддий зиён келтириши мумкинлигини таъкидлайди.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати кейинчалик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига норасмий тақиқни бекор қилиши мумкин, бироқ у пайтгача ўзбекистонликлар Марказий Осиё бозорларидаги ўз ўрнини йўқотиб қўйиши хавфи ҳам мавжуд.
XS
SM
MD
LG