Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

Кундош адвокат устидан ҳукм ўз кучида қолди


Жорий йилнинг 4 июль куни Андижон вилояти судининг апеллация судлов ҳайъати адвокат Маъмура Мўминовага нисбатан чиқарилган дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдириш бўйича ажрим чиқарди.

32 ёшли М.Мўминова рашк туфайли кундошини ўлдирганликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Лекин Маъмуранинг яқинлари унинг айбсиз эканини таъкидламоқда.

Маъмуранинг онаси Ойимхон Мўминованинг айтишича, қизи сохта жиноятда айбланяпти.

Маъмура илк турмушидан ажрашгач, Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида нуфузли лавозимда ишлайдиган бир шахс билан беш йилча дон олишиб юрган. Ойимхон ая қизини шу шахс қўрқитиб, шаръий никоҳига олган, деб ҳисоблайди.

“Бу Исроил Мадраҳимов Андижондаги мафиялардан бўлса керак. У Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. У қизимни қўрқитиб ўзига хотин қилиб олди. Биз буни билиб қолиб, қизимни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилдик. Лекин у қизимни қўрқитиш орқали ўзи билан юришга мажбур қилди. Агар мен билан яшамасанг, сени Андижондан йўқотиб юбораман, деб қизимни қўрқитган у”,- дейди Ойимхон Мўминова.

Айблов хулосасига кўра, М.Мўминова кундоши Гулбаҳорни ваҳшийларча ўлдирган, яъни уни бошқарувидаги автомобиль билан қасддан туртиб юборган ва у йиқилиб боши тошга теккан. Оқибатда Гулбаҳор шифохонада оламдан ўтган. Маъмура эса жиноятни яшириш учун ўзига ўзи олти марта пичоқ урган.

Ойимхон Мўминованинг содир этилган жиноят бўйича ўз тахмини бор. Яъни Ойимхон аянинг сўзларига кўра, Маъмурага кундошининг ўғли пичоқ урган. Маъмура эса машинани бошқара олмай кундошини машина билан туртиб юборган. Жиноятни хаспўшлаш, яъни амалдорнинг ўғлини оқлаш учун Маъмурага жиноятни тўнкашган.

Маъмура Мўминованинг адвокати Жамолиддин Азимов ҳам жиноят сохталаштирилган, деб ҳисоблайди.

“Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Энг биринчиси, аёл киши ҳеч қачон ўзига олти марта пичоқ ура олмайди. Мен буни мутахассислар билан гаплашдим. Шу мутахассисларнинг фикрлари бор. Лекин судда уларга эътибор берилмади. Қўйилган айблов бўйича бирорта модда билан айби исботланмаган”,- дейди Жамолиддин Азимов.

Маъмура Мўминова иши юзасидан Андижондаги ҳуқуқ-тартибот органларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Куни-кеча салкам уч ойга чўзилган апелляция жараёни ҳам ниҳоясига етди. Яъни суд дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган маълумотга кўра, Маъмура Мўминовага очилган жиноят иши бўйича тергов жараёнини ўтказган уч шахсга нисбатан ишни сохталаштириш айби билан иш қўзғатилган. Яъни суд жиноят иши сохта экани, иш билан шуғулланган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг мансаб суиистеъмоллигини тан олган, аммо ҳукмни ўзгартирмаган.

Шу ўринда масаланинг бошқа бир жиҳати, яъни қўшхотинлик масаласига эътиборни қаратсак. Маъмура иккинчи хотин бўлган шахснинг Андижонда катта бир мансаб эгаси бўлгани айтилади.

Ўзбекистон қонунларига кўра, қўшхотинлик тақиқланади. Лекин ўзи ҳуқуқ-тартибот соҳасида ишлагани айтилаётган бу мансабдор шахснинг қўшхотини борлигидан наҳотки барча бехабар бўлган бўлса?! Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардор бўлган бир кузатувчининг таъкидлашича, мамлакат қонунлари мансабдор шахсларни четлаб ўтади ёки қонунлар фақат улар фойдасига ишлайди, холос.
XS
SM
MD
LG