Линклар

Расмийлар Когонда ҳаёт маромига қайтаётганини айтмоқда

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:lVkXrwRNpRcivM:http://www.itar-tass.com/img/news_img_12857466_0006.jpg Ўзбекистон расмийлари Когондаги вазиятни тўлиқ назорат остига олганини айтаётган бир пайтда расмий маълумотлардан фарлиқ ўлароқ бу ердаги портлашда ўнлаб одам ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Когондаги қурол-яроғ омбори портлагани оқибатида 3 киши ўлган. “Ўзньюс.нет” мухбири эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб 27 киши қурбон бўлгани, уларнинг аксарияти ҳарбийлар экани тўғрисида ёзди. Шунингдек, ҳарбий қисм яқинидаги кўп қаватли турар жой биноси яшовчилари ҳам портлашдан жиддий зарар кўрган.

Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг матбуотга маълум қилишича, эвакуация қилинган аҳолига вақтинча турар жой, озиқ-овқат берилган, керакли ёрдам кўрсатилмоқда.

“Ҳеч қандай ваҳима йўқ. Когонда ҳаёт ўз маромига қайтмоқда”,- дея билдирди вазир.

Жанубий-ғарбий ҳарбий округ қўмондони Қобул Бердиев эса ҳодиса жойида бош вазир Шавкат Мирзиёев бошқараётган ҳукумат комиссияси, сапёрлар ва ёнғинга қарши кураш қисмлари ишлаётганини маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар сони ҳақида янги маълумотлар йўқ. Аммо мустақил манбалар Бухоро вилоятида фавқулодда ҳодиса қурбонлари сони расмий рақамлардан анча кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Бухорадаги телевидениеси ходимларидан бирининг сўзларига кўра, Когон шаҳри қуршаб олинган. Унга ҳеч ким киритилмаяпти.

Бухородаги нафақахўр аëл эса “Озодлик” билан суҳбатда вазият изга тушаëтгани, эвакуация қилинганлар аста-секин уйга қайтаëтганини гапирди.

Маълум бўлишича, 10 июлга ўтар кечаси Бухородан 12 км узоқликдаги Когон шаҳрида жойлашган вертолётлар базасида аввал ёнғин содир бўлган. Ҳарбийлар ўтни ўчира олмаган. Кейин ёнғин вертолётлар қисми яқинида жойлашган артиллерия омборларини қоплаган.
XS
SM
MD
LG