Линклар

Когондаги портлашлар жаҳон матбуотида


10 июлдан бошлаб Когон шаҳридаги портлашлар кўплаб хорижий ахборот воситаларида асосий мавзулардан бирига айланди. Маҳаллий матбуот эса қисқача хабарни ҳисобга олмаганда деярли жимлик сақланмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, “Ўзбекистон” телеканалидаги “Ахборот” дастурида берилган қисқача маълумотдан ташқари маҳаллий ОАВда воқеа тафсилотлари деярли ёритилмади. Расмийлар портлаш натижасида уч киши ҳалок бўлгани, 21 киши жароҳат олганини маълум қилди.

Россия матбуоти портлаш воқеасига анча яқиндан ёндашди. Лекин бирорта ҳам матбуот воситаси Ўзбекистон расмийларидан маълумот олишга муваффақ бўлмади. Шу боис, барча матбуот воситалари ўз манбаларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Россиянинг “1-телеканали”даги “Новости” дастури маълумотига кўра, Когондаги портлашдан ўнлаб уйлар ва темир йўл вакзали вайрон бўлган. Юзлаб одамлар жароҳатланган.

“Россия” телеканалининг “Вести” дастури эса булардан ташқари шаҳардаги маҳаллий шифохона ҳам вайрон бўлгани, Когондан 12 километр узоқликдаги уйларнинг деразалари портлаш кучидан чил-парчин бўлгани ҳақида хабар қилди.

ВВС радиоси ўзбек хизмати Когондаги портлаш натижасида қурбон бўлганлар сони расмий маълумотдагидан анча кўп бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бу борада ВВС мустақил манбалар маълумотига таянади.

uznews.net сайти эса портлашлар оқибатида камида 60 одам жароҳатлангани, Бухородан Тошкентга қараб чиқиш умуман имконсиз экани, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияснинг Бухоро бўйича рейслари тўхтатилгани ҳакида ёзади.

“Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида эса бу каби маълумотларнинг барчаси ёлғон экани ҳақида гапирилди.

“Айрим хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситалари турли шов-шувларга сабаб бўлувчи ёлғон маълумотлар тарқатаётгани ачинарли ҳолдир”,- дейилади дастурда.

ЎзА орқали 11 июль куни тарқатилган маълумотга кўра, Когонда одамлар уйига қайтмоқда. Когон тумани ва умуман Бухоро вилоятида ҳаёт ўз маромида давом этмоқда.

Лекин Россиянинг “1-телеканал”и “Новости” дастури орқали ўтган тунда ҳам Когонда навбатдаги портлашлар бўлгани ва ракета-артиллерия омборида ёнғинлар давом этаётгани маълум қилинди.

uznews.net эса портлаш бўйича уч тахминни илгари суради. Биринчи тахминга кўра, Когон темир йўл станциясида тасодифан ëнилғи цистернаси портлаб кетган ва кейин ёнғин омборхонага ўтган. Ёки эҳтиётсизлик оқибатида вертолëт базасидаги қурол-аслаҳа омборида ёнғин чиқиб портлашларга сабаб бўлган.

Шунингдек, uznews.net бу портлашларнинг теракт бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни ҳам илгари суради.
XS
SM
MD
LG