Линклар

Ўрта ер денгизи иттифоқи келажагига шубҳа бор

  • Фаррух Юсуфий

Якшанба куни Ўрта ер денгизи соҳили ва Европа Иттифоқидаги 40дан ортиқ давлатлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва бошқа мулозимлари Ўрта ер денгизи иттифоқини таъсис этиш учун Парижга йиғилди.

Кун тартибидан минтақавий барқарорлик, иммиграция ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби масалалар ўрин олган саммитга Франция президенти Николя Саркози мезбонлик қилмоқда.

Саммитдан олдин қилган баёнотида Н.Саркози янги иттифоқни ташкил этишдан мақсад: “Ўрта ер денгизи атрофидаги давлатлар ўзаро нафрат-адоватларимиз ва урушларимизга барҳам бериб, бир-биримизни севишни ўрганишимиздан иборатдир”, деди.

Н.Саркози бу гапларни Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ва Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ўртасидаги учрашувдан кейин айтди.

“Ўрта ер денгизи иттифоқи кеча Сурия ва Ливан раҳбарлари билан бўлгани каби энг турли ва энг мураккаб муаммолар бўйича сўзлашувлар ўтказиш учун имкониятдир. Чунки Ўрта ер денгизи иттифоқи бу тинчликдир ва Исроил билан Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатилиши керак”,- деди Франция раҳбари.

Бу борада аллақачон ижобий силжишларга эришилди ҳам. Шанба куни Сурия ва Ливан президентлари Башар Асад ва Мишел Сулаймон билан алоҳида сўзлашувларни ўтказиб бўлгач, Н.Саркози икки президент ўзаро элчихоналар алмашишга рози бўлганини эълон қилди.

“Мен Сурия президенти Башар Асаднинг Ливанда дипломатик ваколатхона очиш нияти ҳамда Ливаннинг Сурияда дипломатик ваколатхона очиш режаси Франция учун қанчалик муҳим тарихий қадам эканини таъкидлашни истардим”,- деди Н.Саркози.

Ливан ва Сурия ўтган асрнинг 40-йиллари ўрталарида Франциядан мустақил бўлганидан бери ўзаро тўлақонли дипломатик алоқалар ўрнатмаган.

Башар Асад франциялик ҳамкасби ундан Эрон билан яхши муносабатларидан фойдаланиб, Теҳроннинг ядровий дастурига оид халқаро бўҳронни ҳал этишга ёрдам беришни илтимос қилганини билдирди.

“Президент Саркози мазкур масала ечимида иштирок этишимизни илтимос қилди. Одатда биздан бу борада фикримизни сўраларди, бу сафар эса Эрон раҳбарлари билан гаплашишимиз илтимос қилиняпти. Бизга маълум бўлишича, ҳарбий тусга эга бўлган ядровий дастурларнинг ўзи йўқ ва албатта, биз ҳам Яқин Шарқда оммавий қирғин қуроллари пайдо бўлишига қаршимиз”,- деди Б.Асад.

Танқидчилар ташкил этилажак янги иттифоққа шубҳа билан қарамоқда. Масалан, улар Яқин Шарқ тинчлик жараёни каби кўп йиллик тарихга эга келишмовчиликлар масалалари бўйича аниқ ечимлар йўқлигини айтмоқда.

Париж саммитини бойкот қилган ягона президент - Ливия етакчиси Муаммар Каддафий янги иттифоқни колониализмнинг янги кўриниши, деб атади.

Саммитга ўз делегацияларини юборган баъзи давлатлар, масалан, Исроил ва Сурия, Исроил ва Фаластин ҳамда Сурия ва Ливан ўртасида ҳам қатор келишмовчиликлар мавжуд.
XS
SM
MD
LG