Линклар

Ҳуқуқ фаоли руҳий шифохонадан чиқди


4 июль куни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси аъзоси Вадим Ольсевич руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилди. У бир ой давомида мазкур шифохонада мажбуран даволанган.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг “Озодлик”ка маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги 1-руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран даволанган Вадим Ольсевичга нисбатан мажбурий тиббий муолажалар қилинган. Унга оғриқли уколлар, психотроп препаратлар қўллашган ва уни президент номига шикоятлар ёзгани учун койишган.

Ҳозир Вадим Ольсевич Тошкентдаги сил касалликлари шифохонасида даволанаётгани боис, “Озодлик” у билан боғлана олмади.

Елена Урлаеванинг билдиришича, Вадим Ольсевич маълум вақтдан буён альянс аъзоси бўлиб фаолият кўрсатяпти.

“Вадим Ольсевич Тошкент шаҳри ва вилоятида сил касалликлари бўйича мониторинг ўтказади. У шифохоналарда шароитларнинг ўта ёмонлиги, беморларни кўнгилдагидек даволамасликлари, беморлар орасида ўлим ҳолатларининг кўпайиш сабаблари бўйича чиқишлар қилган. Бу чиқишлар альянс томонидан матбуот орқали ёритилган. Вадим Ольсевич ўз имзоси билан президент номига ва юқори ташкилотларга кўплаб шикоят аризалари йўллаган. Айнан шунинг учун Вадим Ольсевични руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран жўнатилган, деб ҳисоблайман”,- дейди Елена Урлаева.

Е.Урлаева маълум вақт аввал ўзи ҳам руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран даволагани, ўша пайтда унга ва икки йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран сақланаётган Жамшид Каримовга нисбатан ҳам мажбуран психотроп моддалар қўлланганини айтди. У бунга уларнинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти сабаб бўлганини билдирди.

Айни пайтда альянснинг икки фаоли мамлакатдаги босим ва таъқиблардан қочиб, Ўзбекистонни тарк этган. Улардан бири Абдулла Тожибой ўғли.

“Ўзбекистонда альянс томонидан кўплаб визиткалар, буклетлар чиқарилиши, бизнинг 3 ой давомида Бош прокуратура олдида ўтказган давомли пикетларимиз ва сафимиз кенгайиши, ўз-ўзидан маълумки, Ўзбекистон раҳбарияти кўнглига ғулғула солди. Яъни бунинг кучга айланиб кетаëтганидан қўрқди. Оқибатда пикетчиларга нисбатан ҳар қанақа провакациялар ўтказила бошланди. Бизни судраб, уриб автобусларга тиқиб ИИБ бўлимларида ушлаб ўтиришлар ва охирги пайтларда маъмурий жавобгарликка тортишлар давом этди”,- дейди А.Тожибой ўғли.

Айни шу боис, Абдулла Тожибой ўғли альянснинг бошқа бир фаоли Адҳам Шоймардонов билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон президентлигига ўз номзодларини кўрсатиш ниятида бўлган бу икки ҳуқуқ фаоли айни пайтда қўшни давлатлардан бирида яширинган бўлиб, БМТ қочқинлар идорасига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG