Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:12

АҚШда ўзбекни отган йигит ушланди


АҚШнинг Кливлэнд шаҳрида ўзбек миллатига мансуб Фазлиддин Ёқубовни отганликда гумон қилиниб 18 ёшли Уильям Нил (William Neal) исмли йигит қўлга олинди.

Фазлиддин Ёқубов жорий йилнинг 20 июн куни ёқилғи қўйиш шaҳобчасида номаълум шахслар томонидан отилиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилганди.

Айни воқеани миллий нафрат асосида содир этилганлиги ҳам ўрганилаётир. Бироқ ҳозирча полиция бу тахминни инкор қилмоқда.

18 ёшли Уильям Нил 3 июл куни ҳибсга олинган. Кливлэнд судяси Уильям Нилга бир миллион гаров пули тайинлади. Уилям Нил Кливэнддаги ёқилғи қўйиш шaхобчасида икки ўзбек эмигрантига қурол билан ҳужум қилганликда гумон қилиниб ушланган.

Cleveland.com сайти тарқатган маълумотга кўра, полиция расмийси Калвин Уильямс айбланувчи детeктивлар ўтказган сўроқ пайти қўлга олинганлиги билдирган.

20 июнь кунги воқеа ёқилғи қўйиш шахобчасидаги видеокамералардан бирига ёзиб олинган. Ўша куни ота-бола Ёқубовлар ёқилғи қуйиш шахобчасидан машинасига бензин қуйиш учун келишади. Ўша кунги воқеани 22 ёшли Фарҳод Ёқубов шундай эслайди:

“20 июнь куни кечқурун соат 11-11.30лар атрофида уйга кетаëтиб бензин олиш учун АËҚШда тўхтадик. Биз машинадан тушдик ва мен пул тўлаш учун навбатга турдим. Дадам машина тарафда эди. Кейин 4-5 та бола келди. Дадам билан гаплашиб турганимизда тилимиздан кула бошлашди. Сўкинишди. Бўлмаса биз уларга ҳеч нарса деганимиз ҳам йўқ. Дадам унақа инглиз тилини ҳам билмайди. Дадам машина тарафга ўтди ва мен бензин солаëтган пайтда 9 марта ўқ овози эшитилди”.

Полиция видеокамера тасвирини ўрганиш натижасида ота-бола Ёқубовларга қарата 8 марта ўқ узилганлигини аниқлаган. Ўқлардан иккитаси Фазлиддин Ёқубовга теккан. Бир ўқ қорнига кириб чиқиб кетган. Иккинчиси биқинига тегиб, ҳозир сонига тушиб турибди.

Ҳозир Фазлиддин Ёқубов шифохонада даволанмоқда. Унинг соғлиги анча яхшиланган. Шунингдек, Фарҳод Ёқубов “Озодлик”ка берган интервьюсида отасига миллий нафрат асосида ўқ узган бўлишлари мумкинлигини тахмин қилади. Унга кўра, ота-бола ўзбек тилида гапиргани гуруҳ аъзоларининг жиғига теккан бўлиши мумкин.

“Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ отишди. Билмайман, улар нима деб ўйлашди. Қўлида пистолети бўлганига ўзим ҳам тушунмай қолдим. Ëнимизда пул бор эди. Машина эшиги катта очиқ эди. Пулни ўғирлаши ëки машинани олиб қочиши мумкин эди. Йўқ, улар фақат отишди ва кетишди. Баъзилари бизни Кореядан ëки Япониядан деб ўйлаб устимиздан кулишади. Баъзилари араб деб ўйлайди. Баъзилари тилимизни эшитиб қолиб эрмак қилишади. Мусулмонлигимизни кўрса, дейлик, онам рўмол ўрайди, тинмай масхара қилишади. Энди яхшилари ҳам бор. Лекин пасткашлари ҳам кам эмас”,- деди Фарҳод Ёқубов.

Сleveland.com сайти маълумотига кўра, маҳаллий полиция раҳбари Майкл Мкграси ва Федерал тергов бюроси махсус агенти Скот Уильсон жиноятнинг миллий нафрат асосида содир этилмаганини билдирган.

Бироқ ҳозирча бу тахмин расман бутунлай инкор қилингани йўқ.

Шу ўринда Россиядаги рус ирқчилари ҳаракатига доир айрим маълумотларни келтириб ўтсак. Москвадаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, жорий йилда миллатчилик негизида 152 та жиноят содир этилган бўлиб, оқибатда 69 одам оламдан ўтган, 170 га яқин киши оғир жароҳатланган.

Кейинги пайтда рус ирқчиларининг ҳаракатлари кучайгани, улардан, асосан, Марказий Осиё халқлари жабр кўраётгани кузатиляпти.
XS
SM
MD
LG