Линклар

logo-print

Алишерга тирикчилик қимматга тушди

  • Фаррух Юсуфий

Прагадаги қурилишлардан бирида юз берган фалокатда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси Алишер Холдоровнинг ҳамюртлари майтни жўнатиш учун керакли маблағ ва ҳужжатларни тўплаб бўлди.

Асли андижонлик Алишер 3 июль куни Прагадаги қурилишлардан бирида бошига тахта тушиб кетиб, шифохонага ётқизилган ва икки кун ўтиб ҳушига келмасдан вафот этганди.

“Маблағ йиғилди. Шу ерда ëру биродарлар ëрдамлашдик. Худо хоҳласа, бугун-эрта жасадни уйига жўнатамиз. Жўнатиш масаласи бу ерда ҳал бўляпти. Керакли ҳужжатлар ҳам қилиняпти”,- деди Прагада шлаётган ўзбек мардикорларидан бири Аҳмад ака.

32 ёшли А.Холдоров Прагага икки йил аввал тирикчилик илинжида келган ва қурилишларда ишлаб юрган. Унинг уч фарзанди қолиб кетди.

“Рўзғорим, оилам дейдиган бола эди. Энди мана шунақа кунлар мусофирчиликда бошига тушибди. Аллоҳ унинг аëлига ва фарзандларига сабр-тоқат берсин. Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин”,- дейди Аҳмад ака.

А.Холдоров Чехияда мардикорлик қилаётган минглаб ўзбекистонликлардан бири эди. Унинг ҳаётини олиб кетган фалокат тафсилотларини гапириб берган Прага полицияси мутасаддиларидан бири “Озодлик” билан суҳбатда:
“3 июль куни соат 10.50да Катерина кўчасида қурилаëтган меҳмонхона қурилишида А.Холдоровнинг бошига 16.5 метр баландликдан тахта ортилган сават тушиб кетган. У дарҳол шифохонага олиб келинган. Воқеа содир бўлган қурилишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаган. Бу воқеа тергов қилинмоқда. Иш ҳали ëпилгани йўқ”,- деди.

Майитни ватанига қайтариш қурбон фуқаро бўлган давлат элчихонаси зиммасида эканини қўшимча қилди Прага ички ишлар идораси мутасаддиси.

Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси вакили “Озодлик” билан суҳбатда А.Холдоровнинг майитини ватанига қайтариш бўйича юридик ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

“Менимча барча керакли ҳужжатлар тайëр бўлди. Ҳужжатларни олиб кетишди”,- деди элчихона расмийси.

Масаланинг молиявий томонини эса, айтиб ўтилганидек, Алишернинг собиқ тақдирдошлари - ўзбек мардикорлари ҳал қилди.

“Тасодифда бу ҳам. Касал бўлиб қолиш бор, бевақт вафот этиш бор. Иссиқ жонда барибир. Шу боланинг оиласи орзу-ҳавас кўра олмади. Тўйлар қила олмади .Биринчи навбатда, бу ерда ойлик яхши. Пулни яхши тўлайди. Ҳамманинг ўзига яраша орзу-ҳаваси бор. Биттаси уй қуриши керак, биттаси тўй қилиши керак”,- дейди Прагадаги ўзбек мардикорларидан бири Аҳмад ака.

Турли маълумот ва ҳисоб-китобларга кўра, бугун тирикчилик илинжида Ўзбекистонни тарк этган ўзбекистонликлар сони 3 миллиондан 8 миллионгача бўлган рақамни ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG