Линклар

logo-print

Газ қимматлашидан ким куйинсин-у, ким суюнсин?

  • Сарвар Усмон

“Газпром” концерни раҳбари Алексей Миллер Россия бош вазири Владимир Путин билан учрашув чоғида “Марказий Осиё мамлакатларидан сотиб олинадиган газ нархи келаси йили икки баравардан зиёдга ортиши”ни маълум қилди.

Бу хабарни эшитган ҳар бир ўзбекистонлик кўнглида камида иккита савол пайдо бўлиши мумкин:

Россияга сотиладиган газ қимматласа, у мамлакат ичида ҳам қимматлаб кетмайдими?

Газнинг қимматлаши туфайли ҳукумат кўпроқ валютага эга бўлиш учун экспорт ҳажмини кўпайтириб юбормайдими? Натижада мамлакат ичида газ тақчиллиги кучайиб кетмайдими?

Москвадаги UniCredit-АТОН инвестиция ширкати таҳлилчиси Артём Кончиннинг айтишича,Ўзбекистон Россияга бир йилда 7 миллиард куб метр газ сотади.

Қиёслаш учун маълумот: Туркманистон Россияга бир йилда 42 миллиард куб метр газ сотади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиевнинг айтишича, Ўзбекистондаги охирги маълумотларга қараганда охирги йили 61 миллиард куб метр газ қазиб олинган. Бундан 20-22 миллиард куб метри экспорт қилинади.

Тахминан 20 миллиард куб метрнинг 7 миллиардини Россия, қолганини атрофимиздаги давлатлар сотиб олади, яъни Тожикистон, Қирғизистон ва қисман Қозоғистон.

Шу кунда “Газпром” неча пулдан сотиб оляпти Ўзбекистон газини?

Москвадаги UniCredit-АТОН инвестиция ширкати таҳлилчиси Артём Кончин жорий йилнинг биринчи ярми учун битта нарх, иккинчи ярми учун бошқа нарх бўлгани, ўртача 140 доллардан, десак бўлаверишини айтди.

“Газпром” раҳбари Алексей Миллер бир неча кун аввалги чиқишида Россиянинг Европага сотадиган гази нархи 500 долларга кўтарилиши мумкинлигини айтганди (Россия Марказий Осиёдан сотиб олган газини ўзи ёқмайди, балки Европага сотади).

Хўш, мана шундай шароитда Ўзбекистонга “Газпром” конкрет неча пулдан тўлайди, деб сўрадик москвалик таҳлилчидан.

“500 долларнинг 30 фоизи пошлиналарга, 100 доллари транспорт харажатларига сарфланади, демак, 250 доллар атрофида қолади”,- дейди москвалик таҳлилчи Артём Кончин.

250 доллар Алексей Миллер айтганидай, “икки баравардан зиёд” бўлмаса-да, принципда ёмон пул эмас.

Ўзбекистон ҳукумати пулга қизиқиб экспорт ҳажмини кўпайтириб юбориб мамлакатда ички истеъмол учун қолдирилаëтган газнинг ҳажми камайиб кетиш эҳтимоли йўқми?

Ўзбекистонлик кузатувчи Комрон Алиев, албатта, бундай хавф борлиги, лекин бундай вазиятда энг яхши йўл газни тежаб ишлатиш эканини билдирди.

“Тежаб ишлатилгани, албатта, яхши, бироқ қиш мавсумида ўша тежалиши керак бўлган газнинг ўзи ҳам етарли бўлмайди-да. Чунки биз яхши биламиз - вилоятларда доимо газ етишмайди, қиш пайти иситиш имкониятлари кам бўлади. Шунинг билан бирга, газ ўтмаган қишлоқларимиз ҳам етарлича”,- дейди Комрон Алиев.

Излаганимиз жавобларнинг барчасини деярли топиб бўлдик.

Фақат битта савол қолди: Россияга сотилаётган газнинг қимматлаётганидан оддий ўзбекистонлик суюнсинми, суюнмасинми?
XS
SM
MD
LG