Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

Апрель “қаҳратони” заҳри ҳали ҳам кетгани йўқ


Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрининг 10 йиллигига бағишланган тантаналарда минтақанинг барча президентлари қатнашган бўлса-да, Ўзбекистон раҳбари унга бормаганди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос, “Ўзбекистон” телерадиоканали сиёсий шарҳловчиси Қобилбек Каримбеков Ислом Каримовнинг Остона шаҳри юбилейига бормаганини тушунтирар экан: “Ўйлайманки, дипломатияда бундай ҳолатлар бўлиб туради. 10 йилликка бориш зарур, деб топилмаган бўлса, буни давлат раҳбарларининг ўзлари келишади. Лекин апрель ойида президентимиз давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлди. Жуда юқори даражада учрашувлар бўлиб ўтди”,- деди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев фикрича, Қ.Каримбеков эслаётган айнан ўша сўнгги учрашув чоғида икки қўшни давлат раҳбарлари орасига совуқчилик тушди.

“Назарбоев билан Каримовнинг охирги учрашувини, натижаларига кўра, жудаям яхши учрашув бўлди, деб бўлмайди. Ҳатто, балки Каримовнинг баёнотлари туфайли, Назарбоевнинг ғашини келтирган учрашув бўлди, дейиш мумкин. Масалан, Назарбоевнинг Марказий Осиё иттифоқи тузиш ғоясини Каримов танқид қилган эди. Каримовни Назарбоев Остона шаҳри юбилейига таклиф қилмаган бўлиши ҳам мумкин, қолаверса, 6 июль Қозоғистон президентининг туғилган куни ҳам эди, бундай шахсий байрамга эса одамлар одатда кўргиси келган кишини чақиради”,- деди Дўсим Сатпаев.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам Ислом Каримовнинг бир девор қўшниникига тўйга чиқмагани Тошкент-Остона муносабатларида кейинги ойларда кузатилаётган совуқликнинг мантиқий натижаси, деган фикрда. У ҳам совуқлашув апрелда бошланганини айтди.

“Каримовнинг Остонага апрель сафаридан бери ўзбек-қозоқ муносабатлари жуда ҳам совуқлашган. ОАВда жуда кўп маълумот берилдики, Каримовнинг сафаридан кейин Ўзбекистонда Қозоғистон бизнесига, Қозоғистон инвестициясига жуда ҳам босим кучайган. Май ойи давомида, элчихона томонидан шундай маълумотлар берилган эди, Қозоғистоннинг тахминан 200га яқин бизнесига босим ўтказилди. Ундан олдинроқ эса Тошкентдаги Қозоқ миллий марказининг муаммолари пайдо бўлган эди. Айтиш мумкинки, апрель сафаридан кейин янги бир совуқлик бошланди. Бу совуқлик даври ҳали ўтиб кетгани йўқ. Назаримда, бунинг учун анчагина вақт талаб қилинади”,- деди К.Раббимов.

Аслида эса, сиёсатшуноснинг айтишича, бу икки қўшни давлат ўртасидаги совуқчилик сабабларини Остона билан Тошкент ўртасидаги лидерлик талашувидан изламоқ керак.

“Бугунги кунда шундай сиëсий кураш жадал тус олган: МОнинг лидери ким? Ўзбекистонми, Қозоғистонми, деган бир курашув шу пайтгача ҳам давом этяпти. Андижон воқеаларидан кейин сиëсий ва иқтисодий нуқтаи назардан Назарбоевнинг дипломатик қобилияти натижаси сифатида Қозоғистон лидер ўлароқ тан олинди. Лекин барибир бу кураш давом этяпти ва кейинчалик ҳам давом этади. Бу ерда ҳамкорликдан кўра носоғлом рақобатлашув жуда ҳам кучли”,- деди К.Раббимов.

Бироқ сиёсий шарҳловчиси Қобилбек Каримбеков Тошкент-Остона муносабатлари истиқболига некбинлик билан қарамоқда.

“Ўйлайманки, Ўзбекистон-Қозоғистон алоқалари ривожланиши минтақамиз барқарорлигига, биринчи навбатда, Орол муаммоси, экология, халқаро терроризм, экстремизм муаммоларини биргаликда ҳал қилишда натижа беради. Ўйлайманки, алоқаларимиз яхшиланади ва янада ривожланади. Кўз тегмасин”,- дейди Қ.Каримбеков.
XS
SM
MD
LG