Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

Сафдошлари Турғуновга сохта жиноят юкланаётганини таъкидламоқда


Мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли ва “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов уч кундан буён Нукусдаги тергов изоляторида сақланмоқда. Сафдошлари ва ҳамкасблари товламачилик айби қўйилган А.Турғунов сохта жиноятда айбланаётганини таъкидлаётир.

Нукус шаҳри ички ишлар бўлими ходими Аъзам Турғунов аввал хабар қилинганидек 11 июль куни эмас, 12 июлда қўлга олинганини билдирди. Аммо у бошқа маълумот беришни истамади.

Мавжуд маълумотларга кўра, А.Турғунов қорақалпоғистонлик бир аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Нукусга борган. Аъзам Турғуновга ўша аёлнинг иши бўйича жавобгар томон ишни тўхтатиш учун 500 минг сўм пора беришга ҳаракат қилган ва ҳуқуқ ҳимоячиси худди шу вақтда ҳибсга олинган.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг таъкидлашича, Аъзам Турғуновни ҳибсга олиш учун Ўзбекистон ҳукумати анчадан буён тайёргарлик кўриб келаётганди.

“Мен бундан бир ярим йил аввал Аъзам Турғуновдан хат олдим. Аъзам Турғунов ўз хатида жуда қийин вазиятда ишлаётгани, уйи доимий назоратда экани, суд жараёнларига киритилмаётгани ҳақида ёзган. Лекин Аъзам Турғунов ҳеч қачон бошини эгмади. Унинг охиригача курашишга бел боғлагани бошқалар учун ўрнак бўлишга арзирлик”,- деди Надежда Отаева.

“Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ҳам партия фаоли Аъзам Турғуновнинг сохта жиноятда айбланиб ҳибсга олинганини таъкидлади.

“Ҳар қандай фаолият, одамларнинг дардини енгиллаштириш учун, одамлар ва ҳукумат орасида бўлаëтган зиддиятни фуқаролар фойдасига ҳал қилиш учун бўлаëтган ҳаракатларнинг ҳаммаси, ҳукумат учун зарарли. Шунинг учун ҳам ҳукумат бундай фаолиятни ўзига қарши баҳолаган. Аъзам Турғунов гўë товламачилик айби билан ҳибсга олинган. Аъзам Турғуновни бирор жойда қонунни бузганликда айблаш мумкин эмас. Аъзам Турғунов ҳуқуқни яхши билган. Милициялар қандай қилиб қамаши мумкинлигини яхши билган дўстимиз. Ўйлайманки, иншооллоҳ, бу айбловлар унга ëпишмайди ва ҳукуматнинг бу найранги тез кунларда фош бўлади”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Аъзам Турғунов кейинги пайтларда бир қанча судларда ҳимоячи сифатида қатнашиб ғолиб чиқаётганди. Айниқса, у Қорақалпоғистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан содир қилинаётган қонунбузилишлар ҳақида халқаро матбуот орқали кўплаб чиқишлар қилгани ҳукуматнинг ғазабини қўзғаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Аъзам Турғунов ҳибсга олинишидан бироз фурсат аввал «Озодлик»ка берган интервьюсида бу борада гапириб: «Қорақалпоғистонда Ўзбекистон қонунлари ўта даражада сурбетлик билан бузиляпти. Ҳатто милициялар фуқароларнинг уйига ҳеч қанақа ҳужжатсиз, формасини рўкач қилган ҳолда бостириб кириб, мулкини талон-тарож қилиш ҳоллари кўп учраяпти. Бунга прокуратура ҳам, суд ҳам сурбетлик билан лоқайд бўляпти. Ўзбекистон қонунларини менсимаслик ва бузиш билан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол қилишяпти. Манғитдаги мактабга прокурорнинг ўзи болалар олдида ўқитувчиларга зўравонлик қилиб, буйруқ бериб болаларни ҳимоя қилиш ўрнига уларни пахтага олиб чиқиб кетяпти»,- деганди.

Аъзам Турғунов аввал ҳам товламачиликда айбланиб, икки йил қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Агар у яна қамалса, рецидивист сифатида унга қийноқлар қўлланилишидан хавотир билдирмоқда сафдошлари.

Аъзам Турғунов билан боғлиқ айни ҳолатда масаланинг яна бир жиҳати эътиборни тортади.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистонда кейинги пайтда мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоллари айнан товламачиликда айбланиб ҳибсга олинмоқда.

Фарғоналик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳам дастлаб товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик унга нисбатан Жиноят кодексининг 16 та моддаси бўйича айблов эълон қилинганди. Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиси 72 ёшли Исоқ Абдуллаевга қўйилган 18 модданинг биттаси товламачилик бўлса, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси фаоли наманганлик Муҳаммадали Қорабоев ҳамда жиззахлик журналист Улуғбек Хайдаров ҳам товламачиликда айбланиб қамалганди.

Мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси 60 ёшли Норбой Холжигитов ҳам товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакили жиззахлик Аъзам Фармонов айни шу айб билан 9 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва Жаслиқ қамоқхонасига ташланган.
XS
SM
MD
LG