Линклар

Матлуба Азаматова: “Ўзимда журъат топганимдан афсусланмайман”

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:F_B5DEuGQypnUM:http://jadid.pp.net.ua/_nw/0/32016.jpg Эртам турар паранжига ўраниб, Келажагим булутларнинг ортида, Ҳув олисда хаëллардан яралиб, Умид келар оппоқ тулпор отида. “Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бу галги қаҳрамони шоира, журналист ва сиëсий қочқин Матлуба Азаматова.

“Ўтган 18 йиллик даврда мен алданиш, айрилиқ, мусофирлик машаққатлари билан юзма-юз бўлдим”,- дейди Матлуба.

- Ўзбекистонда севги, ижод ва умуман кечинмалар ҳақида ëзадиган кўп ижодкорлар ва шоирлар бор. Лекин халқ дардини ëритадиган, уни бугун қийнаëтган муаммоларни ечишга ҳаракат қиладиган одамлар жуда ҳам кам. Қўлидан келадиган журналистларда ҳам журъат етишмайди. Мен ана шу журъатни ўзимда Ўзбекистонда топганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман.

Матлуба Азаматова ўтган асрнинг 90-йилларида Москвадаги Олий адабиëт курсларида таҳсил олиб Тошкентга келди. Совет Иттифоқи каби катта салтанат оëғи осмон бўлиш арафасида турар, Тошкентдаги Ёзувчилар уюшмаси чўп тиқилган ари ини каби алғов-далғов эди.

- Тошкентда ишлаб юрган пайтимда ҳаëт билаб хаëл ўртасида катта фарқ борлигини англадим. Ëзувчилар уюшмасида жойлашган “Эрк” халқ демократик партияси, “Туркистон” ҳаракатлари фаоллари кўпроқ менга таъсир қилди, деб ўйлайман. Ҳаëтнинг янги поғонасига қадам қўйганимни ҳис қилдим.

Матлуба кўзга яқин, шўх, шаддод қиз эди. Тақдир сўқмоқлари уни андижонлик милиционер билан учраштирди. Кошки учрашмасайдим, деб эслайди Матлуба.

- Ҳаëтимдаги катта хатоларимдан биттаси бўлса керак, деб ўйлайман. Биласиз, ижодкор халқи кўпроқ ҳиссиëтларга бериладиган инсонлар бўлади. Ўша пайтларда кўпроқ ижод билан машғул эдим. Кўп нарсаларни қаламга туширишга ҳаракат қилар эдим. Ëзувчилар уюшмасида ишлаëтган пайтимда Фарғонага сафарга келдим. Ўша пайтда пулимни ўғирлаб қўйишди. Шунинг орқасидан милицияга боришга тўғри келди. Шаҳар ички ишлар бўлимида ишлайдиган терговчи менга биринчи бўлиб: “Турмушга чиққанмисиз?” деб савол берди. Ўша пайтда жуда ҳам шўх пайтларим эди. Мен: “Йўқ, вақтим бўлмаяпти. Ишлар кўп”, дедим. Иккинчи саволи: “Менга турмушга чиқасизми?” деган савол бўлди. Мен бу саволни ҳам жиддий қабул қилмадим ва: “Аввал сиз совчи жўнатинг, кейин ўйлаб кўрамиз”, дедим. Шу билан суҳбат тугади. Мен бу суҳбатни унутиб Тошкентга қайтдим ва иш фаолиятимни давом эттирдим. Бирдан Андижондан уйимдагилар: “Яқинда тўй бўлади. Қачон қайтасан?” деб телефон қилиб қолишди. Мен ҳайратдан лол қолдим. Чунки милиция терговчиси билан бўлиб ўтган суҳбат хаëлимдан кўтарилиб кетган эди. Уйдагилар ҳам қандайдир таъсир ўтказишди. Ўзинг рози бўлганинг учун совчилар келди, дейишди. Шундан кейин фотиҳа қилинди. Ўзбекларда фотиҳани бузиш катта бир гуноҳ. Кейин бу нарса қиз бола номига уят ҳисобланади. Шунинг учун тақдирга тан бермасликнинг иложи йўқ, дейишди. Мен ҳам рози бўлдим. Ўша пайтда кўпчилик назарида юристлар, милициялар, ҳуқуқни ҳимоя қиладиган одамлар покиза, жиддий инсонлар, деб қабул қилинар эди. Мен катта хато қилганимни тўйнинг биринчи куниëқ англаб етдим. Лекин бу хатони тўғрилашнинг иложи йўқ эди. Мен у жуда ҳам ëмон одам эди, демоқчи эмасман. Биз бир-биримизни умуман тушунмас эдик. Ижодкор нуқтаи назаридан қандайдир менинг кўнглим жуда ҳам нозик эди. Унда бу нарсалар аксинча тескари эди. Ҳазилни тушунмас эди ва ҳамма нарсани жиддий қабул қилиб, ўзини қўлига олишга ҳаракат қилар эди. Назорат жуда ҳам кучли эди. Мен бунақа ҳаëтга ўрганмаган эдим. Ўртада катта тафовутлар юз берди. Бунда менинг ҳам айбим бор, деб ҳисоблайман. Хуллас кўнгил дарз кета бошлади.

Кейин эса турмуш баланд-пастлари. Бирин-кетин туғилган фарзандлар.

- ББС ва Уруш ва тинчликни ëритиш институтининг Фарғона вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлар эдим. Шу пайтларда ҳаëтимда катта инқирозлар юз берди, десам ҳам бўлади. Турмуш ўртоғим бу нарсани умуман тушунмади. Бизнинг ажрашишимизга сабаб менинг касбий фаолиятим, десам тўғри бўлади. Унгача бир-биримизни тушунмаслик бор эди. Айнан хориж матбуотига хизмат қила бошлаганимдан кейин ўртамиздаги тафовут жуда ҳам кучайиб кетди. Чунки унинг назарида чет эл матбуотига хизмат қилаëтганлар ватан хоини эди. У бу йўлдан мени қайтаришга бир неча марта ҳаракат қилди. Бунинг ўртасида бир неча марта катта жанжаллар келиб чиқди. Мен ўзимнинг йўлимдан қайтмадим.

Олий адабиëт курсларини битирган шоира қиз Матлуба гул ва булбул, шабнам ва шудринглар ҳақида шеър ëзиши мумкин эди. Аммо у ББС, Уруш ва тинчликни ëритиш институтлари билан ҳамкорлик қилиб, эл дардини ошкор қилувчи хабарлар ëза бошлади.

- Ўзим учун ўзимнинг ўрним борлигини ҳис қилдим. Чунки мен ҳар бир ëритаëтган мақолаларим натижасини кўра бошладим.

Ўзбекистон сиëсий тарихидаги энг фожиавий бўлган Андижон фожеасига бир-икки кун қолган эди.

- Андижонда акрамийликда айбланаëтган 23 та тадбиркор устидан суд бўлиши керак эди. Бу суд жараëнлари февралда бошланган эди. Мен айблов хулосаларини ўқиб чиқдим ва менда бир қизиқиш уйғонди. Февралдан бошлаб суд жараëнларини ëрита бошладим. Тадбиркорлар қўлида ишлаган одамларни топиб, улар билан суҳбатлашдим. Кўп нарсаларни тушуна бошладим. Қўлимдан келганча бу судни ëритишга ҳаракат қилдим.

Матлуба бўзчининг мокисидек Андижон ва Тошкент орасида бориб келар эди. Матлуба ëзаëтган хабарлардан хавотир ҳиди анқирди.

- Акрамийликда айбланаëтганлардан ҳаммасининг қариндошлари: “Биз, албатта, бекор ўтирмаймиз. Биз катта намойиш қиламиз”, деб айтган эди.

2005 йилнинг 13 май эрталаб тонг саҳарда Матлубанинг мобил телефони жиринглади. Андижон исëнчиларидан бири марҳум Шарифжон телефон қилаëтган эди.

- 13 май куни эрталаб соат 6ларда Қамчиқ довонига етиб келдик. Ўша ерда менга Шарифжон Шокиров телефон қилди. Уни қўзғолон лидерларидан, деб таърифлашган эди. У Андижонга тезда етиб келишимни сўради. У: “Биз ҳокимиятни олдик. Келиб шуни ëритинг. Бизнинг халқдан яширадиган сиримиз йўқ. Охирги чорани қўллашга мажбур бўлганимизни бутун дунë билиши керак”, деб айтди. Мен қайтиб боришга имконим йўқлиги учун Тошкентга келдим. ББС ходимлари воқеаларни ўша ердан туриб ëритишимни айтишди.

Кун ўртасига бориб Шарифжоннинг дунëга фожеа ҳақида мужда етказиб турган овози узилди. Телефондан тинмай тириллаëтган ўқлар овози янграр эди.

- Эсимда бор, Шарифжон билан охирги суҳбатимизда: “Одамларни шунчалик ҳам ваҳшийларча ўлдиришадими”, деган овозлари ҳалигача қулоғим тагидан кетмайди. Энг охирги ëзув Шарифжон Шокиров билан бўлди. 40 минутча гаплашдик. Умуман овоз ўчди. Ўша пайтда Шарифжоннинг бир қўлига мерган ўқи тегиб, телефон узоққа отилиб кетган экан.

Андижон воқеаларидан кейин Матлуба мамлакатдан чиқиб кетишга шошилмади. Ўз журналистик фаолиятини давом эттирди. Ўқлар илма-тешик қилган Андижондаги Бобур майдони, Боғишамолдаги минглаб қабрлар... Бу қабрлар ҳақида хабар берган гўрковнинг сирли ўлими. Шоир тили билан айтганда, бу кунлар хотираси хаëл кўзгусидан ўчмайди сира.

- 13 майдан кейин мен июнь ойигача Ўзбекистонда туриб фаолиятимни давом эттирдим. Июнь ойига қадар Андижон воқеаларини ўрганишга ҳаракат қилдим. 13 майдан кейин бир неча кун ўтгач, Андижонга бордим ва Боғишамолга бориб қабристонни кўрдим. Ўша ерда аҳоли билан, Шарифжон Шокировнинг оила аъзолари билан суҳбатлашдим. Биз борган пайтда гўрков ўлдириб кетилган вақт эди. Боғишамолда аза чиқаëтган жуда кўп уйларни кўрдик.

Андижонда ўз халқини отишга буйруқ берган ҳукумат айбловчиси Набиев журналистлар айбдор, деган таҳдидли иддаони овозлантирди. Матлуба бошқа журналистлар қатори мамлакатни тарк қилди. Аммо икки кўзи орқасида кетди. Ўз ерин қўйиб хорижга юзланмоқ Матлубага катта бахтиқаролиқдай кўринди.

-
Менда барибир Ўзбекистонга қайтиш нияти бор эди.

Матлуба баландпарвоз баëнотлар бериб, муҳташам бир тарзда яна Ўзбекистонга қайтди. Аммо илгариги Ўзбекистон эмас эди бу. Ҳар ерда айғоқчи, ҳар бир бута тагида пойлоқчи. Хато қилганини тушунган Матлуба Ўзбекистонни бутунлай тарк қилди.

- Мен булар ҳақида умуман айтишни истамайман. Бошга тушганини кўз кўрар, дейди. Ўша пайтда менинг бошимга жуда кўп кулфатлар, ташвишлар тушди, десам бўлади. Туғишган акамдан ажралдим ўша пайтда. Яқинларим дийдоридан маҳрум бўлдим. Мен Ўзбекистондан чиқиб кетиш, қайтиб боришлар ҳақида эслашни истамайман. Менга ëрдам берган одамлар яна қамоқхонада бўлишини хоҳламайман. Менга ëрдам берганлар оддий одамлар. Улар менинг мисолимда ҳақиқат ўчиб кетишини истамаëтган одамлар эди. Ўшалар ëрдами бўлмаганда мен ҳеч қачон Ўзбекистонни тарк эта олмаган бўлардим.

Кейин учта тож расми туширилган оппоқ самолёт Матлубани абадий қорлар маскани Швецияга элтди. Қочқин мақомидаги ижтимоий таъминотга асосланган мўътадил ҳаëт денгизига ғарқ бўлди Матлуба.

- Янги жамиятга келиб, янги ҳаëт бошлашнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, мен ўзим ижодкорман. 2005 йил воқеалари ҳаëтимга жуда катта таъсир қилди. Бу ерга келгандан кейин ҳатто менда тушкунлик, депрессиялар бўлди.

Фазоларнинг қай бурчагига фикри билан етадир инсон, аммо не бор ўз юрагида, билмай ўтиб кетади инсон. Доимо бировлар ҳақида ëзган Матлуба учун ўз дардини сўзлаш ўнғайсиздай туюлди.

- Одам ўзининг шахсий кечинмалари ҳақида гапириши жуда ҳам оғир.

Сиз бошдан кечирган ҳаëтни бошқаларга, хусусан, фарзандларингизга ҳам раво кўрармидингиз, деб сўрайман суҳбатдошимдан.

- Фарзандларим кичкиналигидан қийинчилик кўриб катта бўлган. Бугунги кун уларга қанчалик қимматга тушганини яхши билишади. Улар бу кунларни кўришини истамасдим. Улар бошқа болаларга нисбатан кўп қийинчиликларни бошдан ўтказишди, мусофирчиликни бошдан кечиришди. Бу ерга келиб эрта улғайиб қолишди.

Ғурбатнинг қоп-қоронғу кечаларида Матлуба юрагида ҳеч ухламайдиган ва кундан кунга катталашаëтган бир туйғу бор. У ҳам бўлса соғинч.

- Юрагимда ватанга нисбатан соғинч йиллар сари ўчиш ўрнига баттар алангаланиб кетяпти. Шу ҳақда Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатлашганимда у киши айтган эди: “Ҳаммамизда ҳам ҳозир ватан синдроми бўлади. Кейин аста-секин бошқача жамиятга мослаша бошлайсиз”. Мослашиш бошқа нарса. Шу мамлакатда яшаб, унинг қонунларини ҳимоя қилиш бошқа нарса. Кун бўйи югуриб юриб одамлар билан суҳбатда бўлган, бугун тоғда бўлса, эртага далада бўлган журналист учун бошқа фаровон жамиятга келиб бир жойда михланиб қолиш қийин бўлади.

Матлуба бир пайтлар ëзган шеърларини қайта ўқийди. Эски сатрлар янги маъно касб қилади.

Танҳоликда яна ғамлар ютаман,
Қуëшнинг нурлари ҳам сўнади.
Йўқ тушкунлик, мен эртамни кутаман,
Ҳумо қуши бошгинамга қўнади.
XS
SM
MD
LG