Линклар

Самуэл Это’О “Қурувчи”га ўтиши мумкин

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистоннинг “Қурувчи” футбол жамоаси “Барселона” ва Камерун терма жамоаси етакчи футболчиларидан бири Самуэл Это'Они сотиб олмоқчи. Бироқ бу трансфер баҳоси ҳозирча маълум эмас.

“Қурувчи” бу ҳақда ўзининг расмий сайтида эълон қилар экан, мамлакатда футбол ривожи учун навбатдаги қадамни қўяётгани ҳақида билдирган.

Қурувчи футбол жамоаси вакилининг “Озодлик”ка айтишича, Самуэл Это'O 17 июль куни Тошкентга келади ва шартнома имзолаши мумкин.

“Барселона” клубининг ўзи эса бу хабарларни рад этмоқда. Жамоа матбуот вакили Самуэл Это'Онинг бу қилмишидан хабари йўқ эканини айтди.

“У ҳозир таътилда эканини биламиз. Жуда яхши ўйинчимиз у. Лекин Самуэл Это'Онинг Ўзбекистонга ўтаётгани ҳақда клубимиз ҳеч қанақа маълумотга эга эмас”,- деди “Барселона” футбол клуби матбуот вакили.

Самуэл Это'O 2004 йилда “Мальорка” клубидан “Барселона”га 24 миллион евро эвазига ўтган.

“Қурувчи” вакилларининг билдиришича, Самуэл Это'O билан шартнома қиймати масаласи ҳам футболчининг Тошкентдаги музокаралари пайтида ҳал этилади.

“Бу борада биз жўяли маълумотга эга эмасмиз. Бизнинг таъсисчи ҳомийларимиз бу пулни тўлаяпти”,- деди клуб вакили.

“Қурувчи” жамоасининг асосий ҳомийси “Зеромакс” ширкати ҳисобланади. Ўзбекистоннинг нефть ва газ саноатида катта улушга эга бўлган “Зеромакс” президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан назорат қилиниши айтилади.
XS
SM
MD
LG