Линклар

Дадахон Ҳасан: “Ичим тўла қўшиқ, аммо айтишга имкон йўқ”

  • Абдулла Искандар

Марғилонга тўйга борган таниқли ҳофиз ва мухолифатчи Дадахон Ҳасан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилиб, унга қўшиқ айтиш бутунлай тақиқлангани маълум қилинди.

Дадахон Ҳасан: Битта қўшиқ ҳам айтганим йўқ эди, бир пиëла чой ҳам ичганим йўқ эди. Марғилон шаҳри ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлимидан Рустамжон исмли йигит келиб, мени тўйхонадан олиб кетди. Тўғри шаҳар ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари Раҳмонали деган йигитга рўпара қилди. У киши тўйда ашула айтмаслигимни қатъий тайинлади. Мен “Нимага қўшиқ айтмас эканман. Бу ўзимнинг юртим. Қўшиқ айтиб катта бўлганман. Қўшиқ айтаман деб атайлаб Тошкентдан келдим” десам, “Қўшиқ айтсангиз мастлар, нашавандлар чиқиб ижтимоий-сиëсий исëнкор қўшиқларингиздан айтиб беришни сўрайди. Сиз айтиб юборсангиз тўполон, кўтарилиш, исëн, инқилоб ва ғалаëн бўлади”, деди. Мен уларга “Тарихларда ўқиганмизки, ҳеч бир халқ қўшиқ эшитиб кўчага чиқиб исëн қилгани йўқ. Айниқса, бизнинг ўзбек ўлдирилган халқ, ўлдирилган оломон. Буларнинг қўшиқ таъсир қиладиган жойи кесиб ташланган. У ҳеч қачон қўшиқни эшитиб таъсирланиб ғалаëн қилмайди”, деб тушунтирсам тушунишмади. Йўқ дейишди. “Буйруқ шундай, бизга топшириқ шундай бўлган”, деди. “Энди агар яна Марғилонга тўйга келсангиз Марғилон шаҳри ИИБ бошлиқ ўринбосари ўртоқ Обидовдан рухсат сўрайсиз. Шу киши рухсат берса, тўйга кирасиз. Акс ҳолда кирмайсиз”, дейишди. Нима деймиз энди. Биз битта одаммиз. Ожиз одам бўламан, нима дейман. Улар билан ëқалашаманми? Секин чиқиб кетавердим.Ўзлари уйга олиб келиб қўйишди.

Озодлик: Тўйга келган мухлислар “Нега Дадахон Ҳасанни қўшиқ айтишига милициялар монелик қилди?” деб сўрамадими?

Дадахон Ҳасан: Тўйдаги бу минглаб мухлислар ҳам оғзини очиб лаллайиб қолаверди. Биров бир нарса дегани йўқ уларга. Мухлислар “Тўйга келиб ҳеч бўлмаса иккита қўшиқ эшитайлик”, демади. Мингта меҳмон бор эди ўша ерда. Ҳаммаси сувга тушган мушукдай лаллайиб ўтираверди. Бундай ҳолат биринчи марта бўлаëтгани йўқ. Кейинги 18 йил давомида МХХ ходимлари ва милициялар қўшиқ айтмасин, деб нуқул менинг оғзимни пойлайди. 1991 йилда мустақил бўлибмизки, пайдар пай шу ишлар бўлади. Тўй қилган одамни қамаб ҳам қўйган. Жарима солиб пул ундириб олган. Тўй бошланишидан олдин менга телефон қилиб: “Тўйга келманг. Келсангиз мени қамар экан. Тўполон бўлар экан”, деган жойлар ҳам бўлган. Тўйга бориб қўшиқ айтмасдан қайтиб келган жойларим ҳам жуда кўп бўлган. Бунақа ишлар мен учун янгилик эмас.

Дадахон Ҳасан совет даврида ҳам тазйиқ таъқиблар, савол-сўроқлар бўлгани, аммо қўшиқ айтма, деб таъқиқ қўйишга бориб етмаганини айтади.

Дадахон Ҳасан: Менга шахсан эътироз бўлмаган. Тўйлар митинг бўлиб кетарди. “Қўзғалинг, эй аҳли муслим, ëвга қарши қўзғалинг” деб ўшанда айтганман. Горбачëвга қўшиқлар айтганман. “Босиб олинган бу юрт, бағри тўла сариқ қурт” деб ëвга қарши қўшиқ айтардим. Мустақилликдан олдин одамлар тўйларга менинг гапимни эшитгани келарди. Менга қарши тўсиқлар, тазйиқлар мустақилликдан кейин бўлди.

“Меб ëлғизман, овозим ëлғиз” деб ëзган эди Дадахон Ҳасан ҳақида унинг дўсти, марҳум шоир Рауф Парфи. Ўзимни ғилоф ичидаги создай сезяпман, дейди ҳофиз.

Дадахон Ҳасан: Ҳеч қанақанги кайфиятим йўқ. Ҳеч қанақанги қўшиқ йўқ. Қўл оëғи кесилган, тили кесилган бир суврат бўлиб юрибман. Ватан, муҳаббат ҳақида қўшиқ қилсам ҳам халқ ичига бориб айта олмасам. Кимга айтаман? Саҳна йўқ менга. Телевизорга чиқаришмайди, радиоларда тайëр қўшиқларимни беришмайди. Биз бу юртга гўëки бегонадай. Биз осмондан тушгандай гўë.

Айтсам ўлдирарлар, айтмасам ўлам, деганлари шу бўлса керак, “Ичим тўла қўшиқ, аммо айтишга имкон йўқ”, деб гапини тугатди ҳофиз Дадахон Ҳасан.

Дадахон Ҳасан: “Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим” деган қўшиқ бўларди. Шу кунлар учун курашган эканмиз биз. Мустақиллик учун байроқ кўтарган эканмиз. Ўзимизни ўзимиз қамоқхонага ташлаб қўйдик-да.

Дадахон Ҳасанов Ўзбекистонда таниқли халқ ҳофизи. 1965-1990 йилларда жуда кўплаган мухлислар орттирган. У Совет даврида ҳам Давлат хавфсизлик қўмитаси ва ИИВ томонидан бир неча бор таъқиб қилинган.
Жумладан, 1976 йилда Тошкентдаги Свердлов номидаги концерт залида ўтган концертдан кейин Дадахон Ҳасанов милиция томонидан ушланиб, беш кун давомида вақтинчалик сақлаш камерасида қамаб турилган эди. 1992 йилдан тортиб Дадахон Ҳасановга Ўзбекистон телевидениеси ва радиосидагина эмас, балки тўйларда ва кўпчилик тўпланган бошқа жойларда ҳам қўшиқ куйлаш маън қилинган. Дадахон Ҳасан Горбачев демократияси пайтида қўлига соз олиб, ўзбек халқи дардларини куйлаган ижодкор сифатида тарихга кирди.

90-йиллар бошида Дадахон Ҳасан қамоққа олиниб, Ички ишлар вазирлиги ертўласига ташланди. Озод этилгач, узоқ йиллар давомида махсус хизматлар назорати остида яшади. Мамлакат ичида ва ташқарида ҳаракатланиш учун ҳофиз махсус хизматлардан рухсат олиши шарт эди. Ҳатто унинг қўшиқларини тинглагани учун қамоққа ташланганлар ҳам бўлди. Бухорода яшовчи икки фуқаро Д.Ҳасаннинг Андижон воқеаларига бағишланган қўшиғини тинглагани учун банди қилинди.
XS
SM
MD
LG