Линклар

Элчихонадагилар хонада ўтириб, нимани ҳам биларди


Қозоғистон расмий органлари 13 июль куни Остонада ер қазиш ишлари олиб борилаётган пайтда тупроқ кўчиши оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонлик фуқаро жасадини қай тариқа юртига юбориш масаласида бош қотирмоқда.

Чунки улар марҳум меҳнат муҳожири тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмаслигини билдирмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходимаси Светлана Муротбекова “Озодлик” билан суҳбатда воқеа тафсилотларига тўхталиб: “Остонадаги Олмаота туманига қарашли Промишленний посёлкаси Юбилейний кўчасидаги шахсий уйларнинг бирида 13 июль куни ер қазиш ишлари олиб борилаётган пайтда тупроқ кўчиши оқибатида 2 ўзбекистонлик жабрланган. Бахтсиз ҳодиса натижасида 1974 йилда туғилган бир ўзбекистонлик ўша ердаёқ ҳалок бўлган, 1989 йилда туғилган юртдоши эса турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган”,- деди.

Унинг билдиришича, айни пайтда ҳалок бўлган ва тан жароҳати олган муҳожирлар Ўзбекистоннинг қайси шаҳридан келгани ва улар билан боғлиқ бошқа маълумотлар йўқ.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакили Шуҳрат Сирожиддинов эса ҳалок бўлган юртдошлари ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот олинмаганини маълум қилди. Ҳолбуки, бу ҳақда анча маълумотлар матбуот орқали айтилган бўлса ҳам.

“Элчихонага бу ҳақда ҳеч ким расмий хабар бергани ҳам йўқ. Бизга шунақа хабар келса, шунга қараб бирор иш қилишимиз мумкин. Қозоғистонда бирор ўзбекистонлик ҳалок бўлган бўлса, бу иш билан қайси маҳаллий орган шуғулланаётган бўлса, ўшалар хабар бериши керак. Биз хонада ўтириб (!), Остонада нима бўлганини қаердан билайлик!? Расмий тарзда бизга мурожаат қилишса, биз ўшанга қараб ҳаракат қилиб, қўлдан келган ёрдамни берамиз”,-
деди Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси консули.

Маълум бўлишича, жабрланган ўзбек меҳнат муҳожирлари мамлакатдаги шахсий қурилиш объектларининг бирида ишлаган. Шу сабаб ҳам ҳозир шифохонада ётган 19 яшар ўзбек йигитининг даволаниши ва унинг қазо қилган 34 ёшли юртдоши жасадини Ўзбекистонга юбориш масаласи билан қайси расмий орган шуғулланиши аниқ эмас. Меҳнат муҳожирларини ишга жалб қилган маҳаллий иш берувчиларнинг уларга қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG