Линклар

Энди "дум таҳдиди"дан ким паноҳ бўлади?

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:cxP1W4u9nviSDM:http://congress.socio.msu.ru/images/excurse_2.jpg “Ўзбекистон ҳукуматининг мақсад ва ниятларини олдиндан билмоқчи бўлганларга ҳозирда мавжуд аломатлар, расмий Тошкент нуқтаи назарида, Россия юлдузининг сўна бошлаганидан далолат бермоқда”.

15 июль куни “Eurasia View” Интернет нашрида пайдо бўлган таҳлилий мақола шу сўзлар билан бошланади.

6 июль куни Ўзбекистон президенти Қозоғистонда нишонланган бир эмас, икки тўйга чиқмаган ягона қўшни бўлди ва бу ҳам, мустақил кузатувчилар фикрича, Тошкент ва Остона ўртасида мисли кўрилмаган совуқчилик нишонаси.

Яқин қўшнилари билан гап-сўзлар совуқлашаëтган бир кезда Ислом Каримов томонидан Ўзбекистоннинг паноҳкори, деб аталган Москва билан Тошкент ўртасидан қандай қора мушук ўтди?

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон Ғарб томонидан яккалаб қўйилган ва Тошкент ҳукумати Ғарб матбуоти танқид ëмғири остида қолган бир кез – 2005 йилнинг 14 ноябрь куни Москвага, президент Путин билан ўзаро иттифоқчилик шарномасини имзолашга жўнаш олдидан Ислом Каримов айтган қуйидаги гаплар ҳали-ҳамон кўпчилик қулоғида жаранглаб турган бўлса, ажаб эмас:

“Мана шу шартнома кучга кирганда Ўзбекистонга ғараз ëки ëвуз ниятлар билан қилган ҳамла ëки бостириш ҳаракатлари, шунга эътибор бериш керак, бу Россияга қўл кўтаргандай ҳисобланади ва шунда тегишли хулоса ва қарорлар чиқарилади. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, қўпол бўлса ҳам гапиришим керак, бизларга қарши ким думини кўтарадиган бўлса, бу думини Россияга қарши кўтаргандай ҳисобланади”.

Ислом Каримовнинг Россия билан иттифоқчилиги Путин даврида барқарор сақлангандек кўринди, аммо Путин ўрнига унинг вориси Медведев келгач, таҳлилчилар бу иттифоқчиликка бироз дарз етганини қайд этмоқда.

Бу дарз, кўпчилик фикрича, аввало, янги президент Дмитрий Медведевнинг Қозоғистон ва Туркманистонга сафар қилиб, яқин кунларда Тожикистонга боришни режалаштираëтган бир пайтда Ўзбекистонни очиқчасига ўз эътибор доирасидан четда қолдираëтганида кўринмоқда.

“Мен Медведевнинг минтақага қилаëтган расмий сафарлари доирасидан Ўзбекистоннинг четда қолганини Ўзбекистон ва Россия муносабатларидаги ўзгаришни кўрсатувчи нозик бир жиҳат, деб ҳисоблайман. Бу жиҳат, албатта, ижобий эмас, унинг олдига бемалол айирув белгиси қўйиш мумкин. Менимча, бу совуқлашув ташаббускори Тошкент эмасга ўхшаяпти. Ҳозирча нега бундай совуқлашув юзага чиқди ва Медведев МО билан иш кўрар экан, Қозоғистон ва Туркманистонни ўз асосий ҳамкори, дея Ўзбекистонни иккинчи даражага суриб қўядими-йўқми, деган саволлар жавоби очиқ қолмоқда”,- дейди мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова.

Бошқа кузатувчилар Россия мустақиллиги кунида Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ўтказган расмий зиëфатга юқори даражали раҳбарларнинг келмай, унда биргина Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари қатнашганини, шунингдек, давлат назоратидаги Россия телеканалларининг Когондаги портлашларни танқидий ëритганини янги совуқлашувга мисол ўлароқ келтирмоқда. Дарҳақиқат, Путин даврида Ўзбекистондаги воқеаларни маҳаллий матбуот услубида, фақат ижобий жиҳатдан ëритиб келган Россия “1-канал”и Когон ҳарбий базасида рўй берган портлашга оид ҳақиқий ахборот Ўзбекистон ҳукумати томонидан бекитилаëтганига эътибор қаратди.




“Московские новости” ва “Большая политика” нашрлари шарҳловчиси Санобар Шерматова Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги совуқлашувни Медведев ва Каримов ўртасидаги шахсий муносабатлардан излаш лозим, деган фикрда. Маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ëритиш институти таҳлилчиси Жон МакЛойд эса бу тахминни янада торайтириб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги нотекис муносабатлар илдизини Тошкент раҳбарининг хулқ-атворидан излаш кераклигини айтади.

“Каримовнинг ўтмишдаги хатти-ҳаракатлари унинг ноизчиллигини шундоқ кўрсатиб турибди. Андижон воқеаларига қадар Американинг яқин иттифоқчиси бўлган Каримов бир кечада Россиянинг стратегик оғайнисига айланди. Албатта, Андижон даврида Россия Каримовни қўллади, бироқ унинг бу каби бир ўнгга бир сўлга қайрилишлари Кремлда бу мамлакатдаги вазият ва у билан муносабатларнинг узоқ муддатда нобарқарор экани ҳақида ташвиш туғдирмай қолмайди”,- дейди Жон МакЛойд.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг собиқ иттифоқ давлатлари бўйича таҳлилчиси Юрий Фëдоров Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тарихи ва ҳозирини ҳисоб-китоб эвазига, севишмай турмуш қурган оилаларга қиëслайди ва даврий совуқлашувнинг бундай муносабатлар учун табиий эканини таъкидлайди.




“Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни самимийликдан анча йироқ, деб атаган бўлардим. Стратегик жиҳатдан Москва ташқи сиëсат майдонида Ўзбекистоннинг кейинги ўн йил ичида қилган зигзагсимон ҳаракатлари боис, Каримовга ишонмайди. Бошқа томондан, Тошкент ҳам Москвага бошқа иттифоқчи қолмаган бир пайтда иш кўришга мажбур қолган исталмаган шерик сифатида қарайди”,- деб изоҳлайди бу муносабатлар моҳиятини Юрий Фëдоров.

Таҳлилчи Санобар Шерматова иккала томон ҳам стратегик жиҳатдан бир-бири учун муҳимлигини англаб тургани боис, Россия-Ўзбекистон муносабатларидаги ҳозирги совуқлашувнинг вақтинчалик эканини айтди ва эрта-индин қаҳратоннинг кутилмаганда саратонга айланиши мумкинлигини таъкидлади.

“Ҳозир Россия-Ўзбекистон муносабатлари қайта кўриб чиқилаëтгани аломатлари кўринмаëтир. Бу совуқлашув муносабатлардаги нозик бир жиҳат ва у балки раҳбарларнинг ўткинчи кайфияти ëки уларнинг бир-бирларининг қайсидир хатти-ҳаракатларига реакцияси билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Ҳозирча Москва-Тошкент муносабатларида, масалан 2005 йилда Вашингтон-Тошкент ўртасида АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистондан ҳайдаб чиқариш даражасидаги кескин бурилиш йўқ ва мен бундай бурилиш бўлмайди ҳам, деган фикрдаман”,- деди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG