Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:59

Навбат Youтube га келди


Жаҳондаги энг машҳур порталлардан бири бўлмиш Youтube шиори - Ўзингни кўрсат!
Жаҳондаги энг машҳур порталлардан бири бўлмиш Youтube шиори - Ўзингни кўрсат!

Айримлар Ўзбекистонда Youтube Интернет порталининг уч ойдан буён тўсиб қўйилганини мусулмонларга қарши қаратилган “Фитна” фильмининг Интернет орқали намойиши билан боғласа, аксарият кузатувчилар бу цензура ортида сиёсий мотивлар мавжудлигини таъкидлаётир.

Youтube.com портали видео ва аудио файлларни кўрсатишга мўлжалланган. Унга видео ёки аудио жойлаштириш жуда осон. Компьютердан хабардор ҳар қандай одам ҳеч бир муаммосиз ўзи истаган видеотасвирни унга бемалол жойлаштириши мумкин.

Youтube порталининг Ўзбекистонда уч ойдан зиёдроқ вақтдан буён тўсиб қўйилаётгани ҳақидаги хабарни «Фарғона.ру» ахборот агентлиги тарқатди.

Бу маълумотни мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам тасдиқлади.

«Жуда кўп сайтлар сингари Youtube.com саҳифаси ҳам бир неча ой олдин тўсиб қўйилган эди. Бу тўсиқ шу қадар мукаммал ва охирги техник имкониятлардан шу даража яхши фойдаланилганки, ҳатто прокси сайтлар билан ëки айланиб ўтиш орқали ҳам кириш имконияти деярли йўқ. Чунки айланиб ўтиш йўллари билан кирсангиз озгина вақт кўрсатади-ю, кейин яна узилиб қолади»,- деди А.Ташанов.

«Фарғона.ру» ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов Youtube тахминан 15 апрелдан бошлаб тўсиб қўйилгани, бунга бу порталда Нидерландиянинг “Фитна” фильми намойиш қилина бошлагани сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.

Ҳозир Швецияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Қудрат Бобожонов эса порталга тўсиб қўйилишини сиёсий сабаблар билан боғлайди.

“Чунки мухолифатдаги партиялар кўпинча ўз видеороликларини Youtube га жойлаштиради. Бу энг арзон тизим. Мана шу имконият орқали Европада бўлаëтган акциялар, тадбирларнинг видеотасвирлари Интернетга қўйилади. Шу асосда маълумотлар Ўзбекистонга кириб боради. Бу тўсиқ шунинг олдини олиш мақсадида қилинган. Кейинги пайтда М.Солиҳнинг атрофида бирлашган мухолифатчилар бу имкониятлардан фойдаланишга фаол киришди. М.Солиҳнинг чиқишлари, асосан, шу сайт орқали тарқатилди. Бу омил шу тизимга тўсиқ қўйилишига туртки бўлди, деб ўйлайман”,- деди Қ.Бобожонов.

Абдураҳмон Ташанов ҳам Youtube.com айрим ўзбекистонлик эркин фикрли шахсларнинг минбарига айланаётгани ва бунинг Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаслиги аниқлиги ҳақида гапирди.

“Мухолиф фикрлар, ҳукуматга қарши қарашлар ëки маълум даражада ҳукуматни танқид қилувчи видеороликлар пайдо бўла бошлади. Ҳатто шу сайтдан фойдаланиб ўзининг ҳақ сўзини ëки кескин чиқишларини қўйишга интилаëтган Интернет фойдаланувчилари бўлди. Ўз фикрини билдирувчилар командаси шакллана бошлагани учун ҳукумат бошқа сайтлардан хавотирга тушгани сингари Youtube.com дан ҳам хавотирга тушди. Менимча, ҳар бир сўз, ҳар қандай демократик қараш Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиб қилинади ва бу нарсадан Youtube.com ҳам холи эмас”,- деди А.Ташанов.
XS
SM
MD
LG