Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Собиқ офицер рафиқасининг умиди БМТ қўмитасидан


Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги ташқи разведка бошқармаси собиқ бошлиғи, ватанга хиёнатда айбланган Санжар Исмоиловнинг рафиқаси сўнгги умидини БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси билан боғлаган.

С.Исмоилов 2006 йил 26 январда ҳарбий трибунал томонидан давлатга хиëнат қилганликда айбдор топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ўтган йилнинг 22 февраль куни С.Исмоиловнинг шикоят аризасини кўриб чиққан Ўзбекистон Олий суди ҳарбий коллегияси эса дастлабки ҳукмни кучда қолдиришга қарор қилди.

“Мен Женевадаги Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилдим ва ҳозир улардан жавоб кутаëтирман, - дейди С.Исмоиловнинг турмуш ўртоғи Наталья Бондар. - Санжарнинг иши Ўзбекистон идораларида ижобий ҳал бўладиганга ўхшамайди. Мен ҳар ой президент маъмурияти, Олий суд, Ҳарбий судга мурожаат қилиб, эримнинг ишини қайта кўриб чиқишни сўрадим. Аммо уларнинг барчасидан қайта кўриш учун асос йўқ, қонунга мувофиқ жазога тортилган, деган мазмунда раддия келди”,- дейди Наталья Бондар.

1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Санжар Исмоилов 1999 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳарбий разведкасига ишлай бошлаган. 1999 йили Ўзбекистон исломий ҳаракати билан Сурхондарëнинг Сариосиë туманида юзага чиққан қуролли тўқнашувлар чоғида ўзини яхши кўрсатганидан сўнг у хизмат пиллапоясидан тезлик билан кўтарила бошлаган. 2002-2003 йил давомида у Қуролли кучлар бирлашган штаби ҳузуридаги бош разведка бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарган, қамоққа олингунга қадар эса бирлашган штаб ҳузуридаги разведка-ахборот ишлари бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. 2005 йилнинг 29 июнь куни синглиси Малика ўз оиласи билан АҚШга учиб кетганидан икки соат ўтиб Ўзбекистон МХХ томонидан қамоққа олинган.

Унга Россия фойдасига жосуслик қилиш, ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш каби айблар қўйилган. С.Исмоиловга берилган 20 йиллик қамоқ жазоси амнистия қўлланилганидан сўнг 15 йилга туширилган.

Санжар Исмоиловнинг турмуш ўртоғи Натальянинг билдиришича, юқори даражали разведкачининг жазога тортилиши 2005 йилнинг 13 майидаги Андижон воқеалари билан боғлиқ.




“Андижондаги воқеа юзага чиқди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги бош разведка бошқармаси бошлиғи Маъмур Мадаминов разведка ходимлари Андижонда нималар бўлишини олдиндан билганларига қарамай, бу ҳақда олий раҳбариятга хабар бермаган. Санжар ўз бошлиғидан Андижонда айнан шундай воқеа бўлишини олдиндан билганимиз ҳолда нега бу ҳақда вақтида хабар берилмади, деб сўраганидан сўнг, Мадаминов унга қарши компромат йиғиш ҳақида буйруқ берган. Икки чақув асосида уни қамоққа олиб, олдига бир ой киритишмади. МХХ тайинлаган адвокат эса Санжарнинг олдига олдиндан тайëрланган иқрорга қўл қўйдириш учунгина киритилган”,- деди Н.Бондар.

С.Исмоилов ишининг махсус уюштирилгани ҳақида унинг яқинлари хулосасини тасдиқлай туриб, Россиядаги “Мемориал “инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Виталий Пономарëв буни Ўзбекистон хавфсизлик тизимлари ўртасидаги кураш маҳсули, деб изоҳлайди.





“Андижон воқеаларидан сўнг Мудофаа вазирлигида тозалаш ишлари бошланди ва вазирнинг ўзига қадар турли жиноятларда айбдор топилди. Аслида хавфсизлик идоралари ўртасида ҳокимият учун кураш бормоқда. Ҳозир МХХ Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларини ҳам ўз назоратига олиб улгурди ва бунинг учун шавқатсиз ва ифлос усулларни ишга солди. Бу жараëн қурбонларидан бири Санжар Исмоиловдир”,- дейди В.Пономарëв.

Ҳозир ўз тақдири борасида БМТ нинг инсон ҳуқуқлари комитетида бирор сўз айтилишига интиқ бўлиб турган Санжар Исмоилов Бекобод турмасида сақланмоқда. Унинг турмуш ўртоғи сўзларига кўра, Каримов режимига садоқат билан хизмат қилган ва бунинг учун шахсан президентнинг ўзидан мукофот олган ëш разведкачининг саломатлиги ëмонлашмоқда.

“Мен сўнгги бор уни 3 июль куни кўрдим. Саломатлиги ëмонлашмоқда. Ўзининг ноқонуний қамалгани ва уч йилдан бери турмада қолаëтгани унинг руҳини эзмоқда ва у асабийликдан юрак хасталигига чалинган. Ҳозир унга нисбатан қамоқхона маъмурияти ҳеч қандай зўравонлик қўллаëтгани ëки уни қийноққа солаëтгани йўқ. Аммо у адолатсизликдан эзилмоқда. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси менга БМТ орқали нома йўллади ва унда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига менинг сўровимни ўрганиб, изоҳ бериш ҳақида сўров йўлланганидан хабардор қилди. Гарчи БМТ қўмитаси Санжар устида бирор ҳукм чиқара олмаса-да, улар эътибори бу ишнинг қайтадан, адолат юзасидан кўрилишига туртки бўлиши мумкин, деган умиддамиз”,- деб тугатади суҳбатни Наталья Бондар.
XS
SM
MD
LG