Линклар

logo-print

“Ғалла мустақиллиги” модадан қолди...ми?

  • Сарвар Усмон

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:pBmc6bZy-ix1rM:http://mignews.com.ua/data/Articles/MainPhoto/217727.JPEG “Мамлакатимиз ғаллакорлари 6 миллион 175 минг тоннадан зиёд дон етиштириб, бу борадаги йиллик шартнома мажбуриятларини ортиғи билан бажардилар”,- деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги 16 июль куни.

Шу куниёқ президент Ислом Каримовнинг ғаллакорларга йўллаган табриги ҳам эълон қилинди.

Ўзбекистон раҳбари таъкидича, мамлакат ғаллакорлари бу йил “барчани ҳайратда қолдирадиган ютуққа” эришган.

Жиззахлик Маъмуржон ака Ўзбекистоннинг ғалла хирмонига ўз ҳиссасини қўшган фермерлардан бири. У баъзи ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ режани бажарди.

“Ғалламизни икки мартадан суғорганимиз эвазига режани бажардик. Лекин сув етиб бормаган кўплаб хўжаликлар бўлди. Суғорилмагани натижасида улар режани бажара олмади”,- деди Маъмуржон ака.

Маъмуржон ака 4 гектар ерга дон сепган эди. Ҳар гектаридан 45 центнердан ғалла йиғиб олди. Бу йил ҳам давлат ғаллани Маъмуржон акадан унинг таннархидан 3 баравар арзонга сотиб олди.

“169 сўмдан сотиб олишди. Лекин қилган харажатимиз ундан 3 баробар зиëд. Бозорда эса шу кунда 1 кг буғдой 700 сўм. Оилада 7 та жонмиз. Бизга 4 тонна буғдой қолди. Кейин ишчиларимиз бор. Уларга бир тонна берамиз. Кейин бухгалтеримга ҳам берамиз. Бизга 2 тонна ғалла қолади”,- деди Маъмуржон ака.

Қолаётган 2 тонна буғдой оиланинг бир йиллик эҳтиёжи учун етмаслиги мумкин. Шунинг учун фермер Маъмуржон ака оиласи дўконда рўйхат билан сотиладиган арзон унни ҳам кутади. Ҳозир дўконларда киши бошига талон бўйича ойига 450 сўмдан 2,7 кг ун берилмоқда.

Баъзилар эса Ўзбекистонда бу йил 6 миллион 175 минг тоннадан зиёд ғалла йиғиб олинганига ҳам шубҳа билан қарамоқда. Масалан, МДҲ аъзолари ўртасида таъсис этилган “Мир” телеканали куни-кеча мутахассислар фикрига таяниб, бу йилги ҳосил 4 миллион тоннадан ортмаган бўлиши керак, деган фикрни билдирди.

90-йилларнинг бошида шахсий деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, 7 гектар ерда ҳосил етиштирган ўзбекистонлик Муҳиддин Қурбонов ҳам расмий маълумотларга шубҳа билан қарамоқда. Масалан, ЎзА хабаридаги мана бу маълумотга: “Бухоро вилоятининг Олот туманидаги “Комилов Эргаш” фермер хўжалиги ҳар гектар ердан 81 центнер, Сирдарë волияти Ховос туманидаги “Одил-Али” фермер хўжалиги 85, Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Одилжон-Қобилжон” фермер хўжалиги 75 центнердан ошириб хирмон кўтаришга эришди”.

Бу маълумотни шарҳлар экан Муҳиддин Қурбонов: “Мен бунга ишонмайман. Ўзбекистонда алмашлаб экиш учун мўлжалланган кучли ерлар бўлса, шунча ҳосил олиш мумкин. Ўзбекистондаги ҳозирги ерлардан бунчалик ҳосил олиб бўлмайди. Бу ақлга сиғадиган нарса эмас”,- деди.

Ҳосил айтилаётганидай кўп эмас, дер экан балки “Мир” телеканали, ҳосилдорлик айтилаётганидай баланд эмас, дер экан Муҳиддин Қурбонов адашаётгандир.

Лекин ҳар ҳолда Ўзбекистон президентининг ғаллакорларга йўллаган бу йилги табригида “ғалла мустақиллиги”, деган ибора учрамади. Бу ҳам бежиз эмас кўринади.

“Ўзметроном” сайти куни-кеча: “Ўзбекистон “ғалла мустақиллиги”, деган тезисни тарғиботчи ва ташвиқотчиларга қолдириб, Қозоғистондан ун импортини кўпайтирмоқда. Бир кеча-кундузда автомобиль транспортининг ўзи биланоқ 1,5-2 минг тоннагача ун олиб келинмоқда. Импортнинг умумий ҳажми эса, мутахассислар ҳисоб-китобларига қараганда, йил давомида камида 400 минг тоннага етиши керак”,- деб ёзди.
XS
SM
MD
LG