Линклар

logo-print

Муддатсиз аккредитация сири


АҚШнинг Янги демократиялар институти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида муддатсиз аккредитация олди. Маълум бўлишича, ташкилот Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркин матбуот соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганлигини мунтазам қайд қилиб келган.

Янги демократиялар институти Ўзбекистонда 2005 йилнинг апрелидан буён фаолият кўрсатиб келаётганди. Шу пайтгача ташкилот аккредитацияга эга бўлмаса-да, унинг Ўзбекистонда фаолият кўрсатишига ҳукумат томонидан умуман қаршилик кузатилмаган. Энди институт мамлакатда муддатсиз фаолият кўрсатиш имконига расман эга бўлди.

Аккредитацияда қайд қилинишича, ташкилот фаолиятининг асосий йўналиши Ўзбекистонда демократиялаш жараёнини илгари суришда республика расмийлари ва фуқаролик жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан иборат.

Маълум бўлишича, кейинги бир йил мобайнида Янги демократиялар институти Тошкентда бир қанча анжуманлар ва семинарлар ташкил қилган.

“Фарғона.ру” ахборот агентлиги маълумотига кўра, айни тадбирларда ташкилот мутасаддилари “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда, демократия ва сўз эркинлиги соҳасида сезиларли силжишлар қайд этилмоқда”, дея таъкидлаб келган.

Масалан, шу йил 10-11 июль кунлари Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда Янги демократиялар институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Мьюша Север ўлим жазосининг бекор қилиниши ва ҳибсга олиш санкциялари ҳуқуқининг судларга берилиши Ўзбекистоннинг демократик ривожланишида янги босқичга қадам қўйганига далил бўлади, дея билдирган.

Институт ижрочи директори Маргарита Ассенова эса “Ўзбекистон” телеканалига берган интервьюсида мамлакатда суд соҳасида муваффақиятга эришилганини қайд қилади.

“Суд тизимини либераллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқ-тартибот идораларида амалга оширилаëтган муҳим қадамдир. Чунки ушбу органларнинг ислоҳ қилиниши, улар фаолиятининг ўзгаришга юз тутгани жуда аҳамиятли. Омбудсман ва бошқа институтлар минтақаларда жиддий иш олиб боряпти. Бу эса улкан қадамдир”,- дейди М.Ассенова.

Сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев Янги демократиялар институти Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлиги боис, аккредитация олишга эришганини айтди.

“Янги демократия институти лойиҳаси бошлиғи Мьюша Север хоним. У Ўзбекистон шароитини яхши билади. Маҳаллий ҳокимиятлар, маҳаллий тизимлар билан анча алоқалари яхши. Уни расмий жиҳатдан ҳатто Ислом Каримов қабул қилган. Унинг лойиҳаларига йўл очилишининг асосий сабаби давлат ҳомийлик қилаëтган ноҳукумат ташкилотларни демократияга ўргатиш. Яъни ҳукумат билан ишонч алоқаларини боғлашни ўзларига мақсад қилган. Бу ташкилотнинг ҳукумат ташкилотлари билан алоқа қилганини назарга олиб, унга муддатсиз равишда аккредитация берилган”,- деди Т.Йўлдошев.

“Кейинги пайтда Ўзбекистонда жуда кўплаб хорижий ташкилотлар фаолияти тўхтатилгани маълум. Шундай бир шароитда деярли бир йил давомида Ўзбекистон диктарурасининг тегирмонига сув қуйган Янги демократиялар институти вакиллари ўзбек расмийларининг кўнглини олишга эришди”,- деб ёзади “Фарғона.ру”.

Бу фикрга Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам қўшилади.

“Уларнинг мақсади Ўзбекистон ҳукумати улар олдига қўйган талаб, яъни ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қандайдир ғаламисона ишларни олиб бориш, Ўзбекистонни фақат мақташ шартларини бажаришдир. Бу шартларни Янги демократия институти жон дили билан қиляпти ва шу пайтгача ҳам қилиб келган. Ўзбекистон ҳукумати тарафида ишлаш мақсадида шахсан Мьюша Север хонимнинг ўзи босимлар ўтказган. Натижада кўп ҳуқуқ ҳимоячилари 2004 йилнинг охирларида пикет ташкил қилган эди”,- дейди С.Икромов.

Кузатувчилар фикрича, АҚШ институтига аккредитация берган расмий Тошкент яна бир бор мамлакатда фақат Оқсарой сиёсий йўналишини қўллайдиган ҳамда уни ташвиқот қилишга кўмак берадиган хорижий ташкилотларгина Ўзбекистонда ишлашга рухсат олиши мумкинлигини намойиш этди.
XS
SM
MD
LG