Линклар

logo-print

Қочқинларни ушлаб берганларга мукофот бор...ми?


Бир ойдан бери Олмаотада тергов изоляторида сақланаётган ўзбек қочқини Ҳасан Темиров тўғрисида маълумот берган кишига илгари Ўзбекистон ҳукумати томонидан катта пуллик мукофот ваъда қилингани маълум бўлди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка Ҳ.Темировни яхши таниган, кўпчиликка маълум сабабларга кўра ўз исмини айтмаган суҳбатдош маълум қилди.

Суҳбатдош: Қўлимда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси “Посбон” расмий газетасининг 2004 йил 16 апрель сони бор. Шу газетада Ҳасан Темировга қидирув эълон қилинган. Эълон қуйидагича тугаган: “...хабар берган фуқароларнинг шахси сир сақланади ва катта миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади”. 2005 йилда биз МХХда ишлайдиган танишларимиздан шу нарсани билгандикки, ўша пайтда Ҳ.Темировни ушлаб берган одамга ваъда қилинган мукофот 30 минг АҚШ долларини ташкил қилган.

“Озодлик”: Ҳасан Темирувдан қандай хавф бўлганки, уни топиб берган кишига шундай катта миқдорда пул ваъда қилинган?

Суҳбатдош: Бунинг сабабини МХХ ходимлари аниқ билади, менинг тахминимча эса у кишининг диний соҳада илмга эга бўлгани ва одамларга сабоқ бергани бунга сабаб бўлган.

“Озодлик”: Ўзбекистонда Исломдан сабоқ берадиган, ҳукуматга ёқмайдиган одамлар анчагина. Лекин уларнинг ҳар бири учун МХХ катта миқдорда пул ваъда қилмаган. Балки Ҳасан Темировнинг бошқа хавфи бордир?

Суҳбатдош: Гапингиз тўғри, Ислом динидан дарс берадиганлар кўп бўлиши мумкин. Аммо Исломни қўрқмай халққа тарғиб қила оладиган, исломий илм билан тарбия қила оладиган одамлар кам. Мен бошқа сабабини топа олмадим. У билим берганидан кейин атрофида тарафдорлари кўпаяди.

“Озодлик”: Мана шу тарафдорлари орасида қандайдир сиёсий мавзудаги суҳбатлар, қандайдир таълимлар, тарғиботлар бўлганми?

Суҳбатдош: Мен ўзим гувоҳ бўлмаганман бундай суҳбатларга, билмадим.

Суҳбатдошнинг ўз атрофида тарафдор тўплай оладиган, оммага таъсир этиш қобилиятига эга ҳар қандай шахсни Ўзбекистон ҳукумати ўз эътиборидан қочирмаслиги тўғрисидаги фикрига қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси президенти Надежда Отаева ҳам тасдиқлади ва ҳукуматнинг Ҳасан Темировга ошиқча қизиқиши боиси ҳам ана шунда бўлиши мумкинлигини айтди.

“У доимо ўзи Исломдан таълим берган кишилар даврасида бўлган, оммага ўз таъсирини ўтказа олган. Темиров адолатли феъли туфайли ўзгача фикрловчи одамлар қалбидан жой ола бошлаган. Ўйлашимча, шундай ҳаракатлари орқали Ҳасан Темиров ҳукуматнинг эътиборини ўзига жалб қилган ва ҳукумат у ва унга ўхшаганларни жамиятдан четлаштиришга урина бошлаган”,- дейди Надежда Отаева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳасан Темировни 1999-2004 йилларда Тошкентда юз берган портлашларнинг бевосита иштирокчиси сифатида айблаб, халқаро қидирувга берган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов МХХ бундай шахсларнинг яширинган жойини аниқлаш учун катта миқдорда пул сарфлаши ҳақидаги гапларга қўшилмаслигини билдирди. Аммо у гумонланувчиларнинг бегуноҳлиги борасида далиллар мавжуд бўлса-да, уларнинг махфий хизматлар томонидан таъқиб қилиниши ҳали-ҳамон давом этаётганини алоҳида таъкидлади.

“Бизда уларнинг айби йўқлиги ҳақида ҳамма ҳужжат, далил ва исбот бор. 1999 ёки 2004 йилдаги портлашларнинг ҳаммаси ҳукумат уюштирган ишлар эди. Мен бунинг исботларини ҳам ёзганман. Оддий мисол, 1999 йилда 22 та одамнинг суди бўлган. Улардан 6 тасига отиш ҳукми эълон қилинган ва бу шахслар 4 ойда отиб ташланган. Қонун бўйича бунақа қилиб бўлмайди. Бизга Абдуллаев деган бир йигитнинг қариндошлари келган. Кейин биз ҳукмни ўқиб кўрсак, биласизми, портлашдан 4 ой аввал қамоққа олинган ва Ички ишлар вазирлиги ертўласида сақлаб турилган одамларни ўша портлашларда иштирок этган, деб ёзилган. Уларни 4 ойдан кейин отиб ташлашяпти, аслида эса уларга 6 ойдан бир йилгача вақт берилиши керак”,- деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG