Линклар

logo-print

Сув талашиш ҳукуматлараро мақомга кўтарилмоқда


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Gyr4KQepX_K6WM:http://www.photoukraine.com/photos/030880.jpg Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон сув транзити бўйича мажбуриятларини бажармаётгани, Қирғизистондан Қозоғистон далаларини суғориш учун жўнатилаётган сув Ўзбекистон ҳудудида ўзлаштирилиб олинаётганини маълум қилди.

Қозоғистон ҳукуматининг расмий Тошкентга жўнатган телеграммасида айтилишича, қозоқ тарафи ўз далаларини сув билан таъминлаш мақсадида Қирғизистондан 74,5 миллион киловатт соат электр энергияси сотиб олаётир. Бу эса пул ҳисобида 4 миллион долларга яқин бўлади. Бунинг эвазига Қирғизистон Қозоғистон учун қўшимча сув бермоқда. Бу сув Ўзбекистон орқали Қозоғистонга транзит қилинади. Бу борада Ўзбекистон билан ҳам келишувга эришилган. Бироқ Қирғизистондан катта пул эвазига олинаётган сувнинг бир қисмини Ўзбекистон, бошқа бир қисмини эса Тожикистон ўзлаштириб олмоқда. Бунинг натижасида қозоқ далалари қурғоқчиликка дучор бўлаётир.

“Қозоғистон учун ўта ноқулай вазият пайдо бўлгани муносабати билан мен тегишли ташкилотларга сув етказилиши масаласини 20 июлгача ҳал қилиш борасида кўрсатма бердим. Акс ҳолда Қирғизистондан қиммат баҳода электр энергияси сотиб олиш тўхтатилади. Бу ҳолатда нафақат Қозоғистон, балки Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам зиён кўради. Бу борада тезкор чора кўришингизни илтимос қиламан”, - дейилади Қозоғистон бош вазири ўринбосари Умирзоқ Шукеев имзоси билан Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов номига йўлланган телеграммада.

Ўзбекистон томонининг бу телеграммага муносабати ҳозирча ноаниқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари матбуот хизмати вакиллари йўқлиги туфайли бу маълумотга шарҳ бера олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон сув муаммолари институти профессори Эрназар Маҳмудовнинг таъкидлашича, бундай вазият юзага келишида расмий Тошкентни айблаб бўлмайди. Зиддиятнинг сабаби иқлим ўзгариши ва Қирғизистоннинг сув омборларини энергетик режимга ўтказганидадир.

“Биринчидан, булар иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар. Музларимиз эриб кетяпти. Бу эса сув манбалари шаклланишига ëмон таъсир қиляпти, давлатлар орасида сувдан фойдаланишда муайян муаммолар келтириб чиқаряпти. Иккинчидан, ҳозир йирик сув омборлари ҳам биринчи навбатда энергетик режимда ишлагандан кейин суғорма деҳқончиликка салбий таъсир кўрсатяпти”,- деди профессор.

Айни пайтда қирғиз томонининг ҳам бу борада ўз нуқтаи назари бор. Расмий Бишкек Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон билан сув борасида тўрт томонлама шартнома имзоланишини талаб қилмоқда. Аммо Ўзбекистон бундай шартномани имзолашдан бош тортаётир. Шу сабабли ҳам расмий Бишкек то Ўзбекистон билан келишувга эришилмагунча минтақа давлатларига сув берилмаслигини эълон қилган.

Бу борада гапирар экан, Қирғизистон сув энергетикаси ва саноат вазири Сапарбек Балқибеков Ўзбекистон ўн йилдан бери сув борасидаги шартномаларни имзолашдан бош тортаётганини, бу эса сув захираларидан унумли фойдаланишга тўсқинлик қилаётганни таъкидлаган эди.

Мутахассислар фикрича, минтақадаги камсувлик жараёни камида беш йил давом этади. Камсувликнинг биринчи йили бўлмиш жорий йилда суғориш мавсуми бошланиши арафасида минтақадаги чегарадош туманларда сув борасида аҳоли ўртасида бир неча марта можаролар ҳам бўлганди. Энди эса сув талашиш ҳукуматлараро мақомга кўтарилаётганга ўхшайди.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана март ойида Брюсселда ўтган анжуманда бу муаммога тўхталар экан, Марказий Осиёдаги сув танқислиги ҳудудий тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирган эди.
XS
SM
MD
LG