Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:18

Тўрт эгизак ҳамон шифокорлар назоратида


Ўтган ҳафтада Тожикистоннинг Исфара туманида бирданига дунёга келган тўрт фарзандга Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин ислом оламига халифалик қилган чорёрлар исмлари берилди.

Феруза ва Юсуф Маҳмудовлар оиласида дунёга келган чақалоқлар Усмон, Умар, Абубакр ва Али номларини олди.

“Тўртта чақалоқнинг бир вақтда туғилиши ва бунинг устига тўртта ўғилнинг дунёга келиши ҳақиқатдан ҳам ҳайратли воқеа бўлди”,- дейди исфаралик шоир Сайфулла Қорихонов.


Шоир бу адолатсиз дунёнинг адолатли томонлари борлигини ҳам айтади. Зеро, Феруза 19 ёшида турмушга чиққан эди. Бегонага эмас, холасининг ўғлига. Улар беш йилдан буён фарзанд кутарди. Бу орада қариндошга қиз берманглар, деган эдим, деб айтгувчилар ҳам бўлди. Лекин Феруза фақат Яратгандан илтижо қилди.

“Турмушимда хурсандчилик кунлари ҳам, хафачилик кунлари ҳам бўлди. Мен нега менга худо фарзанд бермайди, деб доим сиқилардим. Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин, менинг оҳим етиб борди ва мана бирданига қўш-қўш фарзанд инъом этди”,- дейди Феруза.

Унинг сўзларига кўра, ҳомиладорлик пайтида уни докторлар замонавий асбоблар ёрдамида текшириб кўрган ва уч фарзанднинг онаси бўлишини айтган. Бироқ тўртинчи фарзанд ҳатто докторларнинг замонавий асбобидан ҳам яшириниб қолган экан.

“Биринчи ўғил Абубакр 1 килою 250 грамм, Умар 1 килою 300 грамм, Усмон 1 килою 700 грамм ва Али 1 килою 200 юз грамм вазнда туғилди. Али энг кичкинаси бўлгани билан анча тўполончи”,- дейди туғруқхона бош шифокори Зуҳра Исмоилова.

Ферузанинг оиласи бой оилалардан эмас. Эри Юсуф етти йилдан буён Россияга қатнаб ишлайди. Ўзи эса уйда ўтиради. Ишлай деса, тайинли иш йўқ.

“Маҳаллий ҳукумат фарзандларим дунёга келганидан сўнг уларга ер участкаси совға қилди. Вилоят раиси эса серсут соғин сигир совға қилди”,- дейди Феруза.

Ҳозирча эса бу тўрт паҳлавон докторлар нигоҳида ва назарида. Чунки докторларнинг айтишича, чақалоқлар вазнлари нормадагидан анча кам. Шунинг учун ҳам бошланғич пайтда уларга малакали мутахассис қараб туриши керак.

Феруза эса хурсанд. Гоҳ шодликдан кулади, гоҳ тақдирнинг бу туҳфасидан ўпкаси тўлиб йиғлаб ҳам қўяди.

“Энди фарзандларим солиҳ инсонлар бўлиши учун уларни меҳр-муҳаббат билан вояга етказаман”,- дейди Феруза.
XS
SM
MD
LG