Линклар

logo-print

Караджич қўлга олинганига билдирилган муносабатлар


Обид қори Назаров: Мусулмонларни жуда кўп қийнаган, қирган, уларга азоб берган золим, қонхўр инсоннинг қўлга олиниши муҳим аҳамиятга молик масала. 1992 йилларда Сербия, Босния-Герцеговинада бўлган қирғинбаротлар бутун дунëда қораланган ва ўша пайтдаги тинч аҳолининг бошига тушган кулфатлардан бутун мусулмон дунëси афсус-надоматлар чеккан ва бунга қарши ҳаракатлар бўлган. Ҳозирга келиб мана шундай золимлардан бирини қўлга тушганлиги зулмнинг жавоби борлиги, золимлар жавоб бериши муқаррар эканининг муқаррар исботи. Зулм Исломда қораланади. Инсоният тарихида зулм ҳеч қачон оқланган эмас. Аммо маълум бир муддат ана шундай золим инсонларнинг қўли узун бўлиши, улар хоҳлаган ишни қилишлари каби ҳолатлар учраб туради. Бу ҳам Аллоҳнинг бир ҳикмати. Лекин зулм ҳар қанча давом этмасин унинг чеки бўлади ва албатта, золимлар жавоб берадилар. Бу дунëда бўлмаса, албатта, охиратда. Бу дунëдагиси охиратдаги қаттиқ азобнинг бошланиши бўлади. Бу инсон ўзига яраша тегишли жазосини олади, деб ўйлайман.

Муҳаммад Солиҳ: Бу хабар бутун мазлумлар учун севинчли. Жумладан, биз ўзбеклар учун ҳам. Ўзбеклар бугун Андижон қассобининг ҳукми остида яшаяпти. Караджичнинг қўлга олиниши байналмилал миқëсдаги катта бир жиноятнинг сўнгги эпилоги, деса бўлади. Минглаб эмас, ўн минглаб одамларни йўқ қилган қотил қўлга олинди ва албатта, бу Сербия тарихида эмас, балки Европа тарихида ҳам катта бир воқеа бўлиб қолади, менимча. Бу воқеа ҳозир қўлга олинмаган, тахтда ўтирган баъзи бошқа золимларга ҳам дарс бўлади, деб умид қиламиз. Ҳеч қандай жиноят ҳеч қачон ëпиқ қолмаган ва бир кунмас бир кун мутлақо фош бўлган. Бу жиноятни қилган одамлар мутлақо жазога тортилган. Буни Ўзбекистондаги бугунги қотиллар ҳам билиб қўйсин.

Васила Иноятова: Демак, бугунда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари жаҳон декларациясининг 60 йиллиги нишонланмоқда. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиш муаммолари бошимиздан ўтаëтган пайтда бизни Европада бўлаëтган воқеа умуман қизиқтирмай қўйган. Бугунги кунда Европарламент, ЕИ, АҚШ ўзининг манфаатига мос келадиган ҳаракатларни қилар экан, ўзларига мос сиëсатни юргизар экан, демак ҳуқуқ ҳимоячиларини аллақачон ташвишга солмай қўйган. Ўзимизнинг ташвишларимиз бошимиздан ошиб ëтибди.
XS
SM
MD
LG