Линклар

logo-print

Ҳуқуқ ҳимоячиларига чиқиш визаси берилмаяпти


Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари, мухолифатчилар ва мустақил журналистлар, шунингдек, эркин фикрловчи бир қанча шахсларни ўз ичига олган “қора рўйхат” бўлиб, бу рўйхатдагиларга чиқиш визаси берилмаслиги эндиликда ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Бундай тақиқ орқали ҳукумат фуқароларнинг хорижга чиқишини назорат остида ушлашга ҳаракат қилаётгани кузатилади.

Мухолифатчи ва эркин фикрли шахсларнинг хорижга чиқиши натижасида Каримов режимининг найранглари дунё жамоатчилиги олдида ошкор бўлишидан хавотир ҳам айни тақиққа сабаб бўлаётгани таъкидланади.

Ҳозирда жиззахлик беш ҳуқуқ фаоли - Ихтиёр Ҳамроев, Саида Қурбонова, Ўктам Пардаев, Зиёдулло Раззоқов ва Маъмуржон Азимов чиқиш визаси ололмаяпти.

Мустақил инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Ўктам Пардаев жорий йилнинг февраль ойида чиқиш визаси олиш учун ҳужжатларини топширган. Лекин шу кунгача унга чиқиш визаси берилмаган.

“Мен 5 ой олдин мурожаат қилганман. Ҳозиргача виза йўқ. Бошлиғининг олдига борсам: “Виза келади. Ўзимиз хабар берамиз”, деб жўнатади. Ëн қўшним визага паспортини берган экан, 1 ойга етмасдан олибди. Ҳуқуқ ҳимоячиси бўлганимиз учун бизга берилмаяпти. Ариза берганимиз шаҳар прокуратураси ҳам виза, албатта, берилишини айтиб, қайтариб юборяпти”,- дейди Ў.Пардаев.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова эса жорий йилнинг апрель ойидан буён чиқиш визаси ололмаяпти.

“Тошкентдан бизга жавоб беришмаяпти, деган сабабни кўрсатишяпти. Аниқ жавоб айтишмаяпти. Ҳукуматга қарши бўлганимиз учун бу нарса босиб берилмайди шекилли. Бизнинг фикримизча шундай. Агар ана шундай бўлмаганида босиб бериларди. Чунки биздан кейин топширганлар аллақачон визасини олиб чиқиб кетяпти”,- деди Саида Қурбонова.

Мутасаддилар чиқиш визаси олиш учун яширин тақиқ мавжудлигини доимо инкор қилиб келади.

Шу ўринда Ўзбекистон ҳукумати нега эркин фикрли инсонларнинг чет элга чиқишига тўсқинлик қиляпти, деган савол туғилади.

Яқинда ҳисбга олинган ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов «Озодлик»ка берган интервьюларидан бирида эркин фикрловчи шахсларни ўз ичига олган “қора рўйхат” аслида ҳам мавжудлигини айтиб, ҳукумат ўз фуқароларининг хорижга чиқишидан қўрқади, деган фикрни билдирганди.

«Республикада рўй бераëтган ҳақиқатни ташқарига етказади, деган хавотир бор. Мамлакатда рўй бераëтган турли хил найранглар дунë жамоатчилиги олдида фош бўлиб қолишидан қўрқишади»,- деганди А.Турғунов.

Ҳуқуқ фаоли Улуғбек Усмонов фикрича, чиқиш визасининг берилмаслиги орқали ҳукумат мамлакатдаги ҳуқуқ фаолларига босим ўтказади.

“Назаримда, бу атайлабдан шунақа қилинган. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган инсонларни имкони борича чет элга чиқармаслик, қанақадир босим ўтказиш ниятида қилинаëтган иш, деб ўйлайман”,- деди У.Усмонов.

Ҳозир хориж мамлакатларидан бирида яшаётган мустақил журналист Алишер Таксановга ҳам бир пайтлари чиқиш визаси берилмаган. У мамлакатдаги босим ва тазйиқлардан қочиб, ноқонуний йўллар орқали мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Унинг таъкидича, Каримов режими ўз фуқароларининг хорижга чиқиш масаласини назорат остида ушлаб туришга ҳаракат қиляпти.

“Ҳукумат чет элга чиққан шахсларнинг сиёсий онги ўсишидан хавотирда. Каримов режими эркин фикрли шахслар хорижда ўзларига ҳамфикрлар топишидан, уларнинг бирлашишидан чўчийди”,- дейди Алишер Таксанов.

Ўзбекистонда кейинги ойларда эркин фикрли шахсларга нисбатан босим ва тазйиқлар кучаяётгани кузатиляпти. Бундан кўринадики, “қора рўйхат” таркиби янада кенгайиши мумкин.
XS
SM
MD
LG