Линклар

logo-print

Душман яратиш кўлами кенгаймоқда

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:x4zap5OsvMozTM:http://art-teria.alport.lg.ua/uploads/posts/thumbs/1192717002_3131059_thumbnail.jpg Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “мамлакат осойишталигига хавф солаëтган” навбатдаги гуруҳга қарши яна бир фильмни намойиш қилди. Бу сафар улар назари Ўзбекистондаги исломий гуруҳларга қаратилди.

Бундан олдин миллий телерадиокомпания насроний диндорлар ва “Озодлик” радиоси журналистларига қарши фильмни намойишга қўйган эди. Ҳар уччала фильмда ҳам бир дастхатни кўриш мумкин. Расмий Тошкент назарида душман ҳисобланганларга иложи борича кўпроқ лой чаплаш, улар яқинлари ва қариндошларининг аниқ манзиллари кўрсатилиши.

Олдинги иккала фильмда ҳам ҳукумат душманларига уриладиган пичоқ сопини ўзидан чиқаришга интилиш бор.

Диндорларга қарши фикр фильмда Тошкент шаҳри имом хатиби Анвар қори Турсунов тили билан овозлантирилган. Аммо бу сафар ўзини журналистик суриштирув олиб бораëтган гуруҳ, дея айтганлар янги бир қадам қўйган. Фильмга театр актëрлари ҳам жалб қилинган. Фильмга ўзбекистонлик бир мусулмон Абдураҳим Соипов бош қаҳрамон қилиб олинган:

“Соипов Абдураҳим Турғунович. 1975 йил 18 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Учтепа тумани Якдил кўчаси 13-уйда яшаган. Оилали. Икки фарзанди бор. Жиҳодчилар диний экстремистик оқими аъзоси”.

Фильм давомида Абдураҳим Соиповнинг таниқли имом Обид қори Назаров қўлида ўқигани айтилади:

“1996-2000 йиллар давомида у Тошкент шаҳрида Обид Назаров бошчилигида хуфиëна ташкил қилинган ҳужраларда таълим олди”.

Айни пайтда Обид қори Назаров бу кишини танимаслигини билдирди.

“Бу инсонни мен танимайман. Ҳозир эшитиб турибман. Мен ўзим дарс берган талабаларнинг анча-мунчаларини эслайман. Бунинг ичида Абдураҳим Соипов дегани борлигини билмадим. Унақасини ҳеч эслай олмаяпман. Бу, назаримда, балки аниқ айтиш мумкин, МХХ ўйлаб топган чўпчак, иғво, фитна ва сценарийдан бошқа нарса эмас”,- деди Обидхон қори “Озодлик” билан суҳбатда.

Фильмнинг томошабинларга етказмоқчи бўлган асосий ғояси қуйидаги иқтибосдан маълум бўлди:

“Муқаддас маслак йўлида, керак бўлса, иймони заиф кимсаларнинг молини талон-тарож қилиб, бисотини ўғирлаб, ўзларини ўлдирган”.

Фильм талқинига кўра, Ўзбекистондаги баъзи исломий гуруҳлар ўғирлик қилиб жиҳод учун пул йиғмоқда.

“Мақсаддан фойдаланиш учун ҳар қандай йўл ва усулларга рухсат этилади”,- дейилади фильмда.

Обид қори Назаров бу ҳақда фикр билдириб: “Ислом динида одам ўлдириш қораланади ва биз ҳам доимо талабаларга фақат яхшилик ҳақида дарс бериб келганмиз. Бу айтилаëтган сўзлар ҳаммаси туҳматдан иборат. Одам ўлдиришга келсак, бу МХХ ва ИИВ қўллайдиган энг ишончли услубларидан бири. Одам ўлдириш уларга ҳеч нарса эмас. Улар ўзи қилаëтган ишни одамларни чалғитиш учун бошқа бировларга ағдариш билан шуғулланиб келяпти”,- деди.

Фильмда Обид қорининг Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний билан бирга мамлакат ташқарисидан туриб Ўзбекистон ичкарисига ғулғула солаëтгани айтилади.

“Тоҳир Йўлдош, Жума Намангоний, Обид Назаров каби юрт бузғунчилари ўзга мамлакатларда ҳам хуфия ҳужралар ташкил қилиб, йўлдан адашган ëшларга диний экстремистик адабиëтлардан сабоқ бериш, шу орқали уларнинг онгини заҳарлашга бош-қош бўлишди”,- дейилади фильмда.

Обид қори назарида бу гаплар Ўзбекистон МХХ идораларида тўқилган чўпчакдан бошқа нарса эмас.

Обид қори Назаров: Авваламбор, бизнинг Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний билан ҳеч қандай алоқамиз бўлмаган. Масалан, Жума Намангонийни умуман кўрмаганман. Дарс масаласига келсак, биз мамлакат ичкарисида ҳам дарс берганмиз. Мен 1997 йилгача дарс берганман.

Озодлик: Бу ерда 1996 йилдан 2000 йилгача, деб айтиляпти.

Обид қори Назаров: Бу хатолиги-да. Биз очиқчасига 1997 йилгача дарс бердик. 1998 йилда биз уйдан чиқиб кетдик. Европага келганимиздан кейин эса, алҳамдилуллоҳ, бир қатор эркинликларга муяссар бўлдик ва дарсларимизни давом эттиряпмиз. Бизнинг дарсларимиз очиқ. Ким хоҳласа, иштирок қилиши мумкин. Уйда ҳам, масжидда ҳам дарс берамиз. Islomovozi.com сайтида эса савол_жавоблар ўтказамиз.

Озодлик: Ўзларини мустақил журналистик суриштирув олиб бораëтган журналистлар, деб атаган гуруҳ олдида Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг темир эшиклари ланг очилади, қамоқхоналарда жазо ўтаëтган маҳбуслар улар микрофонига айбларига иқрор бўлиб гапиради...

Обид қори Назаров: Улар (маҳбуслар) учун ҳам осон тутиб бўлмайди. Қийноқ остида ҳар нарса дейиш мумкин. Ислом динимиз қийноқ остида бўлса, инсон ўз соғлиғини йўқотадиган, ҳаëтини йўқотадиган хавф туғилса, Аллоҳга қарши сўз айтишга ҳам рухсат берган. Шунинг учун у ерда ўтирганларнинг сўзига эътибор йўқ. У сўзларга ҳеч ким жиддий сўз, деб қарамайди. Инсон ташқарига чиқиб ўз эрки қўлида пайтда айтса, у гап тўғри бўлиши мумкин. Уларнинг айтаëтгани артистлар сўзидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Актëр саҳнага чиқиб ҳар балоларни дейиши мумкин. Саҳнадан тушгандан кейин нимага бунақа дедингиз, деса мен рол ўйнадим-ку, дейди. Ўзини оқлайди. Шунга ўхшаб қамоқда ўтирган одам ҳам ҳар нарса дейиши мумкин. Уларнинг сўзи эътиборсиз.


Диндорларга қарши фикр фильмда Тошкент шаҳри бош имом хатиби Анвар қори Турсунов тили билан овозлантирилган. Яъни диндорларга қарши қаратилган пичоқ сопи ўзидан чиқарилган.

Обид қори Назаров зулмни алқаган ўзбек имомлари қилмишларини қиëматга ҳавола қилди.

“Кейинги пайтда Ўзбекистон осойишталигига қарши пайдар-пай учта фильмнинг пайдо бўлиши мамлакатда душман яратиш маъракасининг авж нуқтага чиққанидан дарак,- дейди таҳлилчи Алишер Таксанов. – Ташвиқот машинаси ишламоқда. Ўз халқини иқтисодий таназзулга олиб борган ҳукумат элни чалғитиш учун душман ясашга ўтиб олди. Мухолифат, журналистлар, мустақил диндорлар. Айнан ўшаларнинг ëвуз ҳаракати боис бирингиз икки бўлмади,дея айбни бировларга тўнкаш истаги ëтибди бу фильмларда”.

Алишер Таксанов таъкидича, муқобил ахборот имкони бўлмаган аксар аҳолига мўлжалланган бундай фильмлар баъзан тескари самара ҳам бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG