Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:54

“Европа жаллоди” қўлга тушди


Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европада содир этилган энг мудҳиш қонхўрлик ташкилотчиси Радован Караджич ўн уч йил давом этган қидирувдан сўнг қўлга олинди.

Босния серблари ҳарбий лидери, 63 ёшли Радован Караджичнинг қўлга олинганини 21 июль тунида Сербия президенти Борис Тадич эълон қилди.

Босния-Герцеговина президиуми раиси Харис Силайджич бу борада “Озодлик” радиоси орқали ўз муносабатини билдириб: “Адолат кеч бўлса-да, тантана қилди. Ҳозирча Младич озодликда қолмоқда. Авваллари мен Караджич ва Младичнинг қўлга олинишига ишонмас эдим. Энди эса мен Младич ҳам қўлга олинишига ишонаман. Уни, албатта, Сребреницадаги геноциди учун суд қилиш зарур”,- деди.

Караджичнинг қўлга олингани тўғрисидаги хабар тарқатилиши биланоқ Босния пойтахти Сараевода аҳоли кўчаларга чиқиб, сайил уюштирди. Бу шаҳар 1992-96 йиллар давомида Караджич раҳбарлигидаги ҳарбийлар томонидан 43 ой раҳмсиз ўққа тутилган эди.

Караджич Гаага халқаро трибунали томонидан икки марта геноцидда айбланган. Сараевони ўққа тутиш пайтида унинг қўшини томонидан 12 минг фуқаро қириб ташланди. 1995 йилда эса Караджич қўшини Сребреницада 8 минг мусулмон эрларни ва балоғатга етмаган ўғил болаларни отиб ташлади.

Караджичнинг қамоққа олиниши ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Брюссель учрашуви арафасига тўғри келди. Бу йиғилишда Сербиянинг Еига қўшилиши масаласи муҳокама қилиниши кутилаётган эди.

Ҳарбий жиноятлари учун 13 йилдан бери қидирувда бўлган Караджичнинг қамоққа олиниши ЕИ томонидан юқори баҳоланди.

“Серб ҳукумати бу амалиётни жуда яхши ўтказди. Мамлакатда яқинда президентлик ва парламент сайлови ўтказилди. Менимча, янги ҳукумат Гаага халқаро трибунали билан ҳамкорликка тайёр эканини намойиш қилди. Буни мен қўллаб-қувватлайман”,- деди ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавъер Солана.

Франция ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер эса Сербияни ЕИга қабул қилиш масаласида бирор қарорга келишга ҳали эрта эканини айтди. Негаки, бунга қадар серб ҳукумати Караджич ва Младични қўлга олиш жараёнини ортга суриб келган, бу эса Сербиянинг ЕИга қўшилиши масаласини ортга суриб келаётган эди. Франция расмийси Караджич қўлга олингани билан бошқа бир ҳарбий жиноятчи - Ратко Младич ҳамон озодликда қолаётганини эслатди.

Бироқ Сербия ташқи ишлар вазири Вук Еремич расмий Белград халқаро ҳуқуқ борасидаги мажбуриятларини бажаришда қатъий эканини айтди:

“Биз ўзимизнинг ЕИдаги келажагимизга жиддий муносабатда эканимизни исботладик. Биз иттифоққа аъзо бўлмоқчимиз, минтақадаги осойишталик ва барқарорлик посбонига айланмоқчимиз. Биз ҳақиқатан ҳам тинчликка, халқаро қонунларнинг устиворлигига интилмоқдамиз”,- деди Вук Еремич.

Караджичнинг қўлга олингани Боснияда байрам қилинаётган бир пайтда Сербия ультрамиллатчилари унинг қамоққа олинишига қарши намойишга чиқди. Караджичнинг қўлга олиниши, Гаага трибунали қораловчиси Серж Браммерц таъкидича, “ҳеч бир шахс қонундан ташқарида бўлмаслигини яна бир бор исботлади”.

АҚШ ҳукумати ҳам Сербия томонидан Караджичнинг қўлга олиниши ва халқаро трибуналга топширилиши истагини қўллаб-қувватлади. Россия ҳукумати эса “Караджични суд қилиш жараёни холис ўтиши” кераклиги тўғрисида огоҳлантирди. Кремль фикрича, БМТ ҳарбий трибунали маҳкама жараёнига «кўпинча нохолис ёндашади».

Радован Караджич 1992-96 йиллар давомида минглаб мусуломонларнинг жаллодига айланган, Гаага халқаро трибунали томонидан Сребреница шаҳрида 8 минг мусулмон йигитни қириб ташлаганликда айбланган. Айни пайтда Босния серблари ҳарбий лидери бўлган Радован Караджич Гаага трибуналига топширилишини кутмоқда.
XS
SM
MD
LG