Линклар

Тожикистонни янада оғирроқ синовлар кутаётганга ўхшайди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон етказиб берилаётган табиий газ учун қарзини тўлай олмаётган Тожикистонга “зангори олов” узатишни деярли икки баробар қисқартирди. Ҳозир Тожикистон кунига атиги 528 минг куб метр газ олаётир.

Жорий йилнинг сўнгги 7 ойи давомида Ўзбекистон ўзидан қарздор бўлиб қолаётган Тожикистонга нисбатан бир неча марта ана шундай чора кўришга мажбур бўлди.

“Тожикгаз” давлат унитар корхонаси бош директори Фатҳиддин Муҳиддиновнинг билдиришича, айни пайтда корхона ўзбекистонлик ҳамкасбларидан тахминан 7 миллион доллар қарздор бўлиб қолган. Бу қарзнинг тўпланиб қолишига Тожикистондаги корхоналар истеъмол қилинган газ учун “Тожикгаз”га ҳақ тўлай олмаётганидир. “Тожикгаз”нинг асосий қарздорлари эса “Барқи тожик” ва “Тожикцемент” корхоналаридир.

“Барқи тожик” очиқ акциядорлик ширкати раиси Шарифхон Самиев “Тожикгаз” олдидаги қарздорлик сабабларига тўхталиб: “Ўтган йил давомида 13 миллион долларга газ сотиб олиб, шаҳар аҳолисини қишдан чиқардик. Аммо фойдаланилган электр қуввати пулини ҳали аксарият аҳоли қайтармаган. Биргина иссиқлик электр марказининг ўзи 140 миллион сомоний зарар етказди. Бунинг жавобини ким беради? Иссиқ сувнинг пулини ким беради? Шаҳар ҳукумати ҳам жим. Албатта, қарздор бўлиб қолаверамизда”,- деди.

“Тожикгаз” расмийси Шавкат Шоимов эса ўзбек гази ҳозир фақат Тожикистон алюминий компанияси ва қисман “Тожиказот” корхонасига тақсимлаб берилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг газ пулини тўлай олмаётган катта қисмига ҳам газ бериш тўхтатилган. Айни пайтда аҳолининг атиги 20 фоизигина газ билан таъминланган, холос.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон 2009 йилдан бошлаб табиий газни янада қимматроқ сотиши борасида Тожикистонни огоҳлантирган эди. Ҳозир Ўзбекистон ҳар минг куб метр газни Тожикистонга 145 доллардан пуллаётган бўлса, 2009 йил бу рақам анча катталашиши мумкин.

Ўзбекистоннинг бу нияти Тожикистон ҳукуматини шошилинч чоралар кўришга мажбурлаётган кўринади. Жумладан, Тожикистон ҳукумати энергетика ва газ мустақиллигини тезроқ қўлга киритишга доир тадбирларни жадаллаштиришга киришган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон келгуси уч йил давомида Роғун ГЭСни қуриб битириш, мамлакатнинг барча тоғли ҳудудларида кичик ГЭСлар қуриш ҳамда мавжуд газ захираларини хорижий сармоядорлар молиявий ва техник кўмагида ўзлаштиришга кўрсатма берган.

Аммо Россиянинг “Газпром” ва Буюк Британиянинг “Тетис петролиум лимитед” компаниялари мамлакат жанубидаги газ захираларини ўзлаштириш борасида лицензияга эга бўлса-да, ҳозиргача иш бошлаганича йўқ.

Мустақил кузатувчи Рашид Ғани келгуси йилдан ўзбек гази нархи яна ошса, шундай ҳам иқтисодий қийин вазиятда турган Тожикистон учун янада оғирроқ синовлар бошланиши мумкинлигини таъкидлади.

“Йилнинг тўрт фаслида ҳам Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ўртасида электр қуввати, табиий газ ҳамда сув масалаларига доир муаммолар тез-тез кўтарилиб туради. Чунки ҳар бир давлат ўз манфаатини кўзлаган ҳолда иш тутмоқда. Тожикистонга узатиладиган электр қуввати ва табиий газ миқдори қисқартирилаётганидан ҳукумат раҳбарлари қўшни давлатлардан гина қилмаслиги, аксинча ўзининг стратегик лойиҳаларини амалга оширишга жиддийроқ ёндашиши зарур”,- деди Рашид Ғани.
XS
SM
MD
LG