Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

Ўзбекистонга темир йўл орқали ун экспортига йўл қўйилмаяпти


“Қозоғистон темир йўллари” компанияси бир ойдан ошиқ вақт давомида Жанубий Қозоғистондаги “Астиқ унемдери” ун ишлаб чиқарувчилар уюшмасига қозоқ унини темир йўл орқали Ўзбекистонга экспорт қилишга йўл қўймаяпти.

Уюшма бунга Қозоғистон расмийлари Ўзбекистонга уни темир йўл орқали экспорт қилишни тақиқлагани, ҳозир экспорт фақат автотранспорт воситада амалга оширилаётганини билдирди.

“Ҳозир ёқилғиси нархи ошиб кетгани сабабли транспорт харажатлари бизга қимматга тушмоқда. Боз устига, автотранспорт билан кўп ун экспорт қилишнинг иложи йўқ. Қолаверса, бунда йўлда ва чегарада турли нохушликлар юз беради. Қозоғистон ғалла экспортига тақиқ қўйган бўлса-да, унни экспорт қилишни маън этмаган. Шунга қарамай, “Қозоғистон темир йўллари” раҳбарияти уюшмамизга вагонлар бериш баъзи бир техниклар сабаблар туфайли тақиқланганини рўкач қилиб келмоқда. Бу муаммо юзага келганига бир ой бўлган бўлса-да, сабаб ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда”,- деди “Озодлик” билан суҳбатда “Астиқ унемдери” уюшмаси матбуот котиби Райҳон Нигмадилова.

“Қозоғистон темир йўллари” расмийлари Ўзбекистонга ун экспортига нега рухсат этилмаётганига ойдинлик киритишни истамади.

“Қозоғистон темир йўллари” “Астиқ унемдери”га Ўзбекистонга ун ташиш учун вагон ажратишга 5 июндан бошлаб тақиқ қўйганди. Ўшандан бери бу тақиқ ўз кучини сақлаб келмоқда.

Аксар кузатувчилар бу муаммога техник сабаблар эмас, балки кўпроқ икки давлат ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар тўсиқ бўлаётганини айтмоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев сўзларига кўра, бу масалада шахсий ва сиёсий сабаблар устунлик қилади.

“Мен Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев ўртасидаги шахсий муносабатларни назарда тутяпман. Бу давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий муносабатларига катта таъсир ўтказади. Чунки Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ҳокимият бир киши қўлида бўлгани учун президентлар ўз давлатлари ташқи сиёсатига катта таъсир ўтказа олади. Агар улар орасидаги муносабатлар ёмон бўлса, муаммолар юзага келаверади”,- деди Д.Сатпаев.

Унинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг ўзаро муносабатларидаги совуқлик қозоғистонлик тадбиркорлар билан бир қаторда оддий ўзбекистонликларга ҳам катта ташвиш келтираётганини кузатиш мумкин.
XS
SM
MD
LG