Линклар

logo-print

Ойлик ошди, бозор шошди

  • Барно Анвар

Ўзбекистон президенти 2008 йилнинг 1сентябридан мамлакатда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорини ўрта ҳисобда 1,2 баробарга ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга биноан, 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистонда бир ойлик энг кам иш ҳақи 25 минг 40 сўм, пенсия 49 минг 600 сўм, ногиронлик нафақаси 49 минг 600, ёшга доир нафақа 30 минг 40 сўм бўлади.

18 июль куни Вазирлар Маҳкамасида 2008 йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда сўзлаган президент Ислом Каримов, шунингдек, сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 221 АҚШ долларига етишини ҳам ваъда қила туриб: “Биринчи навбатда халқимизнинг ҳаëт даражасини ўстириш, халқимиз оладиган даромадни кўпайтириш, халқимизнинг даромади қай аҳволда, ярим йилда қанчага ошяпти ва оладиган маош ҳаëт даражасига қандай таъсир ўтказмоқда, деган саволга, албатта, биз жавоб беришни бугун ўринли, деб билишимиз даркор. Ойлик ошиши авваламбор қоғозда эмас, амалда бўлиши керак. Керак бўлса, халқимиз буни ҳар қадамда сезиб юриши керак”,- деганди.

Яъни мамлакат президентининг сўзларидан келиб чиқилса, тириклик учун энг зарур харажатларни давлат бюжетидаги ташкилот ва муассасаларда ишлайдиган аҳолининг даромади қоплагудай бўлиши мақсад қилинган.

Юртбошининг ана шу мақсад билан ойлик маошларни ошириш тўғрисида имзолаган навбатдаги фармони қанчалик реал ва бу ҳақиқатда ҳам аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганига мамлакат фуқаролари қанчалик ишонади? Ҳақиқатда ҳам ойлик ошганини аҳоли сезяптими?

- Нарх-наво ошгани тўғри. Нафақахўрлар ва ногиронларга маълум бўлади бу нарса. Лекин ойлик 20 фоиз ошганда нарх-наво 40 фоизга ошиб турса, ўз-ўзидан буни сезиладиган даражада, деб бўлмайди. Бизда ойлик ошди, деган фармон чиққандан кейин нарх-наво ўз-ўзидан ошиб кетади. Агар бу фармон 1 сентябрдан амалга кирадиган бўлса, ҳозирдан нарху наво ошишига тайëр бўлиб боришимиз керак.

- Бизнинг Ўзбекистонда аввал ойлик ошиб, кейин нарх-наволар ошмайди. Ойлик ошаркан, деган гапдан бир ҳафта олдин бозорга тушсангиз ҳамма нарса кўтарилиб, ҳали олинмаган ойликнинг балансига тўғри келмаган нархда ҳамма нарса тайëр турган бўлади. Бунга одамлар аллақачон кўникиб ҳам қолди.

Одатдагидек ойлик ошгани ҳозирданоқ бозордаги нарх-наволарда сезила бошлади. 20 фоиз ошган ойлик қарийб 2 ойдан кейин қўлга тегади. Нархлар эса ҳозирдан қарийб 40 фоиз ошиб бормоқда. Аммо бу ўзбекистонликлар учун янгилик эмас.

Бироқ мамлакат раҳбари, шунингдек, сентябр ойидан бошлаб ўртача иш ҳақининг 221 АҚШ долларига етишини ҳам маълум қилди. Айрим ўзбекистонликлар мамлакатда кимдир бунча ойлик олишига ишонмайди.

- Менимча, бу расмиятчилик учун эълон қилинган бўлса керак. 221 АҚШ доллари оладиган давлат корхоналари ишчилари, менимча, бўлмаса керак. Чунки битта тиббиëт ходими ойлиги ўртача 80.000 сўм. Ошса, жуда борса 100.000 олиши мумкин. Бу доллар эмас, сўм ҳисобида. Балки озиқ-овқат, йўлкира пулларини қўшганда ўшанча сумма келиб чиқиши мумкин. Аслида эса, шахсан гувоҳ бўлганим, 80.000-100.000 атрофида беришади, холос. Бу ўртачадан сал юқори сумма. Менимча, ўртачаси 60.000”.

Аммо ўртача ойлик маош 100 ёки 150 минг сўм деб олинган, бунга ойлик йўлкира, озиқ-овқат учун ёрдам пулларини ҳам қўшиб 200 ёки 250 минг сўмлик суммани чиқарган тақдирда ҳам бу Ўзбекистондаги ўртаҳол бир оиланинг бир ойлик ўртача харажатини барибир қоплай олмайди.

- Авваллари 50.000-60.000 сўм пул ишлаб топиш учун анча меҳнат қилиниши керак эди. У менинг ëшимдагилар учун нисбатан катта пул бўлиб кўринади. Менинг ëшимдаги талабалар 100 долларлаб кўтариб юрибди, ваҳоланки ўшани ҳам пул эмас, деб ҳисоблашади. Бу ўз-ўзидан миллий валютанинг инфляцияси билан боғлиқ. Бунга олиб келадиган сабаблар жуда кўп. Умуман Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий вазият иш ҳақлари, бошқа иқтисодий таъминотлар билан боғлиқ бўлади. Турар жойларнинг коммунал тўловларининг ўзи айтсак бир достон бўлади. Ойлик иш ҳақи баланс тўғри келяптими, деган нарсалар ҳисобга олинмайди.
XS
SM
MD
LG