Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳамон жим


Тожикистон Олий суди раиси Нусратилло Абдуллоевнинг Ўзбекистонни террорчиликда айблаб жорий йилнинг 16 июлида берган баёнотига расмий Тошкент шу пайтгача жавоб қайтармади.

Н.Абдуллоев “Душанбеда 2007 йил июлида содир этилган портлашлар тожикистонлик ўзбек Комилжон Эшонқулов томонидан Ўзбекистон махсус хизматлари топшириғи асосида амалга оширилгани, бунинг учун ижрочига Ўзбекистон томонидан 5 минг доллар миқдорида мукофот пули берилгани”ни маълум қилган эди.

Бу баёнот юзасидан Ўзбекистон томони ўз расмий муносабатини ҳалигача билдиргани йўқ. “Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийлари бу масала юзасидан шарҳ беришга ваколатли эмаслигини айтиб, телефон гўшагини илиб қўйди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов бу масалада муносабат билдирар экан, Тожикистон Олий суди раиси баёнотини ишончсиз, деб билади. Ўзбекистон томонининг Тожикистон билан муносабатларини бу тарзда портлашлар йўли билан ҳал этиши учун ҳеч қандай асос йўқ.

“Нима мақсадда қилинганини бир фаҳмлаб кўрайлик. Нима мақсадда қилиниши мумкин? Агар бу ерда беқарорликни келтириб чиқариш, одамлар орасида саросима яратиш бўлса шундоқ ҳам Тожикистондаги турли хил гуруҳлар орасидаги кураш ҳали тугагани йўқ. Шунинг учун бу жамиятни барқарор ҳолатда, деб бўлмайди. Менимча, бу Ўзбекистоннинг манфаатига ҳам кирмайди”,- деди Ф.Толипов.

Айни пайтда тошкентлик сиёсатшунос бу каби баёнотларга сукут сақлаш билан жавоб бериб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Фарҳод Толипов Тожикистон томонининг баёнотини расмий Тошкент эътиборсиз қолдирмаслиги керак, деган фикрда.

“Қўпол баëнотларни эътиборсиз қолдирмаслик керак. Шунинг учун ташқи ишлар вазирлари даражасида мувофиқлаштириш керак ва можаровий ҳолатнинг биринчи пайдо бўлган учқунларини ўчириш керак”,- деди Фарҳод Толипов.

Бу масалага Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ўрганиш институти ҳам диққат қаратган. Ушбу ташкилот нашрида чоп этилган мақолада мана бу сатрларни ўқиш мумкин:

“Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2000 йили абадий дўстлик шартномаси имзоланган эди. Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистон ва Тожикистон бир қатор ўзаро келишмовчиликларга эгалар. Бу келишмовчиликлар қийинлаштирилган виза режимида, фуқароларнинг жосусликда айбланиб, мунтазам тарзда қўлга олинишида ва барқарорликни издан чиқаришга ҳаракат қилганликда айблашларда яққол намоён бўлади”.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев келишмовчилик сиёсатини олиб бориш давлат мафкурасининг бир қисмидир, деган фикрни билдирди.

“Ҳар ҳолда бу давлат мафкурасининг қандайдир бўлагидир. Қачонки мамлакат ичкарисида катта муаммолар мавжуд бўлса, ташқи душманни излаб топиш шунча осон бўлади. Айни ҳолатни Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам кузатиш мумкин. Давлат учун юзага келган муаммоларни ҳал қилиш ўрнига бу муаммоларни ташқи душман зиммасига юклаши осонроқ кўчади. Ўзбекистонда ташқи душман масаласи жуда осон ҳал этилади. Чунки бу давлат бу масала билан анча йиллардан бери шуғулланиб келмоқда. Тожикистон ҳам бу борада энди тажриба ўтказмоқда. Катта миқдордаги муаммолар бир-бирини босиб кетган. Бунинг оқибатида улар ўта таҳдидли вазиятни пайдо қилмоқда”,- деди Дўсим Сатпаев.
XS
SM
MD
LG