Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:41

“Ўзбектелеком”га харидор чиққанга ўхшайди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:xPjMVhLEi3KQGM:http://img1.nnm.ru/imagez/gallery/9/3/9/8/4/93984358a4f27371683e8e3ccb40cc66_full.jpg “Ростелеком” ширкати Ўзбекистоннинг “Ўзбектелеком” компанияси акцияларини сотиб олишни режалаштирмоқда. “Ростелеком” ўз бозорини кенгайтиришдан манфаатдор бўлса, “Ўзбектелеком” 49 % акцияларини сотиш ниятида.

“Ростелеком” матбуот хизмати ходими Никита Попов айни маълумотни компания инкор қилмаслигини, лекин уни тасдиқламаслигини ҳам билдирди.

“Ростелеком” “Ўзбектелеком” улушини сотиб олиш режаси ҳақида расман эълон қилгани йўқ. Шунинг учун бу борада маълумот бера олмайман. Лекин “Ростелеком” постсовет давлатлардаги алоқа компаниялари улушини сотиб олишдан манфаатдор”,- деди Никита Попов.

“Коммерсант.ру” сайти “Ростелеком” харидор бўлаётган компаниялар номларини келтиради. Сайт айни пайтда “Ростелеком” Озарбойжоннинг “Азтелеком”, Қозоғистоннинг “Қазтелеком” ва “Қазтранском”, Ўзбекистоннинг “Ўзбектелеком”, Украинанинг “Укртелеком” ва “Фарлеп” операторларини сотиб олиш имкониятини ўрганаётгани ҳақида ёзди.

Мавжуд маълумотга кўра, “Ростелеком” сотиб олишни режалаштираётган активларнинг умумий қиймати 4 миллиард долларни ташкил этади. Шундан “Ростелеком” “Ўзбектелеком” операторининг 49 фоиз активи учун 45-50 милллион АҚШ доллари миқдорида пул сарфлаш режасида, деб хабар қилади “Коммерсант.ру”.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси мутасаддиларидан бири “Ростелеком”дан улуш масаласида ҳали таклиф тушмаганини, лекин ташкилот 49 фоиз акция пакетини сотиш режасида эканини билдирди.

“Ўзбектелеком” 3 йилдан бери ўзининг 49 фоиз акциясини сотиш ниятини эълон қилиб келади. Бу ҳақда расмий веб саҳифамизда ҳам ëзилган. Мен “Ростелеком” билан бу масала устида ишлаганимиздан бехабарман. Билмадим, тўғриси. Балки мўлжал қилаëтгандир”,- деди “Ўзбектелеком” вакили.

“Ўзбектелеком” сайтидаги маълумотга кўра, компания мамлакатдаги турғун ва мобил алоқа операторлари ҳамда интернет провайдерлари учун каналларни ижарага бериш, барча хилдаги товушли алоқа ва маълумотни узатиш хизматлари, шунингдек, телевидение ва радио эшиттириш дастурларини узатиш учун каналларни ташкил этиб келмоқда.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича, компания акцияларининг маълум қисми хорижга сотилган тақдирда ҳам алоқа давлатнинг махфий соҳаларидан бири саналгани учун ҳукумат назорат пакетини ўз қўлида сақлаб қолади.

“Яқин вақтларгача телекоммуникация тизимлари давлатнинг қаттиқ назорати остида бўлар эди. Чунки бу стратегик аҳамиятга эга тизим ҳисобланади. Давлатнинг барча махфий материаллари, турли ахборотлар, давлат учун керакли бўлган маълумотлар шу тизим орқали узатилади ва қабул қилинади. Лекин бозор тизимига ўтиш муносабати билан чет элликлар иштирокидаги ишлар жадаллик билан боряпти. “Ўзбектелеком”нинг муайян акциялари Россия компаниясига сотилиши тўғрисидаги гап-сўзлар ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак. Назорат пакети ҳукуматнинг қўлида қолади, албатта”,- деди К.Алиев.

Унинг айтишича, “Ўзбектелком”га Россия компаниясининг харидор бўлиши икки давлат ўртасида кейинги пайтда совуқлашиб бораётган муносабатлар илиқлашишидан далолатдир.
XS
SM
MD
LG