Линклар

Собиқ куёв яна қайнотасини айблади


Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев АҚШда чиқадиган “Уолл стрит жорнал” нашрига Нурсултон Назарбоев коррупцияда айбланган маълумотлар тақдим этди.

Унда собиқ куёв ўз қайнотасини мамлакат табиий бойликларини ўзлаштираётган хорижий компаниялардан келаётган фойда эвазига миллиардлаб доллар бойлик жамғарганини билдирган.

Р.Алиевнинг бу иддаолари Қозоғистон ичида ҳам турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди.

“Миллат тақдири” ҳаракати раҳбари, сиёсатшунос Дўс Қўшим Р.Алиевнинг хорижий нашрга тақдим этган маълумотларида ҳақиқат бор, деб ҳисоблайди.

“Агар Роҳат Алиев бундай маълумотни берган бўлса, демак унинг қўлида чиндан ҳам Назарбоевнинг коррупцияга алоқадорлиги бўйича аниқ далиллар мавжуд. Афсуски, Қозоғистон буни қанча исботлашга уринмасин, у демократик давлат эмас. Бизнинг парламент президентга импичмент эълон қила олмайди. Менимча, бу юзасидан парламент ёки мухолифат томонидан махсус комиссия тузилиб, ҳақиқатни билишга тиришмоғи керак”,- деди Дўс Қўшим.

Бироқ, унинг эътирофича, Н.Назарбоевнинг коррупцияга алоқадорлигини кўрсатувчи ҳужжатларни мустақил экспертлар кўригидан ўтказишнинг иложсизлиги Роҳат Алиевнинг иддаолари далилларсиз қолиб кетишига олиб келмоқда.

Р.Алиевнинг келтиришича, Нурсултон Назарбоев тўплаган бор мол-мулкни идора қилиш билан унинг Вашингтонда яшайдиган маслаҳатчиси бўлмиш Александр Миртчев исмли киши шуғулланади. А.Миртчев Н.Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли маблағларни дунёнинг турли банкларидаги ҳисоб рақамларига жойлаштиришни ўз зиммасига олган. Қозоғистон президенти оиласига тегишли бўлган маблағлар эса нефть, уран, темир рудаси ва мис бизнесидан келиб тушади.

Қозоғистонлик мухолифатчи Айдос Саримов ҳам Р.Алиевнинг қайнотасига айбловларида ҳақиқат борлигини инкор қилмайди. Бироқ у бу ҳолатни кузатиб бораётган жамоатчилик улар халқ манфаатини эмас, балки юқори доирадаги маълум бир шахслар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилганини англаб етмоғи зарурлигини таъкидлайди.

“Келажакда ҳақиқат, албатта, юзага чиқади. Қозоғистон раҳбарлари томонидан содир этилган жиноят ишлари далиллар асосида исботланади. Ҳозир, масалан, Қозоғистон иқтисоди икки маротаба легализация қилинди ва бунинг давомида амалдорлар 4 млрд. доллардан ошиқ маблағни ўзлаштириб олди. Агар бу иш мустақил экспертлар томонидан кўриб чиқилса, пуллар халққа қайтарилиши мумкин. Бироқ халқ ўз пулини қайтармоғи учун унинг сиёсий онги ўсмоғи керак”,- дейди Айдос Саримов.

Р.Алиев Қозоғистонда оғир жиноятлар содир этишда айбланган бўлиб, ўтган йили сиртдан 40 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Ҳозир Европадан бошпана топган Р.Алиев юртидаги оғир айбловларга қарамай, вақти келиб Қозоғистонга қайтиш истаги ҳам борлигини билдирган эди.

Сиёсатшунос Азимбой Ғали Р.Алиевнинг Назарбоевга қарши айбловлари унинг юртига қайтишига пойдевор тайёрлаш вазифасини ўташ мақсадига хизмат қилишини таъкидлади.

“Роҳат Алиев Қозоғистонга қайтиш учун ўзини бегуноҳ кўрсатишга ҳам уринмоқда. Бироқ Н.Назарбоев оиласида бўлган одамнинг бу оила содир этган жиноятлардан бехабар бўлганига ишониш қийин”,- деди Азимбой Ғали.

Ҳозир АҚШнинг Федерал текширувлар бюроси ва Манхэттен тумани прокурори Н.Назарбоевнинг АҚШдаги маслаҳатчиси А.Миртчевнинг банк алоқаларини текшириш ишларини олиб бораётгани ва бу текширув ўзининг бошланғич босқичида бўлгани сабабли Қозоғистон раҳбари ва унинг оила аъзолари маблағларини хориждаги банкларга ўтказишга алоқадор экани айтилган компаниялар вакиллари журналистлар билан боғланмасликни маъқул кўрмоқда. Ўз навбатида, расмий Остона ҳам бу мавзуда сукут сақлашда давом этаётир.
XS
SM
MD
LG