Линклар

Ўзбекистон ҲРУ вакилини ҳайдаб чиқарди

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Z14OG0GPPQsUwM:http://www.hrw.org/iff/2004/images/logoCMYK_small.gif Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор расмий Тошкент жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиш билан шуғулланувчи нуфузли “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакилини мамлакатдан ҳайдаб чиқарди ва унинг Ўзбекистонга киришини тақиқлади.

ҲРУнинг Ўзбекистондаги вакили, Россия фуқароси Игорь Воронцов бир неча ойлардан бери Адлия вазирлигидан ўзига аккредитация берилишини кутаётган эди. Жорий ой бошида ҲРУ ижрочи директори Кеннет Росс Тошкентга бориб, айни масалада Ўзбекистон ташқи ишлар ва адлия вазирлари билан учрашиб, ортга умидворлик билан қайтганди.

Аммо К.Росс билан музокаралардан икки ҳафтача ўтиб расмий Тошкент Игорь Воронцовга нафақат аккредетация бериш сўровини рад этди, балки уни зудлик билан мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқарди ва унинг Ўзбекистонга киришини ҳам тақиқлади.

“Ўзбекистон ҳукуматининг бизнинг нообъективлигимиз, бизнинг мамлакатдаги вазиятни нотўғри акс эттиришимиз ҳақидаги одатий эътирозлари ëнига бу гал аксилрус элементи ҳам қўшилди. Менинг расман аккредитациядан ўтказилмаслигим ва бундан сўнг Ўзбекистон ҳудудларига киритилмаслигимни билдирган расмийлар ҲРУнинг Ўзбекистонда ишловчи ходими рус бўлмаслиги лозимлигини ҳам уқтирган. Бу гапдан ҳаммамиз донг қотиб қолдик. Бундай талаб Ўзбекистон-Россия муносабатларида қай шаклдадир акс этадими, деган саволга эндиликда мен фуқароси бўлган Россия ҳукумати, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муносабат билдириши лозим. Аммо Ўзбекистондаги вакили қайси миллат, қайси дин, қайси ирққа мансуб бўлишидан қатъи назар, ҲРУ ўз ишини бундан сўнг ҳам ўз мезонлари асосида давом эттираверади”,- деди Игорь Воронцов.

ҲРУ расмийларидан бири Вероника Санта-Голдстон ҲРУ раҳбарияти Ўзбекистон ҳукуматининг И.Воронцовни ҳайдаб чиқариш ва бунинг учун келтирган таҳқирловчи изоҳидан ҳайратга тушганини яширмайди.

“Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган ўта агрессив ва ҳайратланарли ҳаракат бўлди ва бу биз учун мутлақ кутилмаган бўлди. Эндиликда биз халқаро ҳамжамият, биринчи галда ЕИ ва АҚШ каби нуфузли ҳукуматлардан Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қилиғи мутлақ қабул қилинмаслиги ва шубҳасиз, муайян сиëсий оқибатларга эга бўлиши борасида расмий Тошкентга аниқ мужда йўллашларини кутмоқдамиз”,- деди Вероника Санта-Голдстон.

У И.Воронцовнинг ҳайдалиши ва умуман Ўзбекистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан зўравонликлар учун бирламчи масъулият Тошкент зиммасига тушишини таъкидласа-да, Каримов ҳукуматининг Ғарб ҳамжамияти устидан бунчалик очиқчасига кулиш даражасига боришида ЕИ ва АҚШ ҳукуматлари ҳам айбдор, деган ишончда.

“ЕИ Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари борасида босимни сақлаб туриш ва қўйилган талаблар тўлиғича бажарилишини талаб қилишда давом этиш ўрнига Тошкентга мутлақ нотўғри сигнал беришга ўтди. Бу сигнал инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаяпмиз, дейиш учун номигагина нималардир қилиб, санкциялар муддати тугашини кутсангиз, ҳаммаси яхши бўлади, деган мазмунда эди. ЕИ босими сусайиши билан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти яна кескин ëмонлашишга ўтди ва биз бу ерда бевосита алоқадорлик кўрамиз”,- дейди Вероника Санта-Голдстон.

Унинг таъкидича, Тошкент ҳукумати каби мустабид режимлар билан фақат кескин оҳангда, кучли босим воситасида мулоқот қилиш керак ва мулоқот қилар экан, Ғарб, биринчи галда, ЕИ ва АҚШ қатъий талабларни илгари суришда давом этиши лозим.

“Ҳозирги вазиятда ЕИ Ўзбекистонга агар санкциялар бекор қилиниши учун қўйилган талаблар бажарилмаса, санкцияларнинг октябрь ойида янгиланиши ҳақида мутлақ очиқ билдириши лозим. Бунинг учун ЕИ октябргача кутиши керак эмас, балки келаси ҳафта Тошкентга борадиган юқори даражали дипломатлари орқали бу эҳтимолни кескин равишда кун тартибига қўймоғи шарт. Ўзбекистон ҳукумати ҲРУ вакилига ҳеч қандай шартларсиз аккредитация бермас экан, қамоқдаги ҳуқуқ фаолларини озод қилмас ва қолган саноқли ҳимоячиларни қамоққа олишни тўхтамас экан, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачисининг мамлакат қамоқхоналарига киришига рухсат бермас, қамоқхоналардаги қийноқларни тўхтамас, Андижондаги қирғин учун масъулиятни зиммасига олмас, эркин матбуотни тинч қўймас экан, расмий Тошкентга нисбатан ЕИнинг октябрь ойида муддати тугайдиган санкциялари мутлақ қайта янгиланиши лозим”,- дейди Вероника Санта-Голдстон.

Унинг билдиришича, ҲРУ тарихида бирор ҳукумат бу ташкилотга нисбатан расмий Тошкент каби ҳаракат қўлламаган ва шу боис, ҲРУ Ўзбекистон билан бундан кейин қандай ишлашнинг бир неча йўлларини муҳокама қилмоқда.

“Биз ҳозирча Тошкентдаги идорамизни ëпганимиз йўқ ва у ерда қолиш қарорида қатъиймиз. Биз Ўзбекистонда 12 йилдан бери фаолият юритяпмиз ва Ўзбекистон ҳукумати яратаëтган тўсиқлар боис, ҳозирча бу идорамизда доимий вакилимиз йўқ. Аммо ҳозирча Тошкент идорамизни ëпиш ниятимиз йўқ. Юзага келган шароитда бир неча имконни муҳокама қилмоқдамиз, аммо ҳалиям Тошкент ҳукумати халқаро босим остида ўз қарорини ўзгартиради, деган умиддан воз кечганимиз йўқ”,- дейди Вероника Санта-Голдстон.

Ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов ўз олдида, ҳозирги мураккаб вазиятга қарамай, нима қилмоқ керак, деган савол йўқлигини айтди.

“Биз бундан сўнг ҳам ўз ишимизни давом эттираверамиз. Афтидан, менинг бундан буëн Ўзбекистон ҳудудларини кесиб ўтишим ҳам тақиқланди ва бундай вазиятда менинг объективроқ бўлишим ниҳоятда қийинлашади. Биз Ўзбекистон ҳукуматига мулоқот таклиф қилдик, афсуски, Тошкент мулоқотга тайëр эмас экан. Шахсан мен Ўзбекистонда кечаëтган жараëнларни ҳар жиҳатдан имкон қадар аниқ ëритиш борасида самимий истакда эдим. Афсуски, мени мамлакатдан ҳайдаб чиқариш орқали улар вазиятнинг объектив баҳосини топишга ëрдам берганлари йўқ, балки аксинча. Бундан кейин мен Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини хориждан туриб қанчалик объектив ëритиш мумкин бўлса, шунга интиламан”,- дейди Игорь Воронцов.
XS
SM
MD
LG