Линклар

Эронда блоггерлар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин

  • Ҳасанжон

Эрон парламентида Интернет орқали содир этилган жиноятлар учун ўлим жазосини белгилашни назарда тутган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Агар Эрон парламенти “мамлакатнинг ахлоқий хавфсизлигига қарши содир этилган жиноятлар учун белгиланган жазолар” қаторида ушбу қонун лойиҳасини ҳам тасдиқласа, эронлик айрим блоггерлар, яъни сайтлар муҳаррирлари ўлим жазосига ҳам ҳукм қилиниши мумкин.

Қонун лойиҳасида коррупция, фоҳишалик ёки муртадликни Интернет орқали тарғиб қилган блоггерлар олий жазога ҳукм этилиши мумкинлиги таклиф қилинган.

Шу ой бошида Эрон парламентида бўлган биринчи муҳокамада қабул қилинган ушбу ҳужжат энди қонун чиқарувчи орган ва Инқилоб посбонлари томонидан тасдиқланиши лозим.

Эрон қонунларида қурол ёрдамида ўғирлик содир этганлик, наркотиклар контрабандаси, аёлларни зўрлаш каби жиноятлар учун олий жазо белгиланган. Энди олий жазо белгиланадиган жиноятлар қаторига “ахлоққа зид” блоггерлар ва Интернет сайтлари ҳам қўшилиши мумкин.

Эрондаги Инсон ҳуқуқлари маркази асосчиларидан бири, Теҳронда фаолият юритаётган адвокат Муҳаммад Саифзода “Озод Европа\Озодлик” радиоси ҳузуридаги “Фарда” радиосига берган интервьюсида янги қонун қабул қилишдан мақсад сўз эркинлиги ҳамда мамлакатга эркин маълумот кириб келишининг олдини олиш эканини таъкидлади.

Эронда сиёсий сайтларнинг аксари, мустақил ахборот тарқатувчи сайтлар ва ҳатто мусиқа сайтларига киришга ҳам чеклов қўйилган. Эронда Интернетдан фойдаланувчилар MySpace ёки Fecebook сингари ижтимоий мавзудаги тармоққа боғланиш имкониятидан маҳрум. Ҳукумат расмийлари эса фақат ахлоққа зид бўлган порнографик сайтларга чекловлар қўйилганини таъкидлаб келмоқда.

Айни пайтда Эронда Интернет тезлигининг жуда секинлиги ҳам блоггерларга муаммолар яратади.

Муҳаммад Саифзоданинг гапига кўра, Интернет ҳақида таклиф этилган сўнгги қонун лойиҳаси ёшлар орасида машхур бўлган блогларга қарши қаратилган.

“Мазкур қонун лойиҳаси блоггерларга қарши қаратилган бўлиб улар Интернетга мақолалар жойлаштиришининг олдини олишга қаратилган. Бизда блогга қарши қонун бўлмагани учун ҳукумат блоггерларга қарши кескин чора кўриш мақсадида жиддий жиноятлар қаторига шунчаки “блог” сўзини ҳам қўшиб қўйишган”, – дейди эронлик адвокат М.Саифзода.
XS
SM
MD
LG