Линклар

Акаси бўлмаса укаси...ми?


24 июль куни Қорақалпоғистонда ўзбек қочқини Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг укаси Саидкамол Обутов ҳибсга олинди. У илгари ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси билан айбланиб қамоқ жазосини ўтаб чиққанди.

М.Обутовнинг айтишича, укасини юзига ниқоб тортиб келган ҳуқуқ-тартибот ходимлари ушлаб кетган.

“Укам 1999 йилда оммавий қамашлар бўлган пайтда ҳам ушланиб қамалган. Бизнинг Тўрткўлдан яна 5-6 одамнинг уйларига наша ва варақа ташлаб, 159 модда билан қамашди. Ўша пайтда укам 9 йилга қамалиб, 2003 йилда амнистия билан чиққан эди. Укам ҳалигача назорат остида эди. Сурхондарë прокуратураси менга яна қандайдир айблар қўйиб.устимдан жиноят иши очиб излаган. Мени топа олмагандан кейин укамни қамашган”,- деди М.Обутов.

М.Обутов укасининг ҳибсга олинишини ўзи билан боғлайди. Яъни Ўзбекистон ҳукумати уни ҳибсга ололмагач, укасини қамаш йўлига ўтган, деб ҳисоблайди.

М.Обутов Россия ҳибсхонасида деярли бир йил давомида сақлангач, жорий йилнинг 31 май куни озодликка чиқарилган ва Россия уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни рад этганди. БМТнинг қочқинлар идораси М.Обутовни халқаро ҳимояга муҳтож сиёсий қочқин, дея эътироф этган. М.Обутов озодликка чиққач, хавфсизлиги юзасидан яшириниб яшашга мажбур бўлган ва унинг қаерда экани сир тутилади.

Россиялик ҳуқуқ фаолларига кўра, М.Обутов озодликка чиқарилган бўлса-да, унинг ҳаёти ҳануз хавф остида. Чунки Ўзбекистон ҳукумати уни қўлга олиш фикридан қайтмаган ва уни овлаш давом этаётир.

25 июль куни Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг ўзи “Озодлик” билан боғланиб, ҳибсдаги ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида интервью берди.

Озодлик: Ҳозир нима билан бандсиз?

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Жуда ҳам зерикарли ҳаëт. Мен турмада пайтимда кўчада бошқача бўлса керак, деб ўйлардим. Мен ўйлаганларим билан бу ердаги воқелик тўғри келмади.

Озодлик: Нега?

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Шу маънодаки, мени бир жойга қўйиб қўйишибди. Озгина бўлса ҳам пул бериб қўйишибди. Еб-ичишимни етарли бўлмаса ҳам таъминлаб қўйишибди. Ўзимнинг мустақил ишлаб пул топишимга рухсат йўқ. Менга: “Ҳали хавф бор. Россия қонунан жўнатишни рад этган бўлса ҳам Ўзбекистон ва Роосия ички ишлар ходимларининг сени жўнатиб юбориш хавфи бор”, деб мени яшириниб ўтишга мажбур қилишяпти.

Озодлик: Демак ҳозир Россияда яшириниб яшаяпсиз?

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Шундай. Менда ҳеч қанақа имконият йўқ. Қамоқдан чиқиб мана ëтибман. Бу ер ҳам қамоққа ўхшаб кетади. Фақат милиция йўқ. Булар нима деса шу энди. Менинг имкониятларим чекланган.

Айни пайтда М.Обутовга нисбатан Ўзбекистонда жиноят иши очилган бўлиб, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва тақиқланган диний оқимга алоқадорликда айбланган. У 1996 йили ҳам диний мотивлар бўйича айбланиб Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаб чиққан.
XS
SM
MD
LG