Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:18

Тожикистон қозоқлар иддаосини рад этди


Тожикистон ҳукумати расмий Остонанинг Қозоғистон далаларини суғориш учун Қирғизистондан олинаётган сув Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида ўзлаштирилиб олинаётганига оид иддаоларини рад этди.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири Шерали Гул бу ўринда сув транзити масаласида Ўзбекистон билан келишувга эриша олмаган Қирғизистон Сирдарё сувини тўсиб қўяётганини таъкидлади.

Тожикистонлик соҳа мутахассиси Абдуҳалим Сатторов ҳам Қозоғистон иддаолари мантиқсиз эканини билдирди.

“Қозоқлар қирғизлардан олаётган сув Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Дўстиқ канали орқали оқади. Аммо Тожикистон ўз ҳудудидан ўтмайдиган каналдан қандай қилиб сув ўзлаштириши мумкин?! Сўнгги йиллар минтақада сув тақсимотига оид можаро тобора сиёсийлашиб бормоқда, агар минтақа давлатлари бу баҳсларга чек қўйиб муросага келмаса, бу келишмовчиликлар қатор нохушликлар келтириб чиқариши мумкин”,- деди у.

Мустақил таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов эса совет даврида тузилган маълум схема бўйича минтақа сув захираларининг кўп қисмига эга бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон ён қўшнилар ўртасида сув тақсимотига оид янги концепциянинг имзоланишига қаршилик кўрсатиб келаётганини ва натижада сув масаласи атрофидаги баҳслар тобора кескинлашаётганини билдирди.

“Қозоғистон ўз далаларини сув билан таъминлаш ниятида Қирғизистондан тахминан 75 миллион киловатт соат электр энергияси сотиб олаётганидан хабаримиз бор. Бунинг эвазига Қирғизистон Қозоғистон учун қўшимча сув беради. Аммо Ўзбекистон бу борада қўшнилари, хусусан, Тожикистон билан ҳеч муроса қилишни истамайди”,- деди мустақил кузатувчи.

Соҳа мутахассиси Қурбон Кабутов эса айрим қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари минтақадаги камсувлик учун кўпинча Тожикистонни айблашини таъкидлар экан: “Тожикистон ҳудудининг атиги 7 фоизи экин майдонларидан иборат. Қолган 93 фоизи эса тоғликлар. Шу боис, минтақа сувининг 60 фоизи ихтиёрида бўлишига қарамай, Тожикистон бу сувнинг жуда кам қисмидан фойдаланади. Қўшниларнинг Тожикистонга қўяётган айблари асосиздир”,- деди.
XS
SM
MD
LG