Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:34

Обаманинг хорижга сафари якунланди


Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод бўлган Барак Обама бир неча кунлик хорижий сафари давомида давла раҳбарлари ва бошқа расмийлар билан учрашувлар ўтказди.

Барак Обама 26 июль куни Лондонда Яқин Шарқ бўйича вакил Тони Блэр ва Буюк Британия бош вазири Гордон Браун билан учрашди.

Сенатор Обама америкаликлар дуч келаётган ички муаммоларга ечим топишнинг энг мақбул йўли хориждаги иттифоқчилар билан ҳамкорлик эканини таъкидлаб, Европа ва Яқин Шарққа сафаридан шу мақсад кўзланганини айтди.

“Мен дуч келаётган ички муаммоларимизнинг аксарини хорижда кучли иттифоқчиларга эга бўлмай туриб самарали ҳал қила олмаслигимизга ишонаман. Ироқ ва Афғонистон муаммосини ҳал қилмас эканмиз, биз нафақат ўз хавфсизлигимизни таъминламаган бўламиз балки катта ресурсларни ҳам йўқотамиз”, – деди АҚШ сенатори.

Барак Обама агар АҚШда ноябрь ойида бўладиган президент сайловида ғолиб чиқса, президент лавозимини эгаллаганидан кейин Америка қўшинларини 16 ой ичида Ироқдан олиб чиқишга ваъда берган.

Обама АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга кўпроқ эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлишини яна бир карра таъкидлади:

“Мен Афғонистонда Америка аскарлари сони кўпайтирилиши таклифини аллақачон қўллаб-қувватлаганман. Менимча, бу ишга иттифоқчиларимиз ҳам хисса қўшса мақсадга мувофиқ бўлади. Менимча, биз охирига етказишимиз зарур бўлган ишларни тартиб билан бир чеккадан тугатишимиз керак. Мамлакатнинг айрим минтақаларида микротузилмани қайта тиклашимиз, бази минтақаларда биринчи марта микротузилма барпо этишимиз, президент Ҳомид Карзай бошчилигидаги ҳукуматнинг қудратини ошириш учун полиция кучларини тайёргарликдан ўтказиш лозим бўлади. Бу ишларни амалга ошириш учун катта маблағ сарфлаш талаб этилади”, – деди Б.Обама.

Айни пайтда сенатор Обама Афғонистон учун ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланишга чақириб: “Мақсадимизни амалга оширишимиз учун биз нафақат катта маблағ сарфлаяпмиз, балки сўнгги беш-олти йил давомида тўплаган тажрибамизга таяниб ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий-ижтимоий соҳалар учун ажратилаётган маблағлардан унумли фойдаланишни ҳам мувофиқлаштиряпмиз”, – деди.

Лондонга сафари чоғида Барак Обама Буюк Британия бош вазири Гордон Браун билан иқлим ўзгариши, терроризм ва молия бозорларида юзага келган беқарор вазият каби масалаларни ҳам муҳокама қилганини айтди.
XS
SM
MD
LG