Линклар

logo-print

Баҳром Ёқубов: Қийинчиликларга қарамай, ўзбек киноси ривожланиб боряпти

  • Абдулла Искандар

Кинони суратга олиш жараëнидан бир кадр.

Кинони суратга олиш жараëнидан бир кадр.

Кинони миллионлаб киши томоша қилади. Ана шу миллионлаб киши сотиб олган чиптадан келадиган маблағ кино саноатини ушлаб турувчи асосий омилдир.

Бозорда тарвузини сотиб бўлган деҳқон ëнбошлаволиб пулини санайди. Қанча даромад, қанча буромад қилганини чамалайди.

Киночилар ҳам шундай. Ҳолливуд санъаткорлари қанча маош олаëтгани ҳақида маълумотлар “Форбс” журналида эълон қилинди. “Мен афсонаман” (I am legend) фильмида ўйнаган актëр Уилл Смитнинг бир йилда олган пули 80 миллион долларни ташкил қилган. Бу энг кўп рақам.

Масалан, ўзбек қизлари ëқтирадиган актëр Леонардо де Каприонинг кинодан келадиган йиллик кирими 45 миллион долларни ташкил қилган. Ўзбекларда берарнинг олари бор, деган гап бор.

“Форбес” журналига кўра, Ҳолливуд артистларига сарфланган ҳар бир доллар ўн баробардан кўп фойда олиб келар экан. Масалан, “Ўргимчак одам” ролини ўйнаган артистга тўланган ҳар бир доллар 14 доллар даромад келтирган.

Хўш, Ўзбекистондачи? Ўзбекистонда бир доллар қанча доллар олиб келади? Ўзбекистонда актëрларга қанча пул тўланяпти? Биз бу саволни таниқли кинорежиссëр Баҳром Ëқубовга бердик.

Баҳром Ëқубов: Бизда ҳозир юлдуз актëрлар бор. Мен уларнинг нархини ҳам айтишим мумкин. Масалан, мен ҳозир юлдуз даражасига етди, деб ëш актëрлардан Улуғбек Қодировни, Фаррух Соиповни, Азиз Ражабовни айта оламан. Улар шу даражадаги машҳурликка етдики, томошабин уларни кўрганда атрофини ўраб олади. Даромад томонини гапирадиган бўлсак, сиз айтган ҳозирги нарх-наволар уларнинг тушига ҳам кирмаса керак. Очиғини айтиш мумкин, уларнинг оладигани арзимаган пул. Масалан, Улуғбек Қодировнинг даромади 2000-3000 доллардан ошмайди.

Озодлик: Бу йилигами ëки ойигами?

Баҳром Ëқубов: Бу битта фильмнинг ўзидан. Яъни ўртача 3 ойда.

Озодлик: Дейлик ўшанга 2000 доллар сарфладик. Ўзбекистонда бу ҳам ëмон пул эмас. Ўша пул сизга кинорежиссëр сифатида қанча пул қайтариб олиб келади?

Баҳром Ëқубов: Икки баробар қайтариб олиб келиши мумкин.

Озодлик: Яъни сарфланган 1 доллар 2 доллар бўлиб қайтиб келади...

Баҳром Ëқубов: Мумкин, унда ҳам фильм жуда ҳам омадли чиқса. Бизда 100 фоиз фильмдан 20 фоизи омад олиб келиши мумкин.

Озодлик: Кинолар қароқчилар қўлига тушади-да энди.

Баҳром Ëқубов: Агар қаттиқ назорат олиб борилмаса, дисклар бир ой ичида қароқчилар қўлига тушади ва бирпасда тарқаб кетади. Бу худди касалликка ўхшайди. Бундан даромаднинг кучи камаяди.

Озодлик: Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўзбек киноларининг машҳурлиги сизни жуда хурсанд қилса керак. Лекин улардан сизга бир сўм ҳам келмаса керак.

Баҳром Ëқубов: Йўқ, ҳеч қанақа даромад йўқ. Чунки у томонларга фақат қароқчилар орқали чиқиб кетиши мумкин. Биз орқали чиқса ҳам биз уни жуда паст нархда сота оламиз. “Сўғдиëна” фильмимизни, сиз кўрганмисиз ëки йўқми билмайман, Олмаотага борганимизда 1500 долларга сота олдик.

Озодлик: Бу намойиш қилиш ҳуқуқи учунми?

Баҳром Ëқубов: Ҳа, намойиш қилиш ҳуқуқини уларга берамиз.

Озодлик: Энди шунисига ҳам шукур. Олдинлари 2000 доллар олмайдиган халқ артистлари бор эди. Улар арзимаган пул олдим, деб айтарди.

Баҳром Ëқубов: Тўғри. Ҳозир бизда “халқ артисти” ëки хизмат кўрсатган артист” каби тушунча иккинчи даражага тушиб қолган. Ҳозир, асосан, юлдуз даражасига кўтарилган актëрлар бор. Айниқса, улар ëшлар ичида кўпроқ. Катта ëшдаги халқ артистлари арзимаган пулга суратга тушишга мажбур. Чунки ҳақиқатдан ҳам даромад кам. Битта фильмда 600-700 долларга тушади.

Озодлик: Артистлар, раққосалар ëки ҳофизлар ўз номини чиқариш учун текинга ҳам кинода суратга тушадими?

Баҳром Ëқубов: Ҳофизлар кўпинча текинга тушади. Чунки улар ўзларини реклама қилади. Уларнинг машҳурлиги яна ҳам ошади. Ҳофизлар киноларда, асосан, иккинчи ролда ўйнайди.

Озодлик: Россия кейинги 10 йил ичида мана шу касалликни даволашга улгурди. Мустақилликдан кейин уларда ҳам шу аҳвол бўлди. Бугун эса Россия фильмлари худди АҚШ фильмларидай даромад келтира бошлади.

Баҳром Ëқубов: Тўғри. тўғри. Россияда 10 йил олдин бўлган шароит ҳозир Ўзбекистонда бўляпти. Шунисига ҳам Худога шукур деймизки, фильмга қизиқиш катта бўлгани учун ҳам, қобилиятли йигитларимиз кўп бўлгани учун ҳам бизда кино ривожланиб боряпти. Халқимиз ўзи санъатга қизиқадиган халқ. Нима учундир даромадига ҳам қарамай, кино санъати ривож топди бизда.

Озодлик: Қадимги Римда: “Сизларга томоша керакми ëки нонми”, деб сўрашган экан. Ўшанда одамлар томоша, деган экан.

Баҳром Ëқубов: Худди шунақа бўляпти ҳозир. Кино соҳасида иқтисодий ҳолат яхши, деб айта олмайман. Чунки техника ва технологиямиз Россия даражасида эмас. Технология жуда ҳам паст. Масалан, компекгнолдджютер эффектларига ҳали бизнинг қурбимиз етмайди. Ҳозир унга шароитимиз ҳам йўқ,пулимиз ҳам йўқ. Яхши ният билан қараяпмиз энди.

Озодлик: Бозорга корейс ва турк сериаллари кириб келяпти. Булар сизларга рақобатдошми ëки бунинг аҳамияти йўқми?

Баҳром Ëқубов: Сериал жанрида мен ҳали бирорта тузукроқ сериал кўрганим йўқ. Бизда яхши сериаллар йўқ. Шунинг учун ҳеч қанақа рақобат йўқ. Ҳозир корейс ва турк сериаллари бизда жуда ҳам машҳур. Ўзбек сериаллари жуда ҳам саëз ва унга қизиқиш умуман йўқ, десам ҳам бўлади. Бизда сериал ишлайдиган маҳоратли режиссëрлар ҳали етишиб чиққани йўқ.
XS
SM
MD
LG