Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:43

Адиба Отаева: “Тошкентда кечган дамларим ҳаётимнинг энг маъсуд дамлари эди”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:55h0yMgXdlAsFM:http://resheto.ru/speaking/articles/svetlova.jpg “Давр менинг тақдиримда” дастурининг бу галги қаҳрамони ББС телевизион дастурининг ўзбек журналисти Адиба Отаевадир.

Суҳбатдошимиз 1972 йилда Урганч шаҳрида туғилган. Дунëга келган қизалоққа яхши ният билан ëзувчи бўлсин, дея Адиба деб исм қўйишди. Ëзувчи бўлмасам журналист бўларман, деган умид билан Адиба 1989 йилда мактабни тугатиб, Тошкент давлат университети журналистика факультетига ўқишга кирди. Ўқишни битиргач, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Интерньюс” ББС ўзбек хизматида ишлади. Ҳозир Адиба Буюк Британияда журналист бўлиб ишлайди.

“Мен кичкиналик пайтимда география ўқитувчимиз: “Мана бу дунë. Бу Европа, бу Америка, бу Австралия, бу Ўзбекистон”, деб кичкина бир нуқтани кўрсатган эди. Мен ўтириб: “Дунë нақадар катта бўлмаса. Бизлар унақа жойларга борамизми ëки йўқми”, деб ўйлаб бу ерларга келишни ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эдим. Урганчда катта бўлаëтган бошқа оддий қизларга ўхшаган қиз эдим. Одам эртага ҳаëти қанақа бўлишини ҳеч тасаввур қила олмайди. Харитада Европани, Буюк Британияни кўриб: “Британияга бораман, инглиз йигитига турмушга чиқаман, фарзандим ярим инглиз бўлади, ўзбекча гаплаша олмайди”, деб ўйламаган ҳам эдим. Фарзандим ўзбекча гапира олмайди, деб сиқиламан. Болам инглиз бўлиб кетяпти. Талаба пайтимда мен кўзга ташланмайдиган, оддий, сочи иккига бўлиниб ўрилган қиз эдим. Мен талаба бўлган пайтимда шим киймаганман. Шим кийган қизларни кўрсам: “Вой, қизлар ҳам шим кийишар экан”, деб юрадиган чеккадан келган қиз эдим”.

Адиба билан суҳбатлашар эканмиз, унинг “муҳит” деб аталмиш гирдоб чангалидан қутулиш учун баъзан жаҳд, баъзан жаҳл билан ҳаракат қилганини кўрамиз.

Адиба Отаева: Университетни битирганимдан кейин онам: “Уйга қайтиб кел. Турмушга чиқиб, фарзандли бўл. Бизнинг ҳаëтимиз шунақа бўлади”, дегандан кейин онамнинг гапига кириб бордим, яшадим. Ота-онамни хурсанд этишга ҳаракат қилдим. Лекин қўлимдан келмади. Ўша пайтда одамлар ҳаëт қандай бўлса, шунақа қабул қилиши жиғимга тегди. Одамларнинг ҳеч қачон: “Йўқ, бу менга ëқмайди. Бу нотўғри. Ота-онанинг фарзандни ҳаддан ташқари кўп назорат қилиб туриши нотўғри. Аëл кишининг ўзидан сўрамай, турмушга бериш нотўғри”, деган фикрлари бўлмагани жаҳлимни чиқарди. Ўзбек жамиятида қанақадир эркин фикрлаш йўқ, ҳамма нарса чекланиб қолгандай. Отамиз бир нарса деса хўп деймиз. Тўғри ота-онани ҳурмат қилиш керак, лекин шу билан бирга ўзимиз ҳам фикрлашимиз керак.Эркин фикрлаш бўлса жамиятда ўсиш бўлади. Мен уйимга қайтиб келсам ҳамма телевизорда фақат Бразилия киносини кўришади.Узоқ юртдаги одамларни ишқий ҳаëти¸муҳаббати ҳақидаги киноларни кўришади. Мен бундан ўзимни чекланиб қолгандай ҳис қилганим учун биринчи мен бу исëнни кўтардим. .

Озодлик: Биринчи манзил Тошкент бўлди. Демак Тошкент хотираларига тўхталсак энди.

Адиба Отаева: Тошкентдаги пайтларим энг чиройли пайтларимдан бириси бўлса керак. Чунки мен ўша пайтда эркинлик, ҳаëтимда маъно излаб юрган инсон эдим.

Озодлик: Ҳаëтнинг маъносини рассомлар орасидан изладингАдиба Отаева.

Адиба Отаева: Рассомлар, санъаткорлар болани боғчага олиб бориш, идиш-товоқ ювиш, бозорга бориб кийим олиш каби оддий ишлардан баландда бўлади. Уларнинг қобилиятлари мени жалб қиларди. Улар умуман бир бошқача дунëда яшашади. Яқинда бир-иккита яқин дўст бўлган рассомлар билан гаплашиб қолдим. Дўстинг неча ëшда, десам: “Мен унинг ëшини билмайман. Биз бунақа нарсалар ҳақида гаплашмаймиз”, деди.

Агар Ўзбекистон замонавий журналистика тарихи ëзиладиган бўлса, албатта, мамлакатдаги илк мустақил телевизион хабарлар дастури ҳақида ҳам эсланади. Халқаро “Интерньюс” ташкилоти кўмагида 1996 йилда ҳозирланган “Замон” ахборот дастурининг илк сонига бошловчилик қилиш Адиба Отаевага насиб қилди.

Адиба Отаева: Журналист сифатида ўзимни ҳеч қачон кўрмаганман ва кўрмайман ҳам.

Озодлик: Йўқ, биринчи журналист деяëтганимиз йўқ. “Замон” ахборот дастури воқеа ўлароқ, биринчи бўлди. Бунда тасодиф деймизми, бахт деймизми, Адиба Отаева биринчи кадрда пайдо бўлди.

Адиба Отаева: “Замон” дастури мен учун журналист сифатида эркинликка бўлган эшикнинг очилиши эди. Ундан олдин мен ҳукумат ахборот агентликларида ишлаб кўрганман. У ерда эркинликнинг йўқлигидан ҳар доим қийналганман. Шу дастурни қилиш биз учун катта иш бўлган.

Адиба Отаева ҳаëтига назар солсак, зинапоядан тепага чиқаëтган бир қизалоқ расми хаëлимизда гавдаланади. Адиба “Замон” ахборот дастури йўлга тушиб кетганидан кейин ББС ўзбек хизматининг Тошкентдаги идорасига ишга кирди. Тошкент марказидаги осуда кўча ичидаги чоғроқ ҳовлида кечган даврим умримнинг энг масъуд дамлари эди, деб эслайди Адиба.

Адиба Отаева: Шу билан бирга оғир вақтларимдан бириси эди. Мен ҳозир ҳам бир томондан шу замоннинг қайтиб келишини орзу қиламан. Чунки одамлар билан гаплашиб, интервью олиб, оддий бир ахборот тўплаб, шу ахборотни радиога бериш менинг энг яхши кўрган ишларимдан биттаси. Лекин шу билан бирга мен шу йиллар давомида оддий одамлар қийналаëтганларини, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмай судга, прокуратурага юришини кўрдим. Кейин баъзи бир ота-оналар менинг ëнимга келиб диний сабаблар билан қамоққа тушгани, қийналаëтганлари ҳақида менга айтиб беришарди. Бир тарафдан яхши вақтлар, иккинчи томондан эса қанақадир эзилиб кетган вақтларим эди. Шу йилларда мен Ўзбекистондаги ҳаëт қандайлигини аниқ кўра олдим. Қийинчиликлар ҳам бўлган. Милиция офицерини бошини олиб кетишганида Наманганга борган эдим. Ëш пайтимдан Ўзбекистонда бир нарса жаҳлимни чиқариб келган. Бу агар сен оддий шофëр бўлсанг, деҳқон бўлсанг, сени ҳамма ҳақорат қилиши мумкин. Масалан қишлоқ раиси ҳақорат қилиши мумкин ëки кўчадаги оддий бир милиция ҳақорат қилиши мумкин. Менинг эсимда бор. Қўқонга борганимда бир таксини ëлладим ва Наманганга кетдим. Йўлда бизни милиция тўхтатди ва таксистга :“Сен солиғингни тўламабсан. Сенда у йўқ, сенда бу йўқ, деб бақира бошлади. Бечора таксист бошини ерга қаратиб турди. Кейин мен чиқиб :“Нима бўлаяпти?” десам: “Мана бу киши солиғини тўламасдан машина ҳайдаб юрибди”, деди. Мен милициядан солиқни тўламаганини қаердан билганлигини сўрадим. Мана машинасида қоғоз бўлиши керак. Шу қоғоз йўқ. Машинасига ëпиштирилмаган, деди милиция. Кейин мен сизни ҳам машинангизни кўрайлик, дедим. Қарасам, унинг машинасида ҳам йўқ экан. Кейин мен уни нимага сиз милиция бўлатуриб,¸ўзингиз солиқ тўламасдан туриб буни оддий ҳайдиовчидан талаб қилаяпсиз, дедим. У қўрқиб кетиб: “Боринг, боринг, сиз кетинг. Ҳайдовчингизни ҳам олиб кетинг” деди. Мен бу билан айтмоқчиманки, одамлар ўзлари катта хатоларни қилишади¸,қонунларни бузишади лекин мени амалим бор¸пастдаги одамлардан талаб қила деб бечора одамларни қийнашади.Шу нарса ҳар доим мени жаҳлимни чиқариб келган.Мен ҳаëтда нимагаки эришган бўлсам ҳаммаси Ўзбекистондаги оддий инсонларга бўлган ноинсофликдан мени жаҳлим чиққани туфайли қилган бўлсам керак деб биламан”.

Адиба эслаëтган дамларда Ўзбекистонда нисбатан бўлса ҳам эркинлик аломатлари бор эди. Аммо 1999 йил февраль ойида расмий Тошкент уюштирганлиги айтилган портлашлар Ўзбекистондаги вазиятни ëмон тарафга ўзгартирди. Бу орада Адиба Отаева ўз фаолиятини Лондонда ББС жаҳон хизматида давом эттирди. Аммо ëмғирлардан чарчаган шаҳар саҳро ëқасидаги серқуëш воҳада туғилган қизни ҳам чарчатиб қўйди.

Адиба Отаева: “Мен Англияга келган пайтимда мен бу мамлакатда кўп тура олмайман, Ўзбекистонга қайтиб кетаман, деб келганман. Чунки бу ернинг иқлими менга тўғри келмайди. Мен бу ерда бир ой яшаб депрессияга тушиб қолдим. Мен нимага бунақа депрессиядаман, деб ўйлаб кўрсам қуëш йўқ. Мен Тошкентдан октябрда келганман. Бу ерда ҳар доим булут, ҳар кун ëмғир ëғади. Бу ерда қолиб турмушга чиқиб фарзандли бўламан , деб ҳеч ўйламаган эдим. Агар мен Ўзбекистондан ўзимга оиламни боқа оладиган иш топа олсам, у ерда ўзимни эркин ҳис қила олсам, яхши яшай олсам, қайтиб кетган бўлардим.

Британиянинг туманли ҳавози ўзгармади, аммо Адибанинг ҳаëтида ўзгариш бўлди. Адиба бир инглиз йигитига турмушга чиқди. Қандай бўлди бу севги ҳикояси, деб сўраймиз Адибадан.

Адиба Отаева: Унақа катта бир севги ҳикояси йўқ. Чунки мен 30 ëшга кирганимдан кейин онам: “Турмушга чиқиб энди фарзандли бўл”, дегандан кейин бўлди булар. Мен, албатта, бу шахсий фикрим, севги, романтика деган нарсаларга ишониб ҳам ëтмайман. Ҳаëтда адолат муҳим. Турмуш ўртоғингни ҳурмат қилишинг керак, севги келади, кетади.Лекин агар сен вафодор бўлсанг, яхши кўрсанг бу нарсалар доимо давом этадиган нарсалар. Ўлдим, қолдим, муҳаббат деган нарсалар келади ва кетади. Бу нарсаларни одам ëши катта бўлган сайин тушунар экан. Мен ҳаëтга жиддий қарай бошладим ва бир яхши инсонни учратганимдан кейин...

Озодлик: Исмлари нима?

Адиба Отаева: Унинг исми сал қийинроқ исм. Шунинг учун ота-онам уни Матин деб чақиришади.

Озодлик: Касб-кори нима?

Адиба Отаева: Аслида мусиқачи. Лекин ҳозир университетда дарс беради. Эркин фикрлаш бўйича дарс беради. Бу ерда шунақа дарс бор. Яна бастакорлик бўйича дарс беради. Ўзи ҳам кўп иш қилади.

Озодлик: Ҳозир ўғлингизни овози эшитиляпти.У ҳақда ҳам гапиринг.

Адиба Отаева: Менинг ўғлимниен туғилиши энг чиройли вақтларим.

Озодлик: Ўғлингизнинг исми нима?

Адиба Отаева: Исми Жамолиддин. Ўзбекчани яхши тушунади. Кўзлари МОликларни кўзи. Бодом кўз. Худога шукур, чиройли бола. Нима дейишим мумкин. Мени ҳаëтим оддий бир ҳаëт.

Озодлик:Сиз ўз ҳаëтингизни фарзандингизга раво кўрармидингиз?

Адиба Отаева:Менимча, менинг ҳаëтим жуда ҳам чиройли бўлган. Айниқса, болалик пайтларим. Буюк Британияда, биласизми, қариндош-уруғчилик¸ холамизникига борайлик¸поччамизни боласи билан ўйнаб келайлик, деган нарсалар йўқ. Бу ерда одамларнинг ҳаëти ëлғиз. Менинг болам ҳозир таътилда. У билан ўйнайдиган на бир қариндошларимиз бор, на бир қариндошларимизнинг болалари бор. У ëлғиз. Мен боламни 1-2 соат ўйнатиб келиш учун махсус жойларга олиб бориб келишим керак. Ўзбекистонда эса кўчада мазза қилиб ўйнардик. Болалар кўп эди. Бизнинг болалигимиз чиройли ўтгани туфайли боламни шунақа жойда катта бўлишини хоҳлардим.
XS
SM
MD
LG