Линклар

logo-print

Сиёсий маҳбуслар сони камаяётгани йўқ


Қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси кейинги уч йил давомида Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар сони 70 нафарга етгани ҳақида баёнот тарқатди.

Уюшма ўз баёнотида Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон, Рашид Бекжон, Дилмурод Муҳитдинов, Санжар Умаров каби сиёсий маҳбуслар қийноққа солингани тўғрисида ҳам маълумот берган. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқ ҳимоячилари Европа Иттифоқига Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган мулоқотни янгича йўналишга солишни тавсия этади.

Уюшма баёнотида Ўзбекистонда исталган шаклдаги танқид ёки тинч қаршилик учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкинлиги таъкидланади.

Баёнотда айтилишича, расман бундай шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, товламачилик, жамоат ва давлат хавфсизлиги ҳамда барқарорлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш каби айбловлар қўйилади.

“Ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар, сиёсий мухолифат ва диндорлар мана шундай айбловларга дучор қилиниши мумкин бўлган шахслардир”,- дейилади баёнотда.

“Ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида 70 нафар сиёсий маҳбус бор. Энг кўп қамашлар 2000 йилда амалга оширилган. Ундан кейинги динамика эса мана бундай: маҳбусларнинг муайян қисми озод этилади ва уларнинг ўрнига худди шунча миқдордаги одам қамалади. Бу ўринда сиёсий маҳбуслар рўйхати озаймайди, балки янгиланади, холос”, - дейди ташкилот раҳбари Надежда Отаева.

Расмий Тошкент мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини рад этиб келмоқда. Н.Отаева сиёсий маҳбуслар экстремистик айбловлар билан қамалаётгани учун ҳам мана шундай вазият юзага келгани, Ғарб давлатлари бундан яхши хабардорлиги ва инсон ҳуқуқлари борасидаги музокараларда бу мавзуга алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини билдирди.

“Бироқ ташкилотимизни Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар ҳақида ЕИда мавжуд бўлган рўйхат қониқтирмайди. Чунки бу рўйхат фақат ҳуқуқ ҳимоячиларидангина иборат. Қамоқдаги мустақил журналистлар, мухолифат вакиллари бу рўйхатга киритилмаган. Шу сабабли биз мана шу рўйхатга аниқлик киритиш ва ЕИнинг бу борада Ўзбекистон билан олиб бораётган музокараларини янги йўналишга солишни таклиф этаётирмиз”,- деди Надежда Отаева.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков сўзларига кўра, қамоқхоналарда сиёсий маҳбусларнинг барчасига ҳам қийноқлар қўлланилмайди. Қийноқлар фақат айрим муросасиз сиёсий маҳбусларга нисбатан ишлатилади.

“Сиëсий маҳбусларга юқоридан бир нарсалар келиб турсагина қийноқлар давом этиши мумкин. Ҳозир, дейлик, Юсуф Жума ва унинг ўғилларига қийноқлар бўлаëтган бўлиши мумкин. Умуман олганда сиëсий маҳбусларга маъмуриятнинг айрим қўполликлари бўлмаса, қийноқларга ҳаракат бўлмаса керак, деб ўйлайман. Зўр оташинлик билан президентга қарши айтган сўзлари учун Юсуф Жума алоҳида жазоланиб, алоҳида қийноқларга дучор бўлиши мумкин”,- деди Ёдгор Турлибеков.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳбуслар борлигини рад этгани каби мамлакатда қийноқлар қўлланилишини ҳам қатъиян инкор этиб келмоқда.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина расмий Тошкентнинг бундай инкорларига қарамай, халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни қийноқлар мунтазам қўлланиладиган давлатлар қаторига киритганини айтади. Халқаро қонунларга мувофиқ, қийноқ қўлловчи давлатга бу давлатдан қочиб чиққан ва қидирувда бўлган шахсларни топшириш тақиқланади. Шунга қарамай, Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар бу меъёрга амал қилмаётир ва бу билан Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар сони кўпайишига ҳисса қўшаётир.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида имзоланган ҳужжатда оққа қора билан айирмачилик, террорчилик, экстремистликда айбланган шахсларга бошпана бермаслик, уларни қидирувдаги давлатга қайтариш тўғрисида ёзиб қўйилган. Ўзбекистон ҳукумати бу айбловларни қўйиб қидирув эълон қилган одамларнинг аксарияти сиёсий мухолифат аъзоларидир. Қўшни давлатлар бу шартнома доирасида бир неча қочқинни Ўзбекистонга топшириб, бу билан мамлакатда сиёсий маҳбуслар сони кўпайишига ҳисса қўшди”,- деди Елена Рябинина.

Надежда Отаева эса мана шундай шароитда ЕИ ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистон билан музокараларда кўнгилчанлик қилаётганини гапирди.

“Сиёсий маҳбуслар борасидаги музокараларга қатъийлик ва янги йўналиш бериш лозим. Бунинг учун, энг аввало, сиёсий маҳбуслар рўйхатини янгилаш, уларга ҳуқуқ ҳимоячиларидан ташқари қамоқдаги мустақил журналистлар ва муҳолифат вакилларини ҳам киритиш зарур”,- деди Надежда Отаева.
XS
SM
MD
LG