Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:11

Бағдодда худкуш аёллар ҳужум уюштирди


Аваз Алиев Бағдодда худкуш аёллар томонидан содир этилган учта портлашда камида 24 киши нобуд бўлди. Бу ҳужумда диний маросимда қатнашиш учун пойтахтдаги заёратгоҳга тўпланаётган фуқаролар нишонга олинди.

Шу куннинг ўзида Киркук шаҳрида ҳам ҳукумат қарорига қарши норозилик акцияси ўтказаётган оломон жангарилар томонидан нишонга олинди. Бу ерда содир этилган портлашда камида 10 киши нобуд бўлди.

Бағдод ва Киркукдаги портлашлар сўнгги ойлар давомида Ироқда хавфсизлик масаласи анча яхшиланди деб эътироф этилаётган пайтга тўғри келди. Ироқ полицияси пойтахтда уч аёл томонидан содир этилган портлашларда 70дан зиёд фуқаро тан жароҳати олганини билдирди.

Бу портлашларда пойтахт шимолида жойлашган Кадҳимия зиёратгоҳига диний маросим учун тўпланаётган шиа зиёратчилари нишонга олинган.
VIII асрда яшаган имом Мусо ал-Кадҳимни хотирасига бағишланган бу маросим сешанба кунгача давом этади. Айни шу куни бу ерга бир миллиондан зиёд зиёратчи келиши тахмин қилинмоқда.

Ироқлик журналист Одил Маҳмуднинг сўзларига кўра, портлашларга қарамай, кўплаб шиа зиёратчилари шаҳарга оқиб келмоқда.

“Муса ал-Кадҳим зиёратгоҳига келаётган одамларнинг сони камайгани йўқ. Зиёратчилар бу каби хуружларга ўрганиб ҳам қолган. Фикримча, бундай хуружлар уларни ортга қайтара олмайди. Умуман олиб қараганда, портлашлар ироқликлар учун оддий ҳолга айланиб қолган”,- деди журналист.

Ўтмишда ҳам Ироқда ўтказилган динний маросимлар бир неча бор жангарилар томонидан нишонга олинган эди. Айни пайтда ҳукумат ҳам бу каби хуружлар олдини олиш мақсадида барча имкониятларни ишга солиб келмоқда.

Маълум бўлишича, хавфсизлик кучлари Кадҳамия зиёратгоҳи атрофига 200дан зиёд кўнгилли аёлни сафарбар қилган. Уларнинг асосий вазифаларидан бири эса зиёратгоҳга келаётган аёлларни текширишдан иборат. Боиси, жангарилар сўнгги пайтда худкуш аёллар ёрдамида ўз хуружларини амалга ошириб келмоқда. Бу галги портлашлар ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Ўтган ҳафтада ҳам Бақуба шаҳрида худкуш аёл томонидан содир этилган портлашда саккиз киши нобуд бўлган эди.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўзида худкуш аёллар Ироқ ҳудудида камида 20 маротаба ҳужум содир этган.
XS
SM
MD
LG